Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий таълим дастури истиқболлари

Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий таълим дастури истиқболлари


2023 йил 15 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Ёшлар масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди. Унда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этиб, маъруза қилди.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда фундаментал аҳамият касб этади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда соҳада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.

Ушбу босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилган. Бу мақсадга эришиш учун эса, қарорда белгиланган вазифаларни келажакка жавобгарлик ҳисси билан ҳамкорликда, масъулият билан амалга ошириш лозим.

Қайд этиб ўтилганидек, юрт келажаги, соҳалар ривожи, аҳоли ҳаётининг фаровон бўлиши, қонунларнинг ўз ўрнида ишлаши кадрлар салоҳияти билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб олий таълимгача бўлган жараёнларда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлашда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бундай таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқлар, эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастурини шакллантириш, унга амал қилиш, натижага эришиш бўйича таълимга масъул вазирлик ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда “йўл харитаси” асосида фаолият олиб бориш бўйича режалари маълум қилинди. Шунингдек, айни йўналишда мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурида назарда тутилган вазифалар ёшларнинг таълим олиши, ҳуқуқларини билиши, мажбуриятлардан хабардор бўлишига хизмат қилиши таъкидланиб, қарорнинг ижросини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.

www.parliament.gov.uz 



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031