Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлиги нимани англатади?

Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлиги нимани англатади?


Конституция лотинча “constitutio”  сўзидан олинган бўлиб, «тузилиш», «ўрнатиш» деган маъноларни билдиради.

Янги Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”. Конституцияга киритилаётган мазкур нормалар жуда чуқур назарий асосга эга бўлиб, ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири эканлигини эътироф этган холда уни тўла-тўкис қўллаб-қувватлаймиз.

Дарҳақиқат, Конституция лотинча “constitutio” сўзидан олинган бўлиб, «тузилиш», «ўрнатиш» деган маъноларни билдиради. Конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга бўлган ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, унда инсон, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади; давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади; инсон ва жамиятнинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари ва эркинликлари мустаҳкамланади.

Конституция ўз моҳияти ва юридик табиатига кўра бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан қуйидаги муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради:

биринчидан, конституция махсус субъект, яъни халқ томонидан референдум орқали ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинади;

иккинчидан, конституциявий қоидалар таъсис этувчи, йўналтирувчи, бирламчи аҳамиятга эга;

учинчидан, конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кенг қамровлилиги билан тавсифланади, яъни у ниҳоятда муҳим ва кенг кўламдаги ижтимоий муносабатлар доирасига таъсир кўрсатади;

тўртинчидан, конституция алоҳида юридик хусусиятларга, яъни бошқа қонунлардан устунликка, олий юридик кучга, ўзига хос муҳофаза шаклига, махсус тарзда қабул қилиниш ва ўзгартирилиш тартибига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрири лойиҳасининг III боби Конституция ва қонуннинг устунлиги деб номланиб, мазкур боб унинг биринчи бўлими, яъни, Асосий принциплар бўлимида жойлашган. Давлат ва ҳуқуқ назариясидан маълумки, принцип деганда раҳбарий қоидалар назарда тутилади. Агар Конституциянинг бошқа бўлимлари ўртасида қандайдир тушунмовчилик келиб чиқадиган бўлса, масала давлат ва ҳуқуқ назариясига кўра асосий принципларга таянилиб ҳал қилиниши керак. Шу маънода Конституция устунлигининг Асосий принциплар бўлимида жойлаштирил-ганлиги мамлакатимизда мазкур принципга улкан аҳамият берилаётганидан далолатдир.

Конституциянинг олий юридик кучи деганда уни бошқа қонунчилик ҳужжатларидан ажратиб турувчи алоҳида юридик хусусияти тушунилади.

Конституциянинг бундай хусусияти қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчидан, Конституция қонунчилик тизимида энг юқори ўринда туради, ундан кейин қонун ҳужжатлари, яъни қонунлар ва Ўзбекстон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари ҳамда қонуности ҳужжатлари (Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари; Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари; вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари) жой эгаллайди;

иккинчидан, қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатлари Конституция асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади;

учинчидан, қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатлари Конституция-нинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмас;

тўртинчидан, Конституциянинг нормалари ва принципларига зид бўлган қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатлари бекор қилинади ёки унга мувофиқлаштирилади.

Шу маънода савол туғилади: Конституциянинг устунлиги ва олий юридик кучга эга эканлиги инсонга, жамиятга, давлатга нима беради? Нега бутун дунёда мазкур принципга жуда катта эътибор берилади? Конституция устунлиги инсонга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини монеъликсиз амалга ошириш, ўз ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунан кафолатланганлиги туфайли тинч, осойишта, хотиржам, ҳеч қандай ташқи таъсирлардан, зўравонлик ва ўзбошимчаликдан қўрқмай яшаш имкониятини беради.

Агар жамиятда Конституция устунлиги таъминланмаса, одамларда нафақат бугунги, балки эртанги кунига ҳам ишонч йўқолади, адолат, тенглик, эркинликка риоя қилинмайди, ким зўр бўлса унинг гапи мажбурий бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилади, бундай жамиятни ҳар қандай онгли одам тарк этиш чораларини қидиради, бундай маконда қабоҳат ва залолат ҳукм суради. Конституция устунлиги таъминланмаган жамиятда иқтисод ҳам ривожланмайди, иқтисодий ислоҳотлар ҳам самара бермайди. Чунки ҳеч ким қонун ишламаган жойга ўз мулкини, сармоясини киритишни ҳохламайди.

Конституция устун бўлган давлатда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланади, ҳокимиятнинг шахсга таъсири чегараланади, инсон ҳуқуқлари ҳимояланади, мулк ҳуқуқига риоя қилинади, одил судлов мустақил бўлиб, самарали амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда “инсон-жамият-давлат” тамойилининг асосий ўзагини Конституциянинг устунлиги ва олий юридик кучга эга эканлиги ташкил қилади ҳамда давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишларини лозимлигини англатади.

Фозилжон Отахонов,

юридик фанлар доктори, профессор

www.yuz.uz 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930