Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон – Миср: парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари

Ўзбекистон – Миср: парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.

Икки давлат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган мазкур анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ҳамда “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари, Конституциявий суд судьялари, Ташқи ишлар ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари масъуллари, Институт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очилиш қисмида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча шароит яратаётганига, жумладан, Миср Араб Республикасига бўлиб ўтган ташриф якунида давлат раҳбарларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёноти ҳамда қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланганлигига алоҳида урғу берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси Парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи раҳбари Вахобжон Мураткабилов мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон – Миср парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш йўлида миллий парламент олдида турган вазифалар ва уларни амалга оширишнинг амалий механизмларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Давра суҳбати давомида қатор экспертларнинг икки давлат ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларига бағишланган маърузалари тингланди.

Чунончи, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев бизнес форумининг самарали натижаларига кўра умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларига тенг 20 дан зиёд келишувлар имзолангани, икки мамлакат ишбилармонлари ҳамкорлигининг янада кучайиши хусусида атрофлича тўхталиб, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Фарҳод Боқиев икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар янги босқичга олиб чиқилаётганлиги, бу борада Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатилганини қайд этди. Шунингдек, бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги тарихан яқин алоқалардан фойдаланган ҳолда маданий-гуманитар йўналишларда ўзаро манфаатли стратегик алоқаларни ривожлантириш бўйича парламентлар ўртасида мустаҳкам дипломатик алоқалар йўлга қўйилганлигига тўхталди.

Маърузалардан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Миср Араб Республикаси парламенти” тўплами тақдимоти ўтказилди.

Институт директори Фозилжон Отахонов дунё мамлакатлари парламентлари ҳақидаги тўпламларни тайёрлаш яхши анъанага айланиб бораётганига урғу бериб, навбатдаги нашр этилган тўплам “Миср Араб Республикаси парламенти”га бағишланганини мамнуният билан таъкидлади. Унда Миср Араб Республикаси парламенти, доимий қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва бошқа таркибий бўлинмалари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижалари ўз ифодасини топгани ҳақида маълумотлар берди.

Сўз олганлар ушбу тўплам хорижий мамлакатлар парламентаризми бўйича тадқиқотларни янада чуқурлаштириш зарурати билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ривожига, конституциявий демократик тамойилларни мустаҳкамлаш ва халқ манфаатлари йўлида парламентаризм самарадорлигини ошириш мақсадида парламент фаолиятини ривожлантиришнинг эътиборга молик жиҳатлари асосида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва миллий тажрибани бойитишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева давра суҳбатини якунлар экан Ўзбекистон – Миср парламентлараро ҳамкор-лигини янги босқичга олиб чиқишда тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мунозараларга бой ўтган давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930