Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Стратегик ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: якуний таҳлил ва янги чақириқлар

Стратегик ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: якуний таҳлил ва янги чақириқлар


     Адлия вазирлиги томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ўтказилган халқаро конференция шу мавзуга бағишланди.

     Конференцияда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш натижалари таҳлил қилинди. Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси қабул қилиниши муносабати билан ҳуқуқий ҳамжамият олдида турган янги вазифалар ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

     Тадбирни Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов кириш сўзи билан очиб берди.

     Онлайн ва офлайн ўтган мулоқотда хорижлик эксперт ва меҳмонлар сифатида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, БМТ ТДнинг коррупцияга қарши кураш ва самарали бошқарув масалалари бўйича маслаҳатчиси, шунингдек, Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот илмий маркази, Хорватия Республикаси ҳукумати Қонунчилик бошқармаси, Хорватия Республикаси ҳукумати Қонунчилик департаменти, Лондон ва АҚШнинг Чикагодаги Иллинойс университетлари вакиллари маъруза қилди.

     Миллий олим ва экспертлардан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ва қиёсий оммавий ҳуқуқ маркази, Олий суд ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Тошкент давлат юридик университети, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти вакиллари сўзга чиқишди.

     Анжуманда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов “Стратегик ислоҳотларни амалга оширишда вакиллик органларининг ролини янада ошириш” мавзусидаги маърузасида бу йўналишда белгилаб олинган вазифалар, эришилган натижалар хусусида сўз юритиб, бу борада парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти сифати яхшилангани, парламент назорати механизмлари кучайгани, мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муаммоларни ҳал этишда парламентнинг ваколатлари кенгайтирилгани, фуқаролар билан мулоқотнинг парламент механизмларини такомиллаштириш ва парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлашга эришилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, парламент палаталарида қонунларнинг амалиётдаги ижросининг доимий мониторингини олиб боришда, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти салоҳиятидан кенг фойдаланиш, институт томонидан депутат ва сенаторларни қонунларнинг ижроси бўйича ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш амалиётини кенгайтириш, институтни парламентнинг истиқболли режа ва дастурларини ишлаб чиқадиган, турли таклифларни таҳлил қиладиган ва зарур тавсия берадиган илмий марказга айлантириш бўйича амалга оширилиши назарда тутилаётган дастурлар мазмуни билан таништирди.

 

    Халқаро конференция барчада катта таассурот қолдирди. Айниқса, Хорватия Республикаси ҳукумати Қонунчилик бошқармаси масъул ходими Николина Матичнинг “Е-консултация”дан фойдаланган ҳолда қоидалар ва сиёсатни қабул қилиш жараёнида жамоатчилик билан маслаҳатлашиш”, Лондон университети ҳуқуқ прфессори Ҳелен Ханзакининг “Қонунларни ишлаб чиқиш: қоидалар ва тартибга солиш санъати ҳамда технологияси” мавзусидаги маърузалари конференция иштирокчиларида қизиқиш уйғотди ва савол-жавоблар ҳамда мунозарага айланди.

     Тадбирда сўнгги беш йилда норма ижодкорлигидаги миқдор ва сифат ўзгаришларига, шунингдек Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга бағишланган видеороликлар намойиш этилди.

     Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ўзбек ва инглиз тилларида тайёрланган “Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш: Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.

     Конференция якунида Тараққиёт стратегиясини амалга оширишга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Эътироф этиш керакки, бу каби тадбирлар ҳар бир ташкилотчи ва иштирокчининг юртимизда амалга оширилаётган стратегик ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан сифатли таъминлаш, шу жумладан ўз соҳаси бўйича халқаро, хорижий ва миллий ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930