Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистонда ҳуқуқ ривожининг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистонда ҳуқуқ ривожининг ўзига хос хусусиятлари


  Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, юридик фанлар доктори, профессор Ҳалим Бобоев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган илмий-амалий конференция шу мавзуга бағишланди. 

  Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, фахрий ҳуқуқшунослар, талабалар, Ҳалим Бобоевнинг шогирдлари ва яқинлари иштирок этди. 

  Анжуман фахрий меҳмонлари қаторида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов қатнашди.

  | Маълумот учун: Бобоев Ҳалим Бобоевич – 1942 йилда Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. 1965–1970 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) юридик факультетида таҳсил олган. Қарийб 60 йилдан буён юридик таълим соҳасида фаолият олиб келмоқда. 

  Ҳ.Бобоев 1975 йилда “Алишер Навоийнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари” мавзусида юридик фанлар номзоди илмий даражасини олиш учун, 1993 йилда эса “Ўзбекистонда XIV-XV асрларда сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар” мавзусида докторлик диссертасиясини муваффақиятли ҳимоя қилган. 

  1999 йилда Ўзбекистон Республикаси фан арбоби фахрий унвонига сазовор бўлган. 

  Ҳалим Бобоев 8 та дарслик, 16 та ўқув қўлланма, 7 та монография, 10 та рисола ва 100 га яқин илмий мақолалар муаллифи. | 

  Тадбир Ҳалим Бобоевнинг ҳаёт йўли ва тажрибаларини ўрганиш, унинг илмий меросини тадқиқ этиш ва бўлғуси юристларга етказиш, мамлакатимизда ҳуқуқ соҳасининг ривожи, босқичлари ва бу соҳадаги изланишлар, тадқиқотлар, шу жумладан, устоз-юристнинг фаолияти хусусида аҳолига, айниқса, ёшларга маълумот бериш имконияти яратилгани билан ҳам янада аҳамиятли бўлди. 

Даставвал Адлия вазири Русланбек Давлетов, Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Ташкулов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрий ҳуқуқшунос олимлар устозни самимий қутладилар. 

  Тадбири давомида Ҳалим Бобоев ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Конференциянинг иккинчи қисмида “Ҳалимбой Бобоевнинг Марказий Осиё мутафаккирлари сиёсий-ҳуқуқий таълимотларини ўрганишга қўшган ҳиссаси ва ҳозирги даврдаги муаммоларни ҳал қилишдаги ўрни”, “Маъмурий ҳуқуқнинг долзарб муаммолари”, “Ўзбекистонда ҳуқуқ ривожининг айрим муаммолари”, “Адолатли, илмли ва таҳлилий қобилиятли ҳуқуқшунос ёшлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари”, “Ҳуқуқшунослик илми ривожи – мамлакат тараққиёти кафили” мавзуларида маърузалар тингланди. 

  Муҳокамаларда мавзулар юзасидан фикр алмашилди. Якунида илмий-амалий конференция тавсиялари ишлаб чиқилди. 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930