Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судининг арбитраж йиғими ва харажатлари тўғрисида НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судининг арбитраж йиғими ва харажатлари тўғрисида НИЗОМ



Ўзбекистон Республикаси

Савдо-саноат палатасининг

Ижро этувчи қўмитаси томонидан

2011 йил 28 февралда

 

(10-сонли баённома)

 

ТАСДИҚЛАНГАН


1-модда. Ушбу Низомнинг қўлланилиш соҳаси

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди (кейинчалик ─ ХТАС) Регламентининг ажралмас қисми ҳисобланиб, арбитраж йиғимларини, қўшимча харажатларини ва арбитраж муҳокамаси тарафларининг чиқимларини ҳисоблаш, тўлаш, ишлатиш ва тақсимлаш билан боғлиқ бўлган масалаларни белгилайди.

 

2-модда. Асосий тушунчалар

 

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

арбитраж йиғими – ХТАСга кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳар бир даъводан ундириладиган ва ХТАСнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган умумий харажатларни қоплаш учун ишлатиладиган йиғим (хусусан, арбитрларга тўланадиган гонорарлар, ХТАС ходимларига тўланадиган иш ҳақи ва гонорарлар, арбитраж муҳокамасининг ташкил қилиши бўйича умумий харажатларни қоплаш, шу жумладан канцелярия товарлари, арбитраж муҳокамаси учун бинодан фойдаланиш ва алоқа хизмати харажатлари, шунингдек аниқ низони кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлмаган ХТАСнинг моддий-техника таъминоти харажатлари);

ХТАСнинг қўшимча харажатлари – ХТАСнинг муайян ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган алоҳида чиқимлари (хусусан, экспертиза ўтказиш бўйича чиқимлар, ёзма ва оғзаки таржима, экспертлар, таржимонлар ҳақлари, гувоҳларга сарфланган харажатларни қоплаш, арбитрларни арбитраж муҳокамасида иштирок этиши билан боғлиқ бўлган харажатлари, шу жумладан низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун тўланадиган йўл ҳақи харажатлари, арбитрларнинг ёзма ва ашёвий далилларни мазкур далиллар турган жойда кўздан кечириш ҳамда текшириш билан боғлиқ бўлган харажатлар ва бошқа хизмат сафари харажатлари);

арбитраж муҳокамаси тарафларининг чиқимлари – ХТАСда низо кўриб чиқилаётганда арбитраж муҳокамаси тарафларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ харажатлари, мазкур модданинг иккинчи, учинчи хатбошиларида кўрсатилган харажатлардан ташқари (ХТАСнинг ҳал қилув қарори тарафлардан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф вакилининг хизматлари ҳақини тўлаш ва тарафларнинг арбитраж муҳокомасида иштироки билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлар);

рўйхатга олиш йиғимлари – бу арбитраж йиғимининг ажралмас қисми бўлиб, даъвогар томонидан ХТАСга даъво аризаси тақдим этишда арбитраж муҳокамасини бошлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш учун тўланадиган йиғимдир.

 

3-модда. Даъвонинг баҳосини аниқлаш

 

1. Даъвонинг баҳоси қуйидагича аниқланади:

пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича – ундириладиган суммага қараб;

мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича – шу мол-мулкнинг қийматига қараб;

ҳуқуқий муносабатларни ҳақиқий деб топиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги даъволар бўйича – даъво аризаси тақдим этилаётган пайтда ҳуқуқий муносабатлар предметининг қийматига қараб.

 

2. Бир нечта талаблардан иборат бўлган даъволарда ҳар бир талабнинг суммаси алоҳида белгиланиши шарт. Даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан белгиланади.

 

3. Даъвонинг баҳосини аниқлашда арбитраж йиғими суммаси ҳисобга олинмайди.

 

4. Даъвонинг баҳоси даъвогар томонидан кўрсатилмаган ёки нотўғри кўрсатилган тақдирда, у ХТАС томонидан (ўз ташаббуси ёки жавобгар талабига биноан) бор маълумотлар асосида белгиланади.

 

4-модда. Рўйхатга олиш йиғими

 

1. ХТАСга даъвогар томонидан даъво аризаси тақдим этишда тўланадиган рўйхатга олиш йиғими энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараварини ташкил қилади.  

 

2. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари рўйхатга олиш йиғимини ўзбек сўмида ХТАСнинг ҳисоб рақамига ўтказадилар. 

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари рўйхатга олиш йиғимини АҚШ долларида тўлов амалга оширилган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс асосида ХТАСнинг валюта ҳисоб рақамига ўтказадилар. 

