Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти қошидаги Илмий-эксперт кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Илмий-эксперт кенгаши аъзолари – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, мустақил экспертлар, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Институт директори, Илмий-эксперт кенгаши раиси Фозилжон Отахонов кириш сўзиб билан очиб берди.

Йиғилишда қуйидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди:

1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармонида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш, бу борада Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган устувор йўналишлар ва асосий вазифалар;

2) 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш масаласи;

3) қонун ижодкорлиги жараёнида илмий тадқиқот натижаларидан фойдаланишнинг замонавий усулларини қўллашнинг муаммолари.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Институт директори Ф.Отахонов Олий Мажлис палаталари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолиятини бугунги кунда самарали амалга ошириш ҳамда унинг илмий салоҳиятидан янада кенг ва натижадор фойдаланиш борасидаги мавжуд муаммоларни ўртага ташлади.

Ўз навбатида, бу борадаги масалаларнинг муносиб ечими тариқасида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш концепцияси” ҳамда унда назарда тутилган қуйидаги, яъни:

биринчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида алоҳида таъкидлаган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтини парламентнинг истиқболли режа ва дастурларини ишлаб чиқадиган, бу жабҳадаги турли таклифларни таҳлил қиладиган ва зарур тавсиялар берадиган илмий марказга айлантириш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида парламентнинг истиқболли режа ва дастурларини ишлаб чиқиш;

иккинчи, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 7-мақсад доирасида Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш;

учинчи, Тараққиёт стратегиясининг 8-мақсадидан келиб чиққан ҳолда норма ижодкорлиги жараёнини модернизация қилиш;

тўртинчи, Тараққиёт стратегиясининг халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш борасидаги 2-мақсадига асосан халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш;

бешинчи, парламентаризмни ривожлантириш ва парламент назоратининг самарали механизмларини жорий қилиш устувор йўналишлари ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамияти билан қатнашчиларни батафсил таништириб ўтди.

Шунингдек, мазкур Концепция ва устувор йўналишларга мувофиқ, Институтнинг илмий-амалий фаолияти, мавжуд вазифа ва функциялари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий тузилишига, шу жумладан, ташкилий-штат тузилмасига соҳавий принципдан воз кечган ҳолда функционал принцип, яъни парламентнинг асосий ва анъанавий йўналишлари ҳисобланмиш қонун ижодкорлиги, парламент назорати, вакиллик функциялари, хусусан, халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини мустаҳкамлаш, миллий парламентаризмни ривожлантириш борасида киритилиши режалаштирилган ўзгартишларни ва шунга доир таклифларни йиғилганлар эътиборига ҳавола қилди.

Кўриб чиқилган биринчи масала юзасидан йиғилиш қатнашчиларининг фикр-мушоҳадалари тингланди ва шу асосда ушбу масала бўйича Илмий-эксперт кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, истиқболли вазифалар белгилаб олинди.

Кун тартибидаги иккинчи масала – 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш масаласи ҳамда бу борада ишлаб чиқилган режа юзасидан Институт бўлим бошлиғи Алимжон Акилов маъруза қилди.

Жумладан, А.Акилов Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, унинг тузилиши ва ҳар бир таркибий қисмдан ўрин олиши лозим бўлган масалалар, шунингдек бу борада белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Институт бўлим бошлиқлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва улар ишига давлат органлари, жумладан, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ўқув ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли мутахассисларини кенг жалб қилиш борасидаги таклифлари билан ўртоқлашди.

Муҳокамаларда иштирокчилар томонидан бу борада қатор мулоҳаза ва тавсиялар берилди ҳамда аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ушбу масала юзасидан Илмий-эксперт кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан Ф.Отахонов нутқ сўзлаб, қонун ижодкорлиги жараёнида илмий тадқиқот натижаларидан фойдаланишнинг замонавий усулларини қўллаш муаммоларига батафсил тўхталиб ўтди.

Санаб ўтилган муаммоли ҳолатлар ҳамда уларнинг ечимига доир таклифлар Илмий-эксперт кенгаши томонидан атрофлича муҳокама қилинди ва билдирилган фикрлар, шунингдек тадбирга таклиф этилган иштирокчиларнинг, хусусан, соҳа мутахассислари ва экспертларнинг фикрлари асосида зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Илмий-эксперт кенгаши йиғилиши юзасидан Кенгашнинг қарори қабул қилинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930