Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Рағбатлантириш чораларини қўллаш механизмлари соддалаштирилмоқда

Рағбатлантириш чораларини қўллаш механизмлари соддалаштирилмоқда


Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Кун тартибидаги масала юзасидан семинар иштирокчилари ўз фикр-муносабатларини билдириб ўтди.

Мавлуда Хўжаева, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси:

– Ҳозирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган мазкур қонун лойиҳасидан асосий мақсад озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, тузалиш йўлига ўтганликни аниқловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омилларни бартараф этиш, уларга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш механизмларини соддалаштириш, шунингдек, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш билан банд бўлган даврини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этишдир.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жорий йилнинг 1 июль ҳолатига маҳкумларнинг меҳнатга лаёқатлиларидан 15 минг 921 нафари, яъни 75 фоизи жисмоний меҳнатга жалб этилган. Лекин бирорта маҳкумнинг, ҳаттоки, 10-15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва озодликка чиққунга қадар меҳнат қилган шахснинг ҳам умумий меҳнат стажига иш билан банд бўлган даври қўшилмаган. Бундай ҳолатда маълум маънода уларга нисбатан адолатсизлик бўлган, дейишимиз ҳам мумкин. Бу муаммога эса Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида ҳуқуқий ечим назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиб, турар жой майдони саҳнининг ҳажми оширилмоқда.

Фозилжон Отахонов, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор:

– 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 14-мақсадда белгиланган маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро умум эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш вазифаларига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Мандела қоидалари)га асосланиб, АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва бошқа хорижий давлатларнинг ижобий таржибасини ҳисобга олган ҳолда жиноят-ижроия, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ва солиқ қонунчилигига бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Маҳкумларга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки уларнинг қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турларини қўллашга йўл қўйилмаслиги, ногиронлиги бўлган маҳкумларга сурдо (имо-ишора тили) таржимони хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланишига оид нормалар шулар жумласидан. Лойиҳадаги кўпгина нормалар халқаро ҳужжатлардаги умумэътироф этилган халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Баҳром Мадиёров, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошқарма бошлиғи:

– Сўнги йилларда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашлари бўйича ҳуқуқий кафолат мустаҳкамланди, “Уста-шогирд” мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Тизим тасарруфидаги 4 та ёпиқ турдаги колония фаолияти тўлиқ тугатилди.

Шаффофликни таъминлаш, ходимлар ва маҳкумлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли нохуш ҳолатлар – қийноқ, тазъйиқ, ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида муассасаларга ташриф буюрган фуқаролар томонидан Департаментга тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари учун “тезкор алоқа” қурилмаси ишга туширилди.

Бугун Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930