Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

“Аксилкоррупция лабораторияси”да ўтказилган иккита тадқиқот натижалари эълон қилинди

“Аксилкоррупция лабораторияси”да ўтказилган иккита тадқиқот натижалари эълон қилинди


9 февраль куни Тошкент шаҳрида “Юксалиш” ҳаракатининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси доирасида ўтказилган иккита тадқиқот натижалари тақдимот қилинди.

Тадқиқотларнинг бирида олий таълим талабалари билимларини баҳолашдаги, иккинчисида акушерлик хизматларини кўрсатишдаги ноҳалоллик ва коррупциявий хавфлар ўрганилди.

Талабаларнинг академик ўзлаштиришини баҳолашда коррупция хавфи ва уларнинг омилларини аниқлашга ҳаракат қилинган тадқиқотга республикамизнинг 14 та шаҳридаги 16 та олий таълим муассасалари қамраб олинди. Ўрганиш доирасида ижтимоий сўровлар ва интервьюлар ташкил қилинди. Уларга турли гуруҳ респондентлар – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, ОТМ ректорлари, проректорлари, деканлар, ўқув бўлими, комплаенс-назорат ва таълим сифати назорати бўлими бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, жами 200 га яқин киши жалб этилди.   

Норматив-ҳуқуқий база таҳлили ва ижтимоий сўровларнинг дастлабки натижалари соҳадаги мавжуд ахборот тизимлари мукаммал ишлаб чиқилмаганини, коррупцияга қарши курашиш чоралари ҳақида хабардорлик тўлақонли эмаслигини, тизимдаги  айрим тартиблар ўз самарасини йўқотганлигини ва соҳада коррупция хавфи омиллари борлигини кўрсатди.

Ўзбекистонда талабаларнинг академик ўзлаштириши таълим шаклидан қатъи назар, вазирлик томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида узлуксиз, оралиқ ва якуний назорат имтиҳонлари орқали баҳоланади.

Якуний имтиҳон жараёнларини муайян талабаларга дарс бермайдиган педагоглар томонидан ўтказилиши коррупция хавфини камайтиришга қаратилган қадамлардан биридир. Бироқ талабалар билимини баҳолашда баъзи камчиликлар сақланиб қолмоқда. Жумладан:

  • HEMIS ахборот тизимида (2020 йилдан Ўзбекистон ОТМларида қўлланила бошлади) ўқитувчи томонидан киритилган шахсга доир маълумот деканат ҳамда талабалар учун очиқ. Демак, тизимдаги маълумотларни учинчи шахснинг ҳам кўра олиши ва унга ўзгартиришлар кирита олиши эҳтимоли бор. Шунингдек, мазкур тизимнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси тасдиқланмаган, вазифалари аниқ қилиб белгиланмаган;
  • Педагогик жамоада ҳам, талабалар орасида ҳам баҳолар фақат билим, иқтидор/қобилиятга қараб белгиланмайди ва баҳоларни манипуляция қилиш ҳеч кимга бевосита зарар етказмаслигига ишонч мавжуд;
  • Талабаларнинг юқори миқдордаги стипендияга қизиқиши оралиқ имтиҳонларни топширишда коррупциявий хатти-ҳаракатлар қилишга сабаб бўлмоқда;
  • Олий таълимда кредит-модул тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги ва ушбу фаолиятни тартибга солувчи қонуности ҳужжатларининг йўқлиги сабабли, ҳар бир ОТМ бу тизимни ташкил қилишга ўз имкониятлари ва ваколатларидан келиб чиқиб ёндашмоқда;
  • Аксарият ОТМларда ва умуман республикада талабаларнинг мустақил ишларини плагиатликка текширувчи ахборот базаси йўқлиги Интернет-плагиатликни келтириб чиқармоқда. Плагиатлик талабалар ва педагоглар орасида тизимли ва нормал ҳолатга айланиб қолган. Плагиатликни текширувчи платформа яратилган, у тижорий асосда ишлайди, шу боис барча университетлар учун ҳамёнбоп эмас. Шунингдек, фақат докторантлар (мақолалар ва илмий ишларни текшириш) учун амал қилади, рус ва инглиз тилларидаги контент деярли плагиатлик учун текширилмайди. Бу ҳам талабалар билимини баҳолашга нисбатан ноҳалол муносабатда бўлиш хавфини келтириб чиқармоқда.

Сўровномада иштирок этган респондентларнинг 74,4 %и талабаларнинг билимини баҳолашда ўқитувчиларга таъсир ўтказиш ҳолати бор, деб ҳисоблайди. Респондентлар фикрича, кенг тарқалган коррупция хавфлари қуйидагилар:

  • Қўйилган баҳони ўзгартириш мақсадида талабалар томонидан ўқитувчига босим ўтказилиши (27,88 %)
  • Юқори баҳо олиш мақсадида талабаларнинг ўқитувчиларга совға ва мукофотлар таклиф қилиши (16,03%)
  • ОТМ маъмурияти HEMIS тизимидаги ўқитувчиларнинг шахсий кабинетига кириш ҳуқуқига эга бўлиб, баҳоларни ўзгартириши мумкинлиги (10,00%)
  • Талабанинг дарсда қатнашмаслиги (9,45%)
  • Талаба сохта тиббий маълумотномалар тақдим қилиши (8,33%).

