Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти функционал таҳлили муҳокама қилинди

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти функционал таҳлили муҳокама қилинди


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида 3 та тажриба ҳудудида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг функционал таҳлили амалга оширилди.

Жорий йил 22 февраль куни “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида Олий Мажлис Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари ва халқаро экспертлар иштирокида мазкур таҳлилнинг якуний натижалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну, Европа Иттифоқи делегациясининг дастурлар координатори Алессандро Лиамине, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан иштирок этди.

Давра суҳбатида функционал таҳлилнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштиришда, уларнинг ижро ҳокимияти органлари устидан назоратини мустаҳкамлашда, Кенгашларни аҳоли муаммоларини ечишдаги ўрнини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти экспертлари томонидан ўтказилган мазкур функционал таҳлил доирасида вилоят, туман халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари ва котибият ходимлари, маҳаллий ҳокимият ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек фуқаролар билан мулоқотлар олиб борилди.

Функционал таҳлил натижалари сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашганлигини, олий ҳудудий вакиллик органи сифатида Олий Мажлис Сенати томонидан улар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларга услубий жиҳатдан кўмаклашиш, депутатларнинг амалий кўникма ва малакаларини ошириш борасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, маҳаллий Кенгашлар ишини самарали ташкил этишга яқиндан кўмаклашиш мақсадида Кенгаш котибиятлари ташкил этилди, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом янгидан тасдиқланди.

2020-2021 йиллар давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари учун 20 дан зиёд ўқув-семинарлар ташкил этилди. БМТ Тараққиёт Дастури кўмагида  “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш масалалари бўйича услубий қўлланма” ишлаб чиқилиб, ҳар бир депутатга етказиб берилди. Маҳаллий Кенгашлар котибиятлари ишини тўғри ташкил этиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилди.

Амалга оширилаётган ишлар туфайли сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолияти нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам жонланди. Тадқиқот жараёнида маҳаллий Кенгашлар ваколатлари ва назорат функцияларининг кенгайиб бораётганлиги билан бир қаторда, уларнинг фаолиятида айрим камчиликлар мавжудлиги ҳам кузатилди. Лойиҳа экспертлари томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

Мазкур таклифларнинг аксарияти 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ўз аксини топганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Хусусан, жорий йилда “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди, маҳаллий Кенгашлар ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш орқали алоҳида қонунлар қабул қилинди, доимий асосда ишловчи депутатлар корпуси шакллантирилди.

Давра суҳбати давомида тадқиқот натижалари қизғин муҳокама қилинди, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам сўзга чиқиб, амалга оширилган тадқиқот иши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930