Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

«Халқ хизматидаги» давлат бошқарувини ташкил этишда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларини самарали воситага айлантириш давр талаби

«Халқ хизматидаги» давлат бошқарувини ташкил этишда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларини самарали воситага айлантириш давр талаби


2024 йил 13 мартда Тошкент шаҳрида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси ва  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури кўмагида “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Давра суҳбатида ЎзННТМА ва унинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари,  Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари,   нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори Сайёра Ходжаева, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Камолиддин Ишанходжаев,  АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури раҳбари Рахима Назарова кириш сўзлари билан очиб берди.

Давра суҳбатида “Давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва амалиёт” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши  курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов,  “Жамоатчилик кенгашлари: халқаро тажриба” мавзусида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, юридик фанлар номзоди Сайёра Ходжаева маъруза қилдилар.

Маърузачилар таъкидлаганидек, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда давлат органлари билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирок этиши жамият ҳаётининг демократик жараёнлар билан боғлиқ асослари чуқур илдиз отиб, мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Президентимиз таъбири билан айтганда, муҳим ижтимоий омиллардан бири – жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш каби йўналишлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ–158-сон Фармони билан тасдиқланган “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИнинг 25,60,66,75,81,86,89-мақсадларида жамоатчи-лик назоратига алоҳида урғу берилган, яъни “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш”, “Хизмат муддатини ўтаб бўлган массивлар ва эскирган уй-жойларни янгилаш мақсадида кенг жамоатчилик фикри асосида реновация дастурларини ишлаб чиқиш, аҳоли зич бўлган ҳудудларда “бўйига ўстириш” тамойили асосида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш”, “Саноат оқова сувлари даражаси ва сифати тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда расмий веб-сайтларда ва оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик учун эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш”, “Маҳаллий кенгашлар фаолиятида жамоатчилик иштироки учун зарур шароитларни яратиш, фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш”, “Давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш амалиётини йўлга қўйиш”, “Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш”, “Давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш” шундай мақсадлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги  ПФ-37-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида жумладан, «Халқ хизмати-даги» давлат бошқарувини ташкил этишда давлат органлари ҳузури-даги жамоатчилик кенгашларини самарали воситага айлантириш вазифаси белгиланган бўлиб, Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш назарда тутилган. Бунда:

жамоатчилик кенгашларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш, унинг натижаларини жамоатчиликка эълон қилиб бориш;

ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича жамоатчилик кенгаши хулосасини олиш тартибини йўлга қўйиш;

жамоатчилик кенгаши аъзоларини моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

соғлиқни сақлаш, таълим, экология ва атроф-муҳит, энергетика соҳаларида давлат сиёсатини юритувчи вазирликлар ҳузурида намунали жамоатчилик кенгашлари фаолиятини йўлга қўйиш, унинг тажрибасини бошқа вазирлик ва идораларда қўллаш каби амалий чора-тадбирлар белгиланган.

Давлат органлари, шу жумладан ҳокимликлар ҳузурида ташкил қилинган жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари, функция-лари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам юқоридаги мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнайди.

Давра суҳбатида Германия, Дания, Россия, Украина, Франция, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг қонунчилиги ва амалиёти тўғрисида батафсил ахборот ва тушунтиришлар берилди.

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Расул Кушербаев, “Истиқболли авлод” республика ижтимоий ахборот маркази раҳбари Нодира Каримова, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди директори Ҳаётхон Кўчқорова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Саодат  Абдузакирова,   ЎзННТМА Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Дилмурод Иззатов ва бошқалар шаҳар ҳокимлиги, шунингдек давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлантириш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган «яшил» давлат харидларини амалга оширишда иқтисодий ва экологик омилларнинг мутаносиблигини ҳамда ушбу жараёнда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш, бюджет жараёнларининг шаффофлигини янада ошириш чораларини кўриш, қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасининг натижалари ҳам мавжуд бўлиши лозимлигига доир талабни амалдаги қонунчиликда белгилаб қўйиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш,  ҳокимликнинг расмий веб-сайтида жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни жойлаштириб бориш, жамоатчилик кенгашлари томонидан қабул қилинган қарорларни тегишли давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим деган таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.

Давра суҳбатида савол-жавобларга алоҳида ўрин ажратилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Тадбир иштирокчиларига  “Ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоат-чилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва фаолият йўналишлари” деб номланган амалий қўлланма ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилот-ларнинг  Ўзбекистондаги жамоатчилик назорати  ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли” бўйича фикрларини ўрганиш мақсадида сўровнома тарқатилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930