Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституция - мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати

Конституция - мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати


2023 йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Ўзбeкистон Рeспубликаси янги таҳрирдаги Конституцияси - мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида  халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби,  Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа юридик таълим муассасалари вакиллари, адвокатлар, марказ профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, хорижий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Юристлармалакасини ошириш маркази директори в.б. Шакир Саидов,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  Коррупцияга қарши курашиш ва  суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Конференцияда – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов - “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари”, Қозоғистон-Америка  университети “Ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар” кафедраси доценти, ҳуқуқ магистри (Қозоғистон) Савелий Мужчиль – “Қозоғистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базаси”, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор Ниғмонжон Азизов –“Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида ижтимоий давлат тўғрисидаги ғояларнинг ифодаланиши”, Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти, юридик фанлар номзоди Серикбек Муратаев – “Янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари”, Юристлар малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси докторанти Шоҳжаҳон Жумаев - “Прокуратура органларининг конституциявий-ҳуқуқий асослари ҳамда прокурор текширувларини қонун ҳужжатларида тартибга солиш масалалари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Анжуманда таъкидланганидек, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатимизнинг ҳуқуқий сиёсатидаги туб сифат ўзгаришларини ўзига акс эттирди. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият деб эълон қилинди. Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда тўлиқ ва изчил мустаҳкамлаб қўйилибгина қолмай, балки уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш учун зарур механизмлар яратилган холда кафолатланди.

Профессор Фозилжон Отахонов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  нормаларини судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллашнинг ҳуқуқий асослари, тартиби ва аҳамияти тўғрисида батафсил тўхталди.  Хусусан, маърузада таъкидлангандек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди ва одил судлов билан таъминланади. 

Конституцияда мустаҳкамланган ушбу конституциявий қоида ҳамда ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолати суднинг жамият ва давлатдаги ўта муҳим ўрнини белгилайди ва шу билан бирга унга инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминловчи қонунларни тўғри қўллашда алоҳида масъулият юклайди. 

Янги Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устунлиги сўзсиз тан олиниши, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги судлар томонидан унинг моддаларини аниқ ишларни кўриб чиқишда тўғридан-тўғри қўллаш лозимлигини англатади.

Чунки суднинг асосий вазифалари инсоннинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Конференция иштирокчилари маърузаларда долзарб мавзулар ёритилганини қайд қилган ҳолда Конституция нормаларини ҳаётга тадбиқ қилиш учун аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, унда белгиланган асосий ҳуқуқ ва эркинликлардан самарали фойдаланиш, қонунларни Конституцияга мувофиқлаштириш ишларини жадаллаш-тириш, судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш амалиётини умумлаштириш ва кенг тарғиб қилиш лозимлиги тўғрисида фикр-мулоҳазаларни билдирдилар. 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930