Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

​​​​​​​Конституциявий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси

​​​​​​​Конституциявий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси


Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси юртимиз бўйлаб улкан тарихий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий аҳамиятга молик воқелик бўлди. Зеро, халқимизнинг барча қатламлари ушбу жараённи бевосита кузатиб, ўзларининг муносабатларини билдирмоқдалар.

Бунга сабаб давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди.

Шу боис Мурожаатномада инсон қадри улуғ бўлган диёр — Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб амалга оширишга қаратилган муҳим аҳамиятга эга бўлган қуйидаги таклифлар илгари сурилди.

Биринчидан, “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги, ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарурлиги таъкидланди.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилаётганлиги, бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани, муҳокамалар қизғин давом этаётганлиги, бу жараёнда депутатларимиз, сиёсий партияларимиз масъул ва фаол бўлиб, ҳар бир таклифга жиддий ёндашаётганлиги эътироф этилди.

Иккинчидан, сўнгги йилларда кўп ваколатлар Олий Мажлисга ўтказилгани қайд қилиниб, уларни янада кенгайтириш назарда тутилаётганлиги айтилди.

Жумладан, вазирлар фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг ҳам масъулиятини белгилаш, депутатларга берилган катта ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида парламентимизнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш ҳам Конституциямизда ўз аксини топиши зарурлиги қайд қилинди.

Учинчидан, узоқ тайёргарлик кўрилган янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармон имзоланганлиги ва биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилиниши, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгариши, энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилиши, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқариши, иқтисод қилинадиган маблағларни ижтимоий масалаларга йўналтириш белгиланганлиги масалаларига эътибор қаратилди.

Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади. Барча маъмурий ислоҳотлар доирасидаги янги ташаббуслар Конституциямизда, албатта, белгилаб қўйилиши лозимги таъкидланди.

Тўртинчидан, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш мақсад қилинганлиги ва буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз кераклигига урғу берилди.

Ижтимоий давлат — бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши йўлида зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир.

Шу боис биринчи навбатдаги эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилади. Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.

Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Бешинчидан, Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш лозим деган таклиф берилди. Хусусан, 2023 йилда аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмини 1,5 баробар ошириб, 90 мингга етказиш, бу борада икки йил олдин бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилиши, Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланиши, дастур доирасида, биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилганлиги айтиб ўтилди.

Олтинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги ҳақида жуда муҳим таклиф билдирилди.

Чунончи, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилинганлиги, шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали ўз ечимини кутиб турган масалалар борлиги, шу жумладан, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётганлигига эътибор қаратилди.

Хулоса қилиб айтганда, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак. Бу борадаги масалалар нақадар долзарб эканлигини оддий таҳлил, яъни Мурожаатномада 16 маротаба Конституция ва Асосий қонун сўзлари қўлланилганлиги ҳам фикримизни яққол тасдиқлаб турибди.

Энг муҳими, ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши керак.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

ва парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор.

www.xs.uz 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930