 

3. Рўйхатга олиш йиғими қайтарилмайди. Кейинчалик арбитраж йиғими тўланганда у арбитраж йиғими суммасига киритилади.

 

 

 

 

 

5-модда. Арбитраж йиғимининг миқдори

 

1. ХТАС Регламентида назарда тутилган низолар бўйича арбитраж йиғими қуйидаги миқдорда белгиланади:   

 

а) мулкий тусдаги даъво аризаларидан даъво баҳоси:

 

 

1 млн. сўмгача

 

 

даъво баҳосининг 3 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда

1 млн. сўмдан ортиқ, 10 млн. сўмгача бўлганда 

 

- 30 000 сўм + 1 млн. сўмдан ортиқ бўлган даъво суммасининг 2 фоизи

10 млн. сўмдан ортиқ бўлганда

 

200 000 сўм + 10 млн. сўмдан ортиқ бўлган даъво суммасининг 1 фоизи 

б) номулкий характердаги даъволи ишларда даъвонинг миқдорини аниқлашнинг имкони бўлмаганда 

 

энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида

в) шартномаларни тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш билан вақтида келиб чиқувчи низолар бўйича даъво аризаларидан 

 

энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида

г) ХТАС ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва бошқа қарорларининг дубликатларини ҳамда тарафларнинг

ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосларига биноан ХТАС томонидан ишдан бериладиган бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини берганлик учун

                      

- ҳужжатнинг ҳар бир варағи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида

 

6-модда. Арбитраж йиғимини тўлаш тартиби

 

1. Агар даъво баҳоси ўзбек сўмида ифодаланган бўлса, арбитраж йиғими ўзбек сўмида тўланади. 

Агар даъво суммаси чет эл валютасида ифодаланган бўлса, арбитраж йиғими АҚШ долларида тўланади.

Даъво суммаси белгиланган валютанинг АҚШ долларида қайта ҳисоблаш арбитраж йиғими тўланган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича  амалга оширилади. 

Даъвогарнинг илтимосига кўра арбитраж йиғими АҚШ долларида эмас, балки бошқа эркин конвертация қилинадиган валютада ёки ўзбек сўмида тўлов амалга оширилаётган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича тўлашга рухсат берилиши мумкин, башарти бу Ўзбекистон Республикасининг амалдаги валюта қонунчилигига зид бўлмаса. 

 

2. Арбитраж йиғимини тўлашда, тўланиши лозим бўлган сумма бутун катталигида яхлитланади. 

 

3. Арбитраж йиғими ХТАСга даъво аризаси тақдим этишда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўланган рўйхатга олиш йиғими чиқариб ташланган ҳолда тўланиши лозим бўлган арбитраж йиғими тўғрисида ХТАСдан тегишли хабарнома олингандан сўнг 30 кун ичида даъвогар томонидан тўланиши лозим. Хабарномада кўрсатилган миқдордаги арбитраж йиғими ХТАСнинг ҳисоб рақамига келиб тушмагунча иш ҳаракатсиз қолдирилади. 

 

4. Арбитраж йиғими ХТАСнинг ҳисоб рақамига ёки валюта ҳисоб рақамига келиб тушганидан сўнг тўланган ҳисобланади.

 

5. Агарда арбитраж йиғими тўланмаса, ХТАС даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

 

7-модда. Қарши даъвода арбитраж йиғими

 

Бошланғич даъво учун белгиланган арбитраж йиғими тўғрисидаги қоидалар қарши даъво тақдим этилганда ҳам қўлланилади.

 

8-модда. Арбитраж йиғимининг миқдорини кўпайтириш

 

1. Даъво талаблари оширилганда арбитраж йиғимининг етмаган суммаси даъво баҳоси кўпайтирилишига мувофиқ даъвогар томонидан, даъво талабларини ошириш тўғрисида ариза берилгунга қадар тўланади. Агар бу тўлов амалга оширилмаса, ХТАС қўшимча даъво талабларини кўриб чиқмаслик ҳақида ажрим чиқариши мумкин.

 

2. Муайян иш бўйича ҳал қилиниши лозим бўлган низонинг мураккаблиги, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ вақт сарфланишининг ва харажатларнинг сезиларли даражада ошганлигини ҳисобга олган ҳолда арбитраж таркибининг тақдимномасига кўра ХТАС раиси ажрими асосида арбитраж йиғими миқдори кўпайтирилиши мумкин.

