Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон Республикасида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон Республикасида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш йўлида


Тошкентда Аёллар тадбиркорлиги бўйича миллий режалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда “Women and Girls Empowered” (WAGE) — Марказий Осиёдаги аёлларнинг иқтисодий фаолиятда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида мамлакат ва минтақа даражасида аёллар ташкилотлари уюшмаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли минтақавий дастурининг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқот натижалари тақдимоти бўлди.

Дастурнинг асосий мақсади фуқаролик жамияти институтлари, хусусий сектор, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидаги аёллар бизнес бирлашмалари салоҳиятини кучайтириш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш ва мавжуд дастурлар самарадорлигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш ва гендер асосидаги зўравонликка қарши курашишдан иборат. 

Тадбирда давлат органлари ва аёллар бизнес-ҳамжамияти, университетлар, таҳлилий марказлар, бошқа манфаатдор тарафлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

Тадбирда кириш сўзи билан Буюк Британия менежмент университети ректори Конрад Озог, Европа ва Евросиё бўйича етакчи дастур менежери Женнет Акмуродова, WAGE дастури миллий координатори Малика Муқимова, Халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси  Гулнора Маҳмудовалар кириш сўзи билан қатнашдилар. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, ўзининг кириш сўзида кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани хусусида тўхталиб ўтди. 

Фозилжон Отахонов, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг Қонунчилик асослари ҳақида тўхталар экан, мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи кўплаб қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳақида тўхталди. Аёлларнинг, шу жумладан тадбиркорлик ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқларини тартибга солувчи асосий қонун “Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг асосий нормаси аёлларга нисбатан камситишларни тақиқлаш ва ҳуқуқларнинг тенглигидир. Қонуннинг 20-моддаси иқтисодий соҳада ва тадбиркорлик фаолиятида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг кафолатларига бағишланган бўлиб, мазкур моддада давлат томонидан аёллар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этилиши алоҳида қайд этилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маъруфова “Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича Миллий стратегия асослари” мавзусидаги маъруза қилди.

Г.Маъруфова ўз сўзида, республикада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётгани, мазкур чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.

Таъкидланганидек, Барқарор ривожланиш соҳасида миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мазкур қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши билан бошқарув соҳасида хотин-қизларнинг улуши 33 %, тадбиркорлик соҳасида 37 %, сиёсий партияларда 46 % га етгани таъкидланди. Ҳозирда маҳаллий Кенгашлардаги аёл депутатлар сони 25 %ни ташкил этиб, халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон тарихида биринчи марта парламентдаги аёллар сони БМТ тавсияларига мос даражага етди, бунда парламентдаги аёллар улуши 33 фоизга етди ва жаҳондаги 190 парламент орасида 37-ўринни эгаллади.

Айни пайтда хотин-қизлар ҳаётнинг барча жабҳаларида, яъни иқтисодий, ижтимоий ва жамоат ишлари билан банд. Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишлар, хусусан, “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” и “Темир дафтар” каби ноёб лойиҳаларнинг жорий этилиши иштирокчилар эътиборини тортди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой бўлди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930