Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳарбий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда

Қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳарбий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда


Жорий йилнинг 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси “Қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳарбий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик” мавзусида семинар ўтказди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси, Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари, ҳарбий олий таълим муассасалари бошлиқларининг илмий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинарда Президентимизнинг 2020 йил 29 октябрдаги тегишли фармони билан тасдиқланган “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш устувор вазифа сифатида белгилангани айтиб ўтилди.

Илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгиланиши истиқболда замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имкониятини бериши қайд этилди.

Таъкидланганидек, парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатни амалга ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини илмий ёндашувлар асосида мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилган.

Хусусан, қўмита жорий йилнинг олти ойи давомида қонун ижодкорлиги йўналишида 12 та қонун лойиҳасига масъул бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги ва “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги яхлит қонунлар устида иш олиб борилди.

Сўз олганлар давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги тегишли фармони билан тасдиқланган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепцияси”да “Ўтказилаётган ислоҳотларнинг илмий асослантирилганлигини фан ва амалиёт ўзаро ҳамкорлигининг оптимал моделини шакллантириш орқали таъминлаш” белгиланганлигини қайд этишди.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлишини таъминлашда қўмита билан илмий ва эксперт доиралар вакилларининг ҳамкорликдаги йиғилишлари муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Қўмита ва эксперт гуруҳининг муҳокамалари натижасида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун қарийб 45 фоизгача ўзгартирилган ҳолда, маромига етказилгани айтиб ўтилди.

Семинарда мамлакатимиздаги ҳарбий олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, жумладан, докторлик диссертациялари мавзулари соҳанинг долзарб муаммоларини қамраб олаётгани, илмий ишлар хулосаларидан амалиётда қанчалик даражада фойдаланилаётгани ҳам муҳокама қилинди.

Илмий иш натижадорлигининг асосий кўрсаткичи унинг хулоса ва таклифларидан амалиётда қанчалик фойдаланилаётгани билан баҳоланиши сабабли мутахассислар томонидан илмий иш натижаларидан фойдаланганлик тўғрисида далолатнома беришнинг ҳуқуқий асослари атрофлича очиб берилиб, диссертациялар илмий натижаларининг амалиётга жорий қилинишини баҳолаш бўйича услубий кўрсатмалар иштирокчилар эътиборига етказилди.

Шу билан бирга, ҳарбий олий таълим муассасалари вакиллари тадқиқотчи ва изланувчилар, илмий даражалар олиш учун талабгорларнинг салоҳиятидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фойдаланишнинг самарали механизмларини яратиш, диссертация натижаларини амалиётга жорий этилишининг соҳа ривожланишидаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

Концепция талабларидан келиб чиқиб, мудофаа ва хавфсизлик йўналишида илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларнинг фаолиятини доимий қўллаб-қуватлаш механизмини яратиш ва амалиётини кенг жорий қилиш борасида таклифлар билдирилди.

Қизғин ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган семинарда иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олинди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов бошчилигида Институт ходимларидан — Д.Рахманов, А.Тўхлибоев ва Б.Собировлар иштирок этди.

 

www.parliament.gov.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930