Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотлар истиқболлари муҳокама қилинди

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотлар истиқболлари муҳокама қилинди


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида «Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масаласидаги амалий ва фундаментал илмий тадқиқотларни фаоллаштиришда илмий мувофиқлаштириш кенгашларининг ўрнини кучайтириш» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий мувофиқлаштириш кенгаши ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти Мувофиқлаштириш кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва халқаро муносабатлар давлат институти (университети) ва Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти олимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов йиғилишни очар экан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари замонавий ҳуқуқшуносликнинг энг асосий соҳаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Айни соҳадаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистонда ҳуқуқшуносликни ривожлантиришнинг етакчи йўналишларидан ҳисобланади, деб таъкидлади академик А.Саидов. Кейинги йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиётини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори М.Турғунов ушбу илмий муассасанинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди. Давлат ва ҳуқуқ институтининг Ўзбекистон юридик фанини такомиллаштириш соҳасидаги фаолияти хусусида қисқача ахборот берди.

Шунингдек, тадбирда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва халқаро муносабатлар давлат институти (университети) профессори, юридик фанлар доктори Марк Энтин «Инсон ҳуқуқлари бўйича Евроосиё конвенциясини имзолаш: қаршилар ва тарафдорлар» мавзусида маъруза қилди. Маъруза тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

М.Энтин Москва халқаро муносабатлар давлат институти (университети) битирувчиси бўлиб, кўп йиллар Россия Фанлар академияси ва Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, 2012-2016 йилларда Люксембургда Россия элчиси бўлган. Ҳозирги вақтда бир қатор илмий кенгашларда фаолият юритади, Халқаро ҳуқуқ бўйича 600 дан ортиқ илмий мақола муаллифи ҳисобланади.

Йиғилишда, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўзининг илмий-таҳлилий фикр-мулоҳазалари билан қатнашди.

Шунингдек, Давлат ва ҳуқуқ институти директорининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор А.Тўлаганов, илмий ходимлар Р.Ҳакимов, Р.Назаров, Ж.Нематов, Я.Квитков ва бошқалар савол ҳамда мулоҳазалари билан иштирок этди. Онлайн чиқишлар билан вилоятлардан вакиллар, жумладан, Қорақалпоғистон, Термиз, Самарқанд, Наманган давлат университетлари юридик факультетлари деканлари ҳам қатнашди.

Тадбир сўнгида академик А.Саидов Ўзбекистон ва Россия олимлари ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганини эътироф этди. Ушбу ибратли анъана бундан кейин ҳам давом этишига ва ўзининг муҳим самараларини беришига ишонч билдирилди.



«    Июнь 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930