Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммолари

Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммолари


2024 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан “Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммолари” мавзусида  халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий cуди, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратураси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети, Жамоат хавфсизлиги университети, Юристлар малакасини ошириш маркази, Ангрен университети ва бошқа юридик таълим муассасалари вакиллари, академия профессор-ўқитувчилари, шунингдек Россия Федерацияси Прокуратураси университети, Қозоғистон Республикаси Одил судлов академияси, М.О. Ауезов номидаги Жанубий-Қозоғистон университети профессор- ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи в.в.б. Салом Самадов,  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий cуди раиси ўринбосари Асқар Ғафуров, Ўзбекистон Республикаси Олий cуди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Халилилло Турахужаев,  ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори Омонбой Окюлов,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабаев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов  кириш сўзи билан очиб бердилар.

Конференцияда – ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори Замира Эсанова – “Фуқаролик судлов фаолиятида процессуал ҳужжатлар институти: назарий ва амалий таҳлил”, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов – “Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг истиқболлари”, Россия Федерацияси Прокуратураси университетининг Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, юридик фанлари номзоди, доцент Александр Гришин – «Фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида вояга етмаганлар ҳуқуқларини прокурор томонидан ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари”, Қозоғистон Республикаси Одил судлов академияси Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар илмий-таълим маркази директори, юридик фанлар номзоди Ержан Егембердиев – “Фуқаролик ишларида тарафларни яраштиришда суднинг роли: қонунчилик ва амалиёт”, Ўзбекистон Республикаси Олий cудининг судьяси Дилбар Исраилова – “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг янги тартиби”, Ангрен университети ректори, юридик фанлар доктори, профессор Комил Синдаров – “Фуқаролик-иқтисодий суд ишларини юритиш принципларини қўллашнинг айрим масалалари", Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Ботир Самарходжаев – “Ташқи иқтисодий фаолиятда низоларни ҳал қилиш”, ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори, профессор Шухрат Рўзиназаров – “Процессуал ҳуқуқий доктринада низоларни онлайн ҳал қилишнинг айрим масалалари”, Россия Федерацияси Прокуратураси университети профессори, юридик фанлар номзоди, доцент Ольга Смирнова – «Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор иштирокининг долзарб масалалари”, М.О.Ауезов номидаги Жанубий-Қозоғистон университети «Фуқаролик ҳуқуқи ва Фуқаролик процессуал ҳуқуқи» кафедра мудири, юридик фанлар номзоди Гулшат Рахметова  “Ўзбекистон ва Қозоғистон қонунчилиги бўйича фуқаролик процессуал ҳуқуқининг қиёсий таҳлили” ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори,  юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов – “Низоларни муқобил ҳал этишнинг конституциявий асослари” мавзуларида маъруза қилдилар.

Маърузачилар таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият бўлиб, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда тўлиқ ва изчил мустаҳкамлаб қўйилибгина қолмай, балки уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш учун зарур механизмлар яратилган. 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади. Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шунинг учун ҳам қонунда қуйидагилар фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари сифатида белгиланганлиги бежиз эмас: биринчи, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси-нинг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш; иккинчи, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш; учинчи, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.

Сўнгги йилларда «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси қабул қилинган пайтдан бошлаб ўтган беш йил давомида уни янада такомиллаштиришга қаратилган  20 та қонун қабул қилинганлиги процессуал қонунчиликни илмий асосларини чуқур ўрганиш ва қиёсий таҳлил қилиш, суд амалиётида процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаш, бу соҳада дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлодини яратиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмаётганлиги конференцияда алоҳида таъкидланди.

Хусусан, профессор Фозилжон Отахонов ўз маърузасида Янги Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал этишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш мақсадида  бу борадаги ишларни тизимли равишда амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

Маърузачи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида низоларни муқобил ҳал этиш усуллари бўлган медиация, ҳакамлик муҳокамаси, арбитраж муҳокамаси бевосита мустаҳкамланмаганлиги Ўзбекистонда мазкур институтлар конституциявий асосга эга эмаслигини англатмаслигига эътиборни қаратиб, энг аввало Конституциянинг                       55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли деган норма мавжудлигини эътироф этди. Мазкур конституциявий нормага асосланган ҳолда “Ҳакамлик судлари тўғрисида”, “Медиация тўғрисида”, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганлиги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муқобил усуллар орқали ҳимоя қилишда  муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд қилди.

Халқаро конференция иштирокчилари мамлакатимизда фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш асносида унинг қонуний асосларини такомиллаштиришга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини янада жонлантириш, ўқув жараёни билан суд амалиётини уйғунлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, одилсудлов жараёнларини рақамлаштириш, 

процессуал ҳужжатларни шакли, мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиш бўйича таклиф ва тавсиялар бердилар.

Конференция якунида “Ўзбекистон фуқаролик процессуал ҳуқуқининг дарғалари ва истиқболари” китобининг тақдимоти ҳамда профессор М.М.Мамасиддиқов таваллудининг 50 йиллиги муносабати билан тайёрланган видеоролик намойиши иштирокчилар диққатига ҳавола қилинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930