Талаба-респондентларнинг 27,8 %и баҳони ўзгартиришга совға бериш (38,9 %), университетга нарса-буюм олиб бериш (16,7%), пул бериш (5,6 %) орқали таъсир қилиш мумкинлигини айтган.

Шу билан бирга, сўралган педагогларнинг 72,2 %и қўйилган баҳони норасмий тўлов эвазига ўзгартирмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, сўралганларнинг 19,3 %и коррупцияга қарши курашиш чоралари ҳақида тўлиқ хабардор эмаслиги ва ўқув муассасаларида коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида хабар бериш механизмининг йўқлиги ҳамда 22,8 %и педагогларнинг иш ҳақи пастлиги ҳам коррупция хавфи омилларидан бири эканини қайд этган.

“Акушерлик хизматларини кўрсатишда ноҳалоллик ва коррупция хавфлари” мавзуидаги тадқиқот

Тадқиқотга республикамизнинг 7 та ҳудудидаги (Тошкент, Сирдарё, Фарғона, Қашқадарё, Навоий вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси) 21 та туғруқхона қамраб олинди. Ўрганиш доирасида ижтимоий сўровлар ва интервьюлар ташкил қилинди. Уларга турли гуруҳ респондентлар – Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, туғруқхоналар бош шифокорлари, акушер-гинекологлар, неонатологлар, анестезиолог-реаниматологлар, терапевтлар, акушер ва ҳамширалар, туғруқдаги аёллар ва уларнинг қариндошлари, жами 400 га яқин киши жалб этилди. 

Айтиш жоиз, республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида муайян натижаларга эришилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қатор мақсадли миллий дастурлар амалга оширилди. Болаларнинг ирсий ва туғма касалликлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида республика ва ҳудудий скрининг марказлари ташкил этилди.

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепцияда кўзда тутилган ислоҳотлар босқичлари замонавий молиялаштириш тизимига ўтишни, бунда мажбурий тиббий суғуртага ва харажатларга асосланган, тиббий хизмат кўрсатишнинг реал нархига боғланган ҳамда коррупциянинг олдини олишга катта таъсир кўрсатадиган бошқа кўплаб қадамларни ташлашни кўзда тутади. Концепцияни амалга ошириш бўйича баъзи ишлар, жумладан, айрим ҳудудларда тиббий суғуртани синовдан ўтказиш бошланган бўлса-да, унинг натижалари етарлича ҳужжатлаштирилмаган ва айрим чора-тадбирлар (масалан, Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ кодекси) тўғри йўлга қўйилмаган.

Бугун республикада 14 та мустақил ва туғруқхоналар таркибида ташкил этилган 46 та перинатал марказ бор. Ҳаёт учун хавфли қатор жиддий асоратлар ёки шароитлардан азият чекаётган ёки мавжуд даволаш стандартлари ёки протоколлари билан қамраб олинмаган аёллар, шунингдек, муддатидан олдин туғилган ёки жиддий касаллиги бўлган чақалоқлар перинатал марказларига йўналтирилади.

“Аксилкоррупция лабораторияси”нинг мазкур тадқиқотида акушерлик ёрдамини кўрсатишда (бола туғилиши жараёнига алоҳида урғу берилган ҳолда) коррупция хавфи омилларини аниқлашга ҳаракат қилинди.

Йиллар мобайнида акушерлик (айниқса, туғруқ) хизматлари учун норасмий тўловлар тизимли эканлиги ҳақида маълум даражада консенсус мавжуд. Масалан, ҳомиладорлар туғруқ пайтида акушерлик хизматларини олиш ҳуқуқига эга, бироқ норасмий тўловни ташкил этувчи “суюнчи пули”, том таънода, мажбурийга ёки урфга айланган ва бу аҳоли ўртасида кенг қабул қилиб келинади.

Ўрганишларда аниқландики, айрим шифокорлар беморларга тавсия қилган дори воситалари шифохона омборида бор бўлса-да, улар дориларни (аналогларини ёки маълум бир фармкомпания ишлаб чиқарганларини) сотиб олишга ундамоқда. Тиббиёт муассасалари хусусий дорихоналарни бошқариши мумкинлиги ҳам эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқаради, бунда муассасалар беморлар дориларни уларнинг дорихоналаридан олишидан манфаатдордир.

Шу каби тадқиқот натижалари аниқланган хавф-хатарларни камайтириш бўйича тавсиялар билан жараённинг асосий иштирокчиларига тақдим этилди.

Тадбирда халқаро экспертларнинг коррупцияга қарши курашиш стратегиялари ва коррупция хавфини баҳолаш методологияси бўйича маърузалари тингланди.

Якуний натижалар билан сайтимизнинг "Нашрлар" рукнида танишишингиз мумкин.

www.YUMH.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930