Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий ислоҳотлар – ногиронлиги бўлган шахслар нигоҳида

Конституциявий ислоҳотлар – ногиронлиги бўлган шахслар нигоҳида


Мамлакатимизда бошланган конституциявий ислоҳотлар мазмуни бугун ҳар бир юртдошимиз қалбининг туб-тубига кириб бормоқда. Бу жараённинг моҳияти аҳоли ҳар бир қатламининг диққат-марказида. Қолаверса, конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ўлароқ ҳар бир фуқаро, гуруҳ ё жамоа ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун бош ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган ҳаётий таклифларни илгари сурмоқдаки, бу, энг аввало, умумхалқ манфаатига дахлдорлиги билан алоҳида аҳамиятлидир. Фикримиз тасдиғига пойтахтимизда Тошкент шаҳри “Mehr kо‘zda” маркази томонидан ташкил этилган ижтимоий “Саховат” тадбирида ҳам яққол гувоҳ бўлдик.

Ҳамкор-ҳомий ташкилотлар, хусусан, USAID халқаро ташкилотининг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури, “BHSM TRADE” масъулияти чекланган жамият, бундан ташқари, Яккасарой тумани “Конституция” маҳалласи, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, мутахассислар ва блогерлар иштирок этган мазкур тадбир модератори – Тошкент шаҳри “Mehr kо‘zda” маркази раҳбари Мохира Ташходжаева ўз сўзида конституциявий ислоҳотлар халқимиз учун ҳаётий зарурат, ўз навбатида, ким ёки қандай мақомда бўлишидан қатъи назар, барчамизга эртамиз бугундан яхши бўлиши йўлида муносиб ҳисса қўшиш учун истиқболли имконият эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Шу ўринда мазкур имкониятдан виждонан фойдаланиш мақсадида, Тошкент шаҳри “Mehr kо‘zda” маркази номидан Мохира Тошходжаева, Ўзбекистон “Карлар” жамияти раҳбари Гўзал Шодиева ва жамият аъзоси – блогер Маъмур Ахлиддинов ҳамда тадбирда қатнашаётган барча ногиронлиги бўлган шахслар томонидан Президентимиз раҳнамолигида кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қилинган амалий ишларнинг давомийлиги учун хизмат қиладиган бош ҳуқуқий асосни Конституцияда аниқ белгилаб қўйиш, яъни Бош қомусимизда ногиронлиги бўлган шахсларни камситишга йўл қўйилмаслиги ҳамда улар соғлом кишилар билан тенг ҳуқуқли экани ҳақидаги нормаларни мустаҳкамлаш таклифи илгари сурилди.

Мазкур ташаббусни – Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов тўлиқ қўллаб-қувватлаб, бу таклиф унинг мулоҳазалари билан айнан уйғун эканини урғулади. Шунингдек, бугун жаҳонда 1 миллиарддан ортиқ инсон ногиронликдан азият чекиши, бу дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизини ташкил этиши, 15 ёш вa ундан катта ёшдаги 190 миллион (3,8%) инсонда сезиларли функционал чекловлар мавжуд бўлиб, улар кўпинча малакали тиббий хизматларга муҳтож экани, мамлакатимизда ҳам бир миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар мавжудлиги ҳақида ҳамда бундай юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар кўламига ҳаётий мисоллар билан алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, сўнгги йилларда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилди. Мазкур соҳада мустаҳкам қонуний база яратилди. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди, мамлакатимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилди. Сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг умумий сони қарийб 2 бароварга ошди. Барча ҳудудларда “Саҳоват ва кўмак” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” доирасида имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. 

Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш ва ижтимоий реабилитация қилиш борасида кейинги йилларда 27 та тиббий-ижтимоий муассасалар реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мос бўлган 1,5 мингта даволаш-реабилитация ўринлари фойдаланишга топширилди. Бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Ўтган йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида улар бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация мосламалари, кохлеар имплантлар билан таъминланди. Халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш дастури жорий қилинди ва 300 дан ортиқ мактабда имконияти чекланган болаларнинг билим олиши учун зарур шароитлар яратилди.

