Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги

Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги


Бугун пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси тарихида илк бор ўтказилган мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI)нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Унда Марказий Осиё мамлакатлари Омбудсманлари, шунингдек халқаро ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари депутат ва сенеторлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Ногиронлари жамияти, қатор вазирликлар, давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Форумни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, USAIDнинг мамлакатимиздаги миссияси директори Микаэла Мередит ва ЕХҲТнинг юртимиздаги лойиҳалари координатори в.б. Ханс Ульрих Им кириш сўзлари билан очиб беришди.

Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Элвира Азимова, Қирғизистон Республикаси Акийкатчиси Атир Абдраҳматова, Тожикистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода ва Туркманистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Яздурсун Гурбанназароваларнинг табрик сўзлари эшитилди.

Форум асносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ва Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланди.

Шундан сўнг, форум “Хотин-қизлар, оила ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантиришнинг аҳамияти, унда рақамли технологияларнинг ўрни”, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг муҳим шартлари”, “Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқлари таъминланишида халқаро стандартларнинг аҳамияти” масалаларига қаратилган учта сессияда олиб борилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда инсон қадрини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда аёллар, оила, бола ҳуқуқлари ҳимояси масалалари юртимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларига айланди. Хотин-қизлар, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқ истиқболга мўлжалланган умуммиллий дастурлар амалиётга изчил жорий этилмоқда. 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича барча имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар яратилган. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан ногиронлиги бўлган шахслар қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш, ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик, ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланишдаги қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, объектлар ва хизматларнинг қулайлиги, ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ҳаётига жалб этиш каби ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари мустаҳкамлаб қўйилди.

Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жазони ижро этиш муассасалари тизимига замонавий технологиялар жорий қилинмоқда ва бу борадаги ишлар мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Тегишли қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари ва механизмлари янада кенгайтирилди. Эътиборлиси, жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларни рағбатлантириш комиссияси таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳудудий вакиллари киритилди.

Кўриб чиқилган юқоридаги каби ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, шаъни, ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тенг ва тўлиқ таъминлаш масалалари айни дамда юртимизда қизғин паллага кирган конституциявий ислоҳотлар кўлами билан ҳам қамраб олингани форум ишида алоҳида таъкидланди.

Якунда, Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I форуми Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Форумда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов қатнашди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930