 

9-модда. Арбитраж йиғимининг миқдорини камайтириш,

тўлаш муддатини кечиктириш ёки узайтириш.

Арбитраж йиғимини қайтариш

 

1. Арбитраж йиғими миқдори қуйидаги ҳолатларда камайтирилади:

25 фоизга – низо арбитр томонидан якка тартибда кўриб чиқилса (лекин арбитраж йиғими миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бўлиши шарт);

25 фоизга – низо муҳокамаси ҳал қилув қарори қабул қилинмасдан тугатилган бўлса;

50 фоизга – тарафлар низони келишув битими билан ҳал қилганлиги натижасида ХТАС таркибининг биринчи мажлисига қадар даъвогар даъвони чақириб олса ёки бошқа ҳолатларда тарафлар томонидан низонинг ХТАСда ҳал қилинишини рад этиш тўғрисидаги аризаси ХТАС таркибининг биринчи мажлисига қадар ХТАСга топширилса.

 

2. Мазкур модданинг биринчи қисми учинчи-тўртинчи хатбошларида кўрсатилган ҳолларда арбитраж йиғимининг тегишли миқдори даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда арбитраж муҳокамаси тугатилиши тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

 

3. Истисно ҳолларда иш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ХТАС раиси ажримига асосан арбитраж йиғими миқдори 25 фоизгача камайтирилиши мумкин.

 

4. Истисно ҳолларда иш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ХТАС раиси ажримига асосан арбитраж йиғимини тўлаш муддати кечиктирилиши ёки узайтирилиши мумкин. Арбитраж йиғимини тўлаш муддати кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда арбитраж йиғимининг миқдори ХТАС томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тўлиқ тўланмаган бўлса, арбитраж йиғимининг тўланмаган қисми мазкур Низомнинг 12-моддасига мувофиқ арбитраж муҳокамаси тарафлари ўртасида тақсимланади ва тарафлар томонидан ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда ХТАС ҳал қилув қарорини ижро этиш вақтида биринчи ўринда ундирилади ва ХТАСнинг ҳал қилув қарорига бу ҳақда ёзув киритилади.

 

5. Агар арбитраж муҳокамаси ХТАСга топширилган низони ҳал қилиш учун ХТАСнинг ваколати бўлмаганлиги тўғрисидаги ажримига асосан тугатилган ёки айни бир арбитраж муҳокамаси тарафлари ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича келиб чиққан низо юзасидан ваколатли суднинг ёки арбитраж (ҳакамлик) судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, даъвогарга тўланган арбитраж йиғимининг барча суммаси ХТАС томонидан қилинган харажатлар суммаси ушлаб қолинган ҳолда қайтарилади ва ХТАСнинг ажримига бу ҳақда ёзув киритилади.

 

6. Даъво баҳоси камайтирилганда, шунингдек мазкур моддада кўрсатилмаган бошқа ҳолларда тўланган арбитраж йиғими қайтарилмайди.

 

9-модда. ХТАСнинг қўшимча харажатлари

 

1. ХТАСнинг қўшимча харжатлари ХТАСнинг ҳисобварағига аванс сифатида киритилади (қўшимча тўловлар талаб қиладиган маълум ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар).

 

2. Агар ХТАСнинг қўшимча харажатларини юзага келтирган маълум ҳаракатларнинг ташаббускори арбитраж муҳокамаси тарафи бўлса, бу ҳолда қўшимча харажатлар аванс сифатида ариза берган ёки илтимоснома тақдим этган тараф томонидан тўланади.

3. Агар ХТАСнинг қўшимча харажатларини юзага келтирган маълум ҳаракатларнинг ташаббускори ХТАС бўлса, бу ҳолда қўшимча харажатлар аванс сифатида ХТАС томонидан белгиланган арбитраж муҳокамаси тарафи томонидан тўланади, башарти арбитраж битимида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса.

 

4. Агар ХТАСнинг қўшимча харажатлари аванс сифатида киритилмаган бўлса, ХТАС:

қўшимча тўловлар талаб қиладиган маълум ҳаракатларсиз арбитраж муҳокамасини бошлаш ёки давом эттириш ёхуд қарор қабул қилиш мумкин бўлмаса, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради;

қўшимча тўловлар талаб қиладиган маълум ҳаракатларсиз арбитраж муҳокамасини бошлаш ёки давом эттириш ёхуд қарор қабул қилиш мумкин бўлса, арбитраж муҳокамасини бошлайди ёки давом эттиради (бундай ҳолларда қўшимча харажатларни талаб қиладиган ҳаракатлар амалга оширилмайди).

