Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Юридик ёрдам кўрсатишнинг долзарб масалалари муҳокама марказида

Юридик ёрдам кўрсатишнинг долзарб масалалари муҳокама марказида


Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури ҳамкорлигида «Юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммолари: одил судлов ва юридик ёрдам имкониятлари» мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура Академияси, ИИВ Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Гарвард (АҚШ) ва Лунд (Швеция) университетларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистратура тингловчилари ва мустақил изланувчилар, «Мадад» ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Давра суҳбатини Бош прокуратура Академияси бошлиғининг ўринбосари Музаффар Мамасиддиқов, USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури директорининг ўринбосари Раҳима Назарова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Жумладан, Ф.Отахонов давра суҳбати мавзуси жуда долзарб эканлигини таъкидлаб, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 19-мақсадида ҳамда Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 68-вазифасида айнан бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам жорий этиш назарда тутилганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, «юридик ёрдам» тушунчасига илмий-назарий жиҳатдан тўғри ёндашиш кераклигини, у «юридик хизмат қилиш» ва «юридик хизмат кўрсатиш» тушунчаларидан фарқ қилишини қайд этиб, «юридик ёрдам» ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга текинга кўрсатилиши ва бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотларни кенг жалб қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги масалаларига алоҳида урғу берди.

Давра суҳбатида миллий ва хорижий олимлар ҳамда тадқиқотчиларнинг аҳолига одил судловга мурожаат қилишни таъминлашда юридик ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос жиҳатлари, аҳамияти, ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид ўн бешга яқин маърузалари тингланди.

Мунозара қисмида иштирокчилар аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида одил судловни амалга ошириш имкониятларини таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича ўзларининг таклифлари билан ўртоқлашишди.

Давра суҳбати якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930