Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Фаолиятни рақамлаштириш масаласи муҳокама қилинди

Фаолиятни рақамлаштириш масаласи муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Инситутнинг Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шуъбаси мудири Жасур Худоберганов ва ахборот-коммуникация технологиялари дастурчиси Зафар Муҳаммадов ҳамда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси девони Қонунчилик масалалари бошқармаси маслаҳатчиси Ан Ёнг Хун, Bestian Soft Co., Ltd.нинг бош ижрочи директори Янг Мун мо, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (KOICA) вакили Шукурулло Шукуровлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Институт ва KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “Электрон парламент” дастури бўйича Институт фаолиятини электронлаштириш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбирда Фозилжон Отахонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган мазкур Институт ҳозирги кунга келиб ўзига билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилаётганлиги ва бу борада миллий парламентимизнинг чинакам “ақл маркази”га айлаётганлиги ҳақида сўз юритиб, эришилган натижалар хусусида 2021 йил давомидаги фаолият мисолида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури асосида жорий йилда амалга ошириладиган ўзаро ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Институт бугунги кунда Корея Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизмати, Корея Республикаси Қонунчилик вазирлиги билан Ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланганлиги ва бу тажриба алмашиш учун муҳим платформа эканлигига асосий урғу берилди.

Янг Мун мо Институт Ўзбекистон парламентининг икки палатаси учун ҳам парламентаризм соҳасида фундаментал тадқиқотлар олиб борадиган муносиб илмий марказ эканлигини эътироф этиб, “Электрон парламент” дастури доирасида Институтнинг электрон ҳужжатлар айланмасини ташкил этишдан кутилаётган истиқболли натижалар, техник вазифаларни ишлаб чиқиш ва дастурда Институт ҳамда парламент палаталарининг бу борадаги ахборот алмашув фаолияти интеграциялашуви масалаларига тўхталди. 

Ан Ёнг Хун билан ҳозирги кунда Институтнинг мамлакатдаги давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳужжатлар айланмаси бўйича www.mf.ijro.uz ва www.app.ijro.uz платформалари, уларнинг ишлаш тизими ва самараси бўйича фикр алмашилди.

Томонлар Институтнинг аниқ вазифа ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда ички ҳужжатлар айланмасини рақамлаштириш ва ҳисоботларни ортиқча бюрократиядан воз кечган ҳолда амалга ошириш бўйича кореялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус электрон дастур ишлаб чиқишга қаратилган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди

Хорижий мутахассислар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни инобатга олган ҳолда мазкур лойиҳани ривожлантириш самараси парламент фаолиятида муҳим омил эканлигини алоҳида қайд этиб, парламент соҳасида илмий тадқиқотлар олиб борадиган институтлар тизимини рақамлаштириш ўта мураккаб жараён бўлишига қарамасдан ушбу тизим (электрон дастур)ни ишлаб чиқишдан мамнун эканликларини изоҳлашди. 


Учрашув якунида экспертлар томонидан Институтда техник воситаларни жойлаштириш режалаштирилаётган шароитлар кўздан кечирилди ва фаолиятни рақамлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.




«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031