 

5. ХТАСнинг қўшимча харажатлари миқдори, тартиби ва тўлаш муддатлари ХТАС тегишли таркибининг ёхуд ХТАС раисининг ажрими   билан белгиланади.

 

6. Қўшимча харажатлар ХТАС ҳисоб рақами ёки валюта ҳисоб рақамига пул маблағлари келиб тушиши билан тўланган ҳисобланади.

 

7. Агар ХТАСнинг қўшимча харажатлари тўлиқ ишлатилмаган бўлса, арбитраж муҳокамаси тарафларига ишлатилмаган қўшимча харажатларнинг тегишли қисми қайтарилади.

 

11-модда.  Муайян иш бўйича арбитраж муҳокамасини

ташкиллаштириш ва ХТАС фаолиятининг моддий-техника таъминоти харажатлари

 

1. Муайян иш бўйича арбитраж муҳокамасини ташкиллаштириш (канцелярия товарлари, почта харажатлари, алоқа хизмати ва шу кабилар) билан боғлиқ бўлган умумий харажатларни (ХТАСнинг қўшимча харажатлари бундан мустасно) қоплаш арбитраж йиғими ҳисобидан амалга оширилади.

 

2. Арбитраж йиғимининг қолган қисми ХТАС фаолиятининг моддий-техника таъминоти билан боғлиқ бўлган харажатларни (ХТАС ходимларига иш ҳақи ва бошқа тўловлар, ХТАСнинг ташкилий техник жиҳозларини ва бошқа мулкини сотиб олиш, уларга хизмат кўрсатиш, янгилаш, модернизациялаш ва ҳоказо) қоплаш учун ишлатилади.

 

12-модда. Гонорарлар

 

Муайян ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган арбитрлар, ХТАС раиси, унинг ўринбосари, масъул котиб ва бошқа ходимларнинг гонорарлари арбитраж йиғими ҳисобидан ХТАС гонарарлари тўғрисидаги низомга мувофиқ тўланади. 

 

13-модда.  Арбитраж йиғими, ХТАСнинг қўшимча харажатлари арбитраж муҳокамаси тарафларининг чиқимлари бўйича тўловларни тақсимлаш

 

1. Арбитраж йиғими ва ХТАСнинг қўшимча харажатлари арбитраж муҳокамаси тарафларининг келишувига мувофиқ, бундай келишув бўлмаган тақдирда – қаноатлантирилган ёки рад этилган талабларга кўра пропорционал равишда тақсимланади.

 

2. ХТАСнинг ҳал қилув қарори арбитраж муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг вакили хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар, шунингдек низони ХТАСда ҳал қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар, агар қилинган харажатларни қоплаш ҳақидаги талаб арбитраж муҳокамаси пайтида билдирилган ва ХТАС томонидан қаноатлантирилган бўлса, ХТАСнинг ҳал қилув қарорига мувофиқ арбитраж муҳокамасининг бошқа тарафига юкланиши мумкин.

 

3. Қўшимча харажатлар ва тарафларнинг чиқимлари таркибига ХТАСда муайян низонинг кўриб чиқилиши билан боғлиқ ҳақиқатда қилинган харажатлар, шу жумладан арбитраж муҳокамаси тарафларининг мақсадсиз ва виждонсиз ҳаракатлари натижасида ёки арбитраж муҳокамасининг асоссиз   узайтирилишига олиб келган ҳаракатлар натижасида қилинган харажатлар киритилиши мумкин.

 

4. Мазкур модданинг биринчи–учинчи қисмларида кўрсатилган харажатлар арбитраж муҳокамасининг тарафлари ўртасида тақсимланиши ҳақидаги якуний хулоса ХТАСнинг тегишли  таркиби томонидан ҳал қилинади ва ХТАС қарори ёки ажримига бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

 

14-модда.  ХТАСда низони ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган

харажатлар тўғрисида тарафларнинг низолари

 

Арбитраж йиғими, ХТАСнинг қўшимча харажатлари ва арбитраж муҳокамаси тарафларининг чиқимлари тўғрисидаги ҳар қандай низо ХТАС таркиби томонидан ҳал қилинади.

 

15-модда.  Арбитраж йиғимлари ва харажатлари тўғрисидаги

Низомнинг амал қилиши

 

Арбитраж йиғимлари ва харажатлари тўғрисидаги Низомнинг амал қилиши у кучга киргандан кейин тақдим этилган даъво талаблари бўйича ишларга татбиқ этилади. 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930