Бу соҳадаги давлат сиёсати янада юқори суръатда давом этмоқда. Жумладан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 66-мақсад “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш” масалаларига бағишланган бўлиб, унда қатор устувор вазифа ва чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Ф.Отахонов сўзида давом этар экан, тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларининг Конституцияга таклифини юридик жиҳатдан изоҳлаб, Ш.Мирзиёв ҳаётга татбиқ этган “инсон–жамият–давлат” ва “Инсон қадри учун” деган тамойиллардан ва хорижий мамлакатларнинг конституциявий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Бош қомусимизга қуйидаги таклифларни жамоавий тарзда илгари суришни тавсия қилди:

Конституция 18-моддасининг биринчи қисмини ногиронлар ҳуқуқларига оид нормани киритиш орқали қуйидаги таҳрирда баён этиш:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан, ногиронлиги борлигидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”;

шунингдек, ногиронлар ҳаммаси ҳам меҳнатга лаёқатсиз эмаслиги боис улар ҳуқуқларининг мутлақ ҳимоячиси давлат эканлигини белгилаш муҳимлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, Конституциянинг 45-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш:

“Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”.

Бу борада хорижий тажрибага эътибор қаратиб, Германия Асосий қонунининг 3-моддаси 3-бандида ҳеч ким жинси, ижтимоий келиб чиқиши, ирқи, тили, туғилган ва яшаш жойи, эътиқоди, диний ёки сиёсий қарашларига кўра камроқ ёки кўпроқ манфаатли ҳолатга солиниши мумкин эмаслиги, ҳеч ким ўзининг жисмоний ёки ақлий нуқсонлари туфайли бошқаларга нисбатан камроқ манфаатли ҳолатга тушириб қўйилмаслиги кераклиги белгиланганини мисол қилиб келтирди.

Билдирилган тавсия ва таклифлар йиғилганлар томонидан мамнуният билан қарши олинди ва тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Шундан сўнг тадбирнинг иккинчи қисми бошланди.

Унда сўз олганлар томонидан нутқида ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг эшитиш қобилиятини диагностика қилиш, уларга эшитиш мосламаларини тақиш, ҳолатини кузатиш каби ва соҳага доир бошқа масалаларда ўзаро фикр алмашилди

Бунда ташкилотчилар томонидан “BHSM TRADE” масъулияти чекланган жамият ҳомийлигида эшитишда нуқсони бўлган юртдошларимизга жами 13 та эшитиш мосламалари тарқатилди. Ушбу мосламаларнинг тақилишида “Эшитиш маркази” тиббий мутахассиси Баходир Ғаниев томонидан кўмаклашилди ва ишлаш ҳолати жойида текширилди.

Ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, уларни сўз билан ифодалашнинг иложи йўқ. Бундай ҳолатларни жойнинг ўзида, инсонларнинг чеҳраси, назари, жуссасидаги оҳиста титроқ ва севинч ёшларидангина бир бутунлигича ҳис қилиш мумкин. Тадбирнинг ушбу қисмида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Узоқ вақтдан буён товуш нималигини эсидан чиқариб юборган инсоннинг илк овозни эшитганда қай аҳволга тушганини фақат шундай вазиятни бошидан кечирган ёки ўша жойда бунинг шоҳиди бўлган инсонгина тушунади. Энг асосийси, уларнинг юз-кўзларидан балқиган чинакам қувонч ортида ҳаётдан розилик, самимий шукроналик, жамият ва давлатга ишонч ҳиссини кўрасиз. 

Жараён ҳиссиётларга бойлиги билан барчада катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар сурдо мулоқот орқали барчаси учун Президентга, қолаверса бугунги тадбир ташаббускорлари, ташкилотчилари ва ҳомийларга чексиз миннатдорчилик билдиришди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930