Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Парламент назорати – Ўзбекистон ва хориж тажрибаси мисолида

Парламент назорати – Ўзбекистон ва хориж тажрибаси мисолида


  Жорий йилнинг 17 май куни «Wyndham» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Самарали парламент назорати механизмларини жорий этишнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

    Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Конституциявий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар Олий мактаби, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги академиялари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Жамоат хавфсизлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Тошкент давлат юридик ҳамда Қорақалпоғистон, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

  Шунингдек, халқаро ташкилотлардан – Германия Федератив Республикаси Бундестаги (парламенти) секретариати, Исроил Кнессети (парламенти) Тадқиқот ва ахборот маркази, Қозоғистон Республикаси Президенти девони моддий-техника таъминоти бўлимининг «Парламентаризм институти» ҳўжалик юритиш ҳуқуқига эга республика давлат ташкилоти, Қирғизистон Республикаси Жогори Кенеши Илмий тадқиқот маркази ва USAIDнинг Ўзбекистонда Ҳуқуқий ислоҳот лойиҳаси вакиллари қатнашди.

   Асосий мақсади – хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида парламент назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлган ушбу конференция 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси
7-мақсадида, Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 23-бандида белгиланган «Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмлари самарадорлигини ошириш» вазифаси ижроси доирасида ташкил этилди.

  Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ронни Хайне кириш сўзлари билан очиб беришди.

 


   Конференцияни модератор – Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов олиб борди ҳамда «Парламент назорати механизмлари: Янги Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида маъруза қилди.

  Онлайн ва офлайн тарзда ўтган тадбирда дастур бўйича халқаро, хорижий ва миллий экспертларнинг маърузалари тингланди.

   Анжуманда таъкидланганидек, ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш кўплаб муаммоларни бартараф этиш билан узвий бўлган мураккаб ва давомли жараёндир. Бугунги кунга келиб оддий бир ҳақиқат – давлат бошқарувида кенг ваколатга эга бўлган парламентсиз мамлакатда тўлақонли демократия бўлиши мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Бунда парламент халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонунларнинг ижро ҳокимияти органлари томонидан тўлиқ бажарилишини назорат қилиб бориши мамлакат тараққиётида муҳим омилдир.

  Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган жаҳон тенденцияларига мос демократик ислоҳотлар жараёнида парламентнинг, хусусан парламент назоратининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти янада ошди.

   Хусусан, парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни парламентнинг назорат функциясини Янги Ўзбекистон ва «Учинчи ренессанс» йўлида янада ривожлантиришга қаратилган самарали тизим яратилишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

    Қонунда парламент назорати объектлари, субъектлари, назорат шакллари, қонун ҳужжатлари ижроси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг қилиш, очиқлик ва ошкоралик масалалари ва уни амалга ошириш механизмлари тартибга солинган.

  Бундан ташқари, парламент назоратининг янги шакллари, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «ҳукумат соати» институти, Олий Мажлис Сенатида эса вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этилди.

 

   Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар миллий парламентнинг мавжуд назорат функцияларини ҳозирги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ва самарали механизмларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

   Шу муносабат билан, анжуманда:

   Олий Мажлис палаталари томонидан парламент назоратини амалга ошириш тажрибасини;

   парламент назоратини амалга ошириш механизмларига оид илғор хорижий тажрибаларни;

  хорижий экспертларнинг Янги Ўзбекистондаги парламент ислоҳотлари юзасидан фикрларини ўрганиш йўналишлари қамраб олинди.

  Анжуман иши асносида парламент назоратини амалга ошириш механизмлари бўйича мавжуд муаммолар таҳлил қилинди ва уларнинг ечимига доир, шунингдек парламент назорати борасида самарали механизмларни жорий этиш бўйича миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ҳамкор ташкилотларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини инобатга олган ҳолда, илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Конференция якуни бўйича ташкилотчилар томонидан илмий-амалий қўлланма тайёрлаш ва чоп этиш режалаштирилган.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930