Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Парламентнинг Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган айрим вазифалари

Парламентнинг Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган айрим вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаш институти янги Ўзбекистон тарихидаги ўзига хос бўлган ноёб амалиёт ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ, Президент Олий Мажлисга мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатнома ўз моҳиятига кўра, халқ ва давлатнинг ўзаро бир-бирига узвий боғлиқлигини, давлат ҳокимиятини шакллантиришда тарихий тажрибаларни замонавий услублар асосида жорий этишга доир ғоя ва қарашларни ўзида мужассам этади.  

Мурожаатномада илгари сурилган устувор йўналишлар ва вазифаларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталари, депутатлар ва сенаторлар олдига қўйилган айрим вазифаларга тўхталамиз.  

Биринчи, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган  Мурожаатномасида 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.  

Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.  

Узоқ тайёргарлик кўрилган янги маъмурий ислоҳотлар доирасида биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади.  

Ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади. Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади.  

Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.  

Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш амалдаги кўплаб қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Бу эса Ҳукумат томонидан қонун лойиҳаларини тайёрлаш режасини пухта ишлаб чиқишни, парламент палаталаридан эса Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларини комплекс ва тизимли тарзда кўриб чиқиш, қабул қилиш ва маъқуллашни талаб қилади.  

Иккинчи, Мурожаатномада энг долзарб муаммо бўлган коррупция масаласига алоҳида тўхталиб, ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупциявий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилганлигига, лекин бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш етарли эмаслигига урғу берилди.  

Шундан келиб чиқиб, давлат раҳбари депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам борлигини таъкидлади.  

Учинчи, иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, ички имкониятлар тўлиқ сафарбар этилган ҳолда хусусий сектор янада қўллаб-қувватланади.  

Биринчи навбатда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.  

Келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредит ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб берилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.  

Бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. Жумладан, 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади.  

Демак, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталари қонун ижодкорлиги соҳасида Ҳукумат билан ҳамжиҳатликда илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилигини жиддий ислоҳ қилишнинг қонуний асосларини такомиллаштиришга эътибор қаратиши лозим бўлади.  

Тўртинчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланади. Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади.  

Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Янги тизим доирасида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш прокурордан судга ўтказилади.  

Терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилади. Судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади.  

Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, ваколатлари кенгайтирилади. Судларга жиноят иши нафақат айблов хулосаси билан, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилиниши йўлга қўйилади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий этилади.  

Мазкур тизимнинг қонуний асосларини яратиш мақсадида Олий Мажлис палаталари Олий суд, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси ва кенг жамоатчилик билан биргаликда амалдаги жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига, адвокатура ва прокуратура тўғрисидаги қонунларга халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича баҳамжиҳат ишларни ташкил қилиши керак.  

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,  

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари  

институти директори, юридик фанлари доктори, профессор  

ЎзА  



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930