Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Кеча, бугун ва эртамиз муштарак маскан

Кеча, бугун ва эртамиз муштарак маскан


Ўзбекистон Миллий архивида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда “Ўзархив” агентлиги ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” бош ғояси остида “Аждодларнинг бой маънавий мероси архив материалларида” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Қўмита аъзолари, тарихчи олимлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Даставвал Агентлик директори Улуғбек Юсупов, Ўзбекистон Миллий архиви директори Дилбар Закирова, Агентлик бўлим бошлиғи Азамат Зиятдинов ва тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исаковалар томонидан қизиқарли тарзда амалга оширилган кўргазмалар зали, ҳужжатлар сақланишини таъминлаш лабораторияси, ҳужжатлар муҳофазасини таъминлаш бўлими, Агентлик тизимида жорий этилган компьютер ахборот технологиялари ва рақамлаштириш тизимлари фаолияти билан таништирув қисми қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Мутахассислар томонидан тайёрланган тақдимотлар ва кинохроника намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тақдимотдан сўнг қатнашчилар билан давра суҳбати ташкил этилди. 

Тадбирни Агентлик директори Улуғбек Юсупов ва Қўмита раиси Эркин Захидовлар кириш сўзи билан очиб беришди.

Э.Захидов ўз сўзида миллий архив материаллари бугунимиз ва эртамиз учун юксак тарбиявий аҳамиятга эга эканлигига урғу бериб, бу борада муайян даврга мўлжалланган стратегик дастурларни ишлаб чиқиш, мавжуд қонунчиликка ўринли таклифлар асосида ўзгартишлар киритиш лозимлигига эътибор қаратди ва бу борада Қонунчилик палатаси депутатлари Агентлик таклифларини белгиланган тартибда кўриб чиқиб, ҳамкорлик қилишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини мамнуният билан тилга олди. 

Жараёнда тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исакованинг архив иши, тарихи, ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жадидларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги архив ҳужжатларига асосланган қизиқарли маърузаси тингланди.

Сўзга чиққанлар ва мутахассислар томонидан қайд этилдики, архив фонди IX аср – Сомонийлар сулоласидан бошлаб ўн бир асрдан ортиқ даврдаги ҳужжатлардан ташкил топган. Ҳозирда архив ҳужжатларини реставрация ёки консервация қилиш, мавжуд замонавий компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда нусха олиш (сканерлаш) орқали уларнинг тўлиқ электрон нусхасини яратиш ишлари қизғин паллага кирган. Бу борадаги ишлар натижасида ҳозирга қадар 48 миллион кадрдан иборат 788 минг сақлов бирлигидаги ҳужжатлар рақамлаштириш тизимига киритилган.

Муҳокамалар давомида сўз олган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов архивимиз буюк халқимизнинг тарихини, ўзлигини аниқ кўрсатадиган ва келажак авлодларга асл ҳолича етказадиган миллий бойлигимиз эканлигига алоҳида тўхталиб, ҳар бир ташриф буюрган инсон бугунги каби тадбирлардан, қолаверса Агентлик ва Ўзбекистон Миллий архиви раҳбарияти ҳамда мутахассислари томонидан ҳамжиҳатликда ва замон билан ҳамнафас олиб борилаётган улкан ишлар, янгиланишлар ва эришилаётган ютуқлардан ҳам маънавий озуқа, ҳам руҳий қувват олишини таъкидлади.

Шунингдек, санскрит тилидан тортиб араб, форс, тожик, турк ва шу каби қатор тилларда ёзилган қадимий ҳужжатлар билан, ўз навбатида, тарих илми, рақамлаштириш ва архив иши билан боғлиқ бошқа замонавий йўналишлар бўйича профессионал ишлай оладиган соҳавий мутахассисларни тайёрлаш, шу билан бир қаторда, замонавий компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда турли тиллардаги қадимий ёзувлар ва белгиларни таржима қилиш имкониятини берадиган сунъий интеллект дастурларини яратиш, бу борадаги қонун ҳужжатларини ва архив иши фаолиятини такомиллаштириш, яқинда қабул қилинган тарихий ҳужжат – “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан давлат хизматчилари учун белгиланган имтиёзлар ва кафолатлардан келиб чиққан ҳолда архив ходимларининг молиявий таъминотини, шу жумладан иш ҳақларини ошириш, Агентликнинг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбир мароқли, қизғин мунозара ва таассуротларга бой бўлди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930