Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини такомиллаштириш истиқболлари

Конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини такомиллаштириш истиқболлари


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқаро ва миллий экспертлар, Олий суд, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги академияси, Судьялар олий мактаби, Адвокатлар палатаси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, илмий ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан бир гуруҳ ёшлар қатнашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов тадбирни очиб берар экан давра суҳбатининг долзарблиги ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, бугунги кунда ювенал юстиция вояга етмаганларга нисбатан юритилаётган одил судловнинг умум эътироф этилган халқаро стандарти ҳисобланиши, миллий қонунчилигимизда унинг ҳуқуқий ва институционал асослари мавжудлиги, ўз навбатида, ҳозирда юртимизда қизғин кечаётган конституциявий ислоҳотлар шароитида ушбу институтнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин эгаллашига урғу берди.

 

Тадбирда ювенал юстиция тизимида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг роли, мазкур институтга доир хорижий тажриба ва халқаро стандартлар, Ўзбекистонда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболлари, конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш зарурати каби масалаларга доир маърузалар тингланди.

Таъкидланганидек, бугун Президентимиз бошчилигида жуда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунончи, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир, шу жумладан Бош қомусимиз, Оила, Фуқаролик, Меҳнат, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳуқуқий асослар мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.

Шунингдек, айни конституциявий ислоҳотлар даврида Асосий қонунимизга бола ҳуқуқларига доир 10 та асосий ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Амалдаги Конституциянинг 2 та моддасида атиги 4 маротаба бола сўзи ишлатилган бўлса, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли 7-моддада 15 маротаба бола сўзи қўлланилмоқда.

 

Тадбирда қайд этилганидек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 4 та мақсад болалар ҳимояси масалаларига қаратилган. Хусусан, “Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш” деб номланган 14-мақсадда “Ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш” вазифаси белгиланган.

Эътиборли жиҳати, ювенал юстиция кўплаб халқаро ҳужжатларда бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги асосий институт сифатида кўрсатиб ўтилган. Халқаро стандартлар ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболларини аниқлаш, шу жумладан, унинг концептуал ва базавий асосларини Конституцияда мустаҳкамлаш – бу борадаги миллий амалиётнинг ривожланишига замин яратади.

Бунинг учун эса Ўзбекистонда ювенал юстиция бўйича миллий қонунчилигимизни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини илмий-назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш, ривожланган демократик мамлакатларда самарали қўлланилаётган ювенал юстиция моделларини таҳлил қилиб, уларнинг маъқул томонларини аниқлаш, миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати якунида муҳокамаларда билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга юбориш хусусида келишиб олинди ҳамда мазкур соҳани ривожлантиришга оид тадбирларни амалга оширишда парламент, давлат органлари, ноодавлат ташкилотлар ва илмий ҳамжамият ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулосага келинди.