Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Юридик юрисконсультлар касбий фаолияти мотивацияси

Юридик юрисконсультлар касбий фаолияти мотивацияси


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари 

институти директори, юридик фанлар доктори, профессор

10-МАВЗУ

Инсон ўзи яшаб турган даврни, моддий турмушни акс эттиради, ижтимоий-сиёсий муҳит таъсири остида билимларни ўзлаштира боради, ижтимоийлашади. Ижтимоий муҳитда унинг ҳис-туйғулари, характери, қобилияти, иқтидори, тафаккури, эҳтиёжлари, эътиқоди, уни фаолликка даъват қилувчи ҳаракат мотивлари, истаклари, тилаклари, хоҳишлари аста-секин ўзгариб боради. 

Инсоннинг билиш фаолияти ривожланиши унга ўзини қуршаб турган борлиқни янада чуқурроқ, тўлароқ, аниқроқ акс эттириш имкониятини яратади ва у борлиқнинг асл моҳиятини, турли йўсиндаги ўзаро боғланишлари, мураккаб муносабатлари ва алоқаларни тобора аниқроқ ёритади. Шу билан бирга мазкур жараёнларда шаклланиб келаётган инсоннинг борлиққа, воқеликка, жисмларга, кишиларга ва ўзига муносабати вужудга келади. 

Инсон онгининг ривожланиши унинг ташқи оламни фаол акс эттиришда намоён бўлади. Инсоннинг моддий турмуши у ҳаёт кечираётган тузумнинг моддий асосига эмас, балки уни қуршаб олган одамларнинг турмуш тарзи, умуминсоний қиёфаси, дунёқараши, маслаги, ижтимоий воқеликка муносабатлари, интилишлари, ижод маҳсуллари ва хатти-ҳаракатларининг мажмуасига боғлиқ.

 Инсоннинг борлиқни акс эттириши фаол жараёндир. Инсоннинг ривожланиши объектив борлиққа ва ўзига фаол таъсир кўрсатишида содир бўлади. Ўйинни кузатиши, меҳнати, ўқиши, адабий асарни мутолаа қилиши, қизиқишининг барқарорлашуви ва бошқалар шахснинг психик ривожланишини ифодалайди. 

Ривожланиш инсон шахсининг таркиб топиш жараёнидир. Ривожланиш ўзаро боғлиқ қатор босқичларда амалга ошади. Шахс ақл-заковатининг кўрсаткичи, сифати, хусусияти унинг атрофдаги одамлар билан кундалик муносабатлари ва амалий фаолиятида вужудга келади, ўзаро таъсир натижасида унда ақлнинг ижодий маҳсулдорлиги, теранлиги, тезлиги, мустақиллиги, танқидийлиги, чуқурлиги орта боради. 

Бу жараёнда инсонни фаол ҳаракат қилишга даъват қилувчи мотивация муҳим аҳамият касб этади.

Мотивация тушунчаси. Мотивация (лот. movere) - ҳаракатга ундаш (туртки бериш) маъносини англатади. Мотивация – психофизиологик жараён бўлиб, инсоннинг хатти-ҳаракатларини бошқаради, унинг йўналиши, ташкилот-чилиги, фаоллиги ва барқарорлигини белгилайди. Мотивация – инсоннинг эҳтиёжларини фаол равишда қондириш қобилиятидир.

Мотивация ҳис-туйғуга, ишонч эса ақлга боғлиқдир. 

Мотивация инсонга танлаш имкониятини бериб, уни бирор ишга асло мажбурламайди. У бу ишни ўз ички ҳис-туйғуларидан келиб чиқиб фаол амалга оширади. 

Энди мотивациянинг баъзи бир соҳалардаги ўрнига тўхталсак. Маълумки, ўзбек миллий кураши қадимдан бизга аждодлардан авлодларга мерос бўлиб қолган ва биз учун муқаддас спорт тури ҳисобланади. Ушбу спорт турини тўй, сайл ва байрам тадбирларида ўтишини кузатган бўлсангиз, даврани олиб борадиган баковул кураш томошабинлар учун қизғин ва мазмунли ўтиши учун полвонларнинг келиб чиқиши ва уларнинг полвонлар оиласидан эканлигини оммага баланд овозда таништириб боради. Қайси бир полвон заифроқ ҳаракат қилаётган бўлса, унинг қувватини янада оширишни кўзлаб у ҳақда мақтовли сўзларни гапира бошлайди. Натижада мусобақа қизғин кураш остида ўтади ва узоқ давом этади. Баковулнинг полвонлар ҳақида кетма-кет ёғдираётган мақтовли сўзлари мотивация дейилади. 

Баъзи ҳолларда спортчиларга мусиқа ҳам мотивацион ёрдам беради. 

Аксарият ёшлар кино, сериал ёки ўқиган адабиётларидан ўзлари учун қаҳрамон танлаб, унинг гап сўзлари-ю, юриш-туриши, ҳатто, кийинишигача эътибор бериб ўзларини ўша қаҳрамонга ўхшатишга ҳаракат қиладилар. Бу усулда ҳам мотивацияни кўришимиз мумкин. 

Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, мотивация иккига бўлинишини тушуниш мумкин. Биринчиси, мотивация инсоннинг бошқалар томонидан кучини оширувчи омил бўлиб хизмат қилаётган бўлса, иккинчиси эса, инсоннинг ким ёки нимадан олган таассуроти орқали мотивация намоён бўлади. 

Айрим инсонлар ҳаётидан нолиб ўзларини тиклаб ололмаётганидан шикоят қилиб қоладилар. Улар мотивациядан олдин ўзларидаги қўрқув, норозилик, уятчанлик, иккиланиш ва ички блокланган хислатларидан холи бўлиш ҳақида қайғуришлари лозим. Ушбу хислатлар мотивациянинг акси бўлиб, инсонни мақсад сари интилишларини йўқотишга хизмат қилади. Мотивация етишмаслигидан азоб чекадиган одамлар кўп ҳолларда хаёлпарастликка берилган, ақлларини ишлатишни хоҳламайдиган, ўзларига беэътибор бўлиб, ёшларига қараганда анча кексайган ва ҳаётга қизиқиши сўнган ноумид инсон бўладилар. 

Буюк файласуф Суқрот айтганидек, «Кимда истак бўлса – йўлини қидиради, кимда истак бўлмаса – сабаб қидиради». Шунинг учун ҳам ўз мақсадимизни амалга ошириш, Ватан ва оиламиз олдида юзимизни ёруғ қилиш учун муносиб йўл қидирсак.

“Маслоунинг эҳтиёжлар пирамидаси”. Америкалик машҳур психолог олим Абрахам Маслоу ўзининг 1943 йили "Инсон мотивацияси назарияси" газетасида ва кейинчалик унинг "Мотивация ва шахсият" номли китобида ўз эҳтиёжлари иерархияси тушунчасини илгари сурди. Ушбу иерархия одамларнинг бошқа, кўпроқ ривожланган эҳтиёжларга қараб ҳаракат қилишдан олдин асосий эҳтиёжларини қондиришга мажбур қилинганлигини кўрсатади. Ўша пайтдаги айрим психологик таҳлиллар ва хатти ҳаракатлар  муаммоли хатти-ҳаракатларга қаратилган бўлса-да, Маслоу одамларни бахтли қиладиган нарсаларни ва бу мақсадга эришиш учун қилаётган нарсаларни ўрганишга кўпроқ қизиқиш кўрсатарди.

Гуманист сифатида, Маслоу одамларнинг ўзини ўзи бажариши керак бўлган туғма истаги борлигига, яъни уларнинг барчаси бўлишига ишонарди. Бироқ, бу асосий мақсадларга эришиш учун озиқ-овқат, хавфсизлик, севги ва ўзини ўзи қадрлаш зарурияти каби бир қатор асосий эҳтиёжларни қондириш керак.

Маслоунинг керакли иерархиясининг беш хил даражаси мавжуд. Келинг, Маслоунинг эҳтиёжларини физиологик эҳтиёжлар деб номланадиган энг паст даражадан бошлаб яқиндан кўриб чиқамиз. Асосийдан кўпроқ мураккаб эҳтиёжларга қараб Маслоунинг иерархияси кўпинча пирамида кўринишида намоён бўлади.

Пирамиданинг пастки қисмида муҳтожлик - озиқ-овқат, сув, уйқу ва иссиқликка муҳтож бўлган асосий жисмоний эҳтиёжлардир. Ушбу паст даражадаги эҳтиёжлар қондирилгач, одамлар хавфсизлик ва хавфсизлик учун зарур бўлган кейинги эҳтиёж даражасига ўтишлари мумкин.

Одамлар пирамидани ривожлантирар экан, психологик ва ижтимоий жиҳатдан тобора кўпроқ эҳтиёж бор. Яқиндан севги, дўстлик ва яқинликнинг муҳимлиги муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, пирамидани янада юксалтириш, шахсий ҳурматга муҳтожлик ва муваффақият туйғуларига эҳтиёж бор.

Cарл Рогерс сингари, Маслоу ҳам ўз-ўзини англашнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди, бу шахсий имкониятларга эришиш учун инсон сифатида ривожланиш ва ривожланиш жараёни.

 

Ривожланиш эҳтиёжларига қарши камчиликларга эҳтиёжлар

Маслоу бу эҳтиёжлар гўдакка ўхшаш деб ҳисоблайди ва хатти-ҳаракатларда муҳим рол ўйнайди. Физиологик, хавфсизлик, ижтимоий ва ҳурматга бўлган эҳтиёжлар - бу муҳтожликдан келиб чиқадиган камчиликларга бўлган эҳтиёждир. Ноқулай ҳис-туйғулар ёки оқибатларни бартараф этиш учун ушбу паст даражали эҳтиёжларни қондириш муҳимдир.

Маслоу, пирамиданинг энг юқори даражасини ўсиш эҳтиёжи деб атайди. Бу эҳтиёжлар бир нарсанинг этишмаслигидан келиб чиқмайди, балки инсон сифатида ўсишни хоҳлашидан келиб чиқади.

Бу назария одатда нисбатан қатъий иерархия сифатида тасвирланган бўлса-да, Маслоу ушбу талабларнинг бажарилиши тартибини доимо ушбу стандарт тараққиётга риоя қилмаслигини таъкидлади. Мисол учун, у баъзи кишилар учун севги  ҳурматига бўлган эҳтиёжидан кўра, ўз-ўзини ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлайди. Бошқалар учун, ижодий эҳтиёж ҳатто энг асосий эҳтиёжларни бекор қилиши мумкин.

Пирамиданинг энг паст даражаси энг асосий эҳтиёжлардан иборат, энг мураккаб эҳтиёж эса пирамиданинг тепасида. Демак, улар пирