Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Форум давлат органлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида тажриба алмашиш имконини берди

Форум давлат органлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида тажриба алмашиш имконини берди


Жорий йилнинг 17 май куни Бухоро шаҳрида “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги бўйича Марказий Осиё мамлакатлари форуми” бўлиб ўтди.

Унда Марказий Осиё мамлакатларининг масъул давлат идоралари вакиллари ҳамда халқаро ва нодавлат ташкилотлар етакчи экспертлари қатнашди.

Шу билан бирга, Франция, Германия, Словения, Эстония ҳамда Аргентина каби давлатлардан халқаро экспертлар ҳам давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш соҳасидаги ўз тажриба ва илғор амалиётлари бўйича фикр алмашдилар.

Форум аввалида юртимизда Президентимиз ташаббуси билан давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасига бағишланган тақдимот халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши раиси Танзила Нарбаева, Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ронни Хайне, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директорининг ўринбосари Зоҳиджон Зияев, “IT PARK Uzbekistan” директори Абдулаҳад Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов кириш сўзлари билан иштирок этишди.

Форум учта сессиядан иборат бўлди. “Очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизмлари” деб номланган 3-сессияда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов маъруза қилиб, кўтарилган мавзу бўйича Ўзбекистондаги ҳуқуқий асосларга тўхталиб ўтди. Жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддалари, шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари юзасидан сўз юритди.

Шунингдек, қуйидаги таклифларни келтириб ўтди:

биринчидан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа тегишли қонун ҳамда қонуности ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослаштириш лозим;

иккинчидан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ижроси бўйича мунтазам равишда жамоатчилик мониторингини олиб боришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан бу борада фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ;

учинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун қўлланилган маъмурий жавобгарлик чоралари статистикаси ва бу ҳақдаги маълумотларни ОАВ воситаларида тизимли равишда ёритиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш.

Форумда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари Гулнара Бабаджанова, Жамоатчилик кенгаши аъзоси Лайло Атаева сўзга чиқиб давлат органлари очиқлигини таъминлашга қаратарилган долзарб масалаларни ўртага ташладилар ва уларни ечими бўйича таклифларни билдирдилар.

Форумнинг муҳокамалар қисмида иштирокчилар кўриб чиқилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида юртимизда илк маротаба ўтказилди.