Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш нодавлат нотижорат ташкилотга бeрилди

Ф.Отахонов. Форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш нодавлат нотижорат ташкилотга бeрилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Қонуннинг 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилди.

«Форс-мажор» нима? Бу французча «force majeure» – «олий куч» деган маънони англатади. 

Енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатлари, бу – томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлардир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 333-моддасига кўра, «Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади».

Форс-мажор ҳолатлари оқибатида шартнома мажбуриятларини бажариш учун имконият бўлмаганда, шартнома томони бундай ҳолатлари тасдиғини олиш учун ваколатли органларга мурожаат қилиши мумкин. 

Форс-мажор ҳолатларини қайси органлар тасдиқлаши мумкин?

Мамлакатимизда ҳозирги кунда енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаб, сертификат бериш ваколатига амалдаги қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра қуйидагилар эга: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси.

Шунингдек, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия томонидан хулоса берилади.

Бундай ваколат мазкур органлар зиммасига қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан юклатилган: 

биринчи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 майдаги 390-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисида»ги низомда вазирликнинг ташқи савдо келишувлари ва халқаро битимлар шартлари асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш функцияси белгиланган;

иккинчи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 сентябрдаги «Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6314 сон фармони билан Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилган;

учинчи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сон Қарори билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 86-бандига кўра, «Келишмовчиликлар ва низоли масалалар келиб чиққан тақдирда томонлар қоидага кўра, мустақил равишда ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия иштирокида уларни судгача ҳал этиш чора-тадбирларини кўрадилар».

Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия низони кўриб чиқишда иштирок этиш пайтида ваколатли давлат органларининг маълумотлари ва ахбороти асосида маҳсулотнинг сифати пасайтирилиши ёки бузилиши ҳоллари, шунингдек, енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор) оқибатида ёхуд тайёрловчининг айби билан шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун хўжаликларни жавобгарликдан озод қилиш юзасидан хулоса беришлари мумкин. Форс-мажор ҳолатларини аниқлашда шартнома тарафлари қатнашиши керак.

Форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш ваколати айнан қонун билан савдо-саноат палатасига берилишининг зарурати нимада эди?

Биринчидан, мамлакатимиз ҳудудида бажарилиши лозим бўлган хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш масаласи қонунда белгиланмаганлиги тадбиркорлик субъектлари учун амалиётда қатор муаммолар вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

Иккинчидан, коронавирус пандемияси туфайли кўплаб тадбиркорлик субъектлари хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлашни сўраб Савдо-саноат палатасига мурожаат қилган, аммо Палатага қонун билан бундай ваколат берилмагани боис, форс-мажор ҳолатларини тасдиқловчи сертификатлар берилмаган ва тегишли идоралар ёки тадбиркорлик субъектларига фақатгина хат чиқариш билан чекланилган, холос.

Учинчидан, ўз навбатида, тадбиркорлар пандемия боис жорий қилинган чеклов (форс-мажор) ҳолатларига қарамай шартнома шартларини бажаришга мажбур бўлган ёки мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгарликка тортилмоқда;

Тўртинчидан, ҳозирги кунда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлашнинг аниқ тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сон Қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган, аммо Савдо-саноат палатаси томонидан бундай сертификатларни бериш тартиби мавжуд эмас.

Бешинчидан, хорижий давлатлар тажрибасида, хусусан, Италия, Россия, Украина, Грузия, Озарбайжон, Беларус, Туркия каби мамлакатларда форс-мажор ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат (сертификат) Савдо-саноат палатаси томонидан берилади.

Мазкур қонунни қабул қилиш жараёни қандай кечди?

Қонун ижодкорлиги мураккаб жараён бўлиб,у қонун лойиҳасини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш, лойиҳани Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиб олиш, биринчи, иккинчи, учинчи ўқишда муҳокама қилиб, қабул қилиш, Сенат томонидан маъқуллаш, Президент томонидан имзолаш ва қонунни эълон қилишни ўз ичига олади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси парламентда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан киритилган дастлабки лойиҳада «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонун (янги таҳрири)нинг 21-моддаси, яъни Палатанинг ҳуқуқлари белгиланган биринчи қисмини қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдириш назарда тутилган эди:

маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш”. 

Кейинчалик қонун лойиҳасининг ушбу хатбошисига Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси ва фракциялар томонидан муҳокама қилиш жараёнида ўзгартиш ва қўшимча киритилиб, қуйидагича баён этилди: 

хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш, ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошланган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бундан мустасно”. 

Бироқ мазкур таҳрир ҳам Қонунчилик палатасида иккинчи ўқиш жараёнида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди ва бу ваколат Палатанинг ҳуқуқи сифатида эмас, балки функцияси бўлиши лозим, деган фикр билдирилди ҳамда қўмитага қайтарилди. 

Шундан кейин масъул қўмита томонидан қонун лойиҳаси илмий хулоса олиш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига юборилди. Институтнинг илмий хулосасида қуйидагилар қайд қилинди: 

биринчидан, киритилаётган мазкур қўшимча ва ўзгартиш «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонун (янги таҳрири)нинг 21-моддасида, яъни Палатанинг ҳуқуқлари сифатида акс эттирилмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги ПФ-6314-сон Фармони билан «Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати” берилган;

иккинчидан, “ҳуқуқ” ва “ваколат” тушунчалари ўртасида муайян фарқлар мавжуд бўлиб, улар айнан бир хил маънони англатмайди. Бунда ҳуқуқ унга эгалик қилувчи шахснинг хоҳиш иродасига боғлиқ бўлса, ваколат эса унга эгалик қилувчи шахс томонидан амалга ошириш мажбуриятини юклайди

Соддароқ қилиб айтганда, «форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш» Савдо-саноат палатасининг ҳуқуқи сифатида қонунда белгиланиши унинг идоравий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат ёки ҳаракатсизлик қилишда эркинлигини англатади;

учинчидан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия қонунчилиги таҳлил қилинганда, форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш функция сифатида мустаҳкамланганлиги аниқланди. 

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Институт томонидан ҳам «форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш» Савдо-саноат палатасининг ҳуқуқи эмас, балки функцияси бўлиши лозим, деган тавсия берилди. 

Эътиборли жиҳати,депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазалар билан бир қаторда Институтнинг ушбу концептуал таклифи қонун ижодкорлари томонидан инобатга олиниб, қонунда мазкур ваколат Савдо-саноат палатасининг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасидаги функцияси сифатида белгиланди.

Савдо-саноат палатаси томонидан форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш функциясини амалга оширишнинг аҳамияти қандай?

Мамлакатимиз ҳудудида хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари тасдиқланишининг қонун даражасида белгилаб қўйилиши бу борадаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириб, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Бундай функциянинг нодавлат нотижорат ташкилот бўлган Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилиши белгиланганлиги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» 29-мақсадида назарда тутилган иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторга кенг йўл очиш ҳамда иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этишни кенгайтириш вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур янги қоидаларнинг амалиётга жорий этилиши хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш орқали тадбиркорлик субъектларининг мажбуриятларни бажармаганлиги учун асоссиз равишда жавобгарликка тортилишини олдини олишга замин яратади.


 

Фозилжон ОТАХОНОВ,

ОлийМажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор



«    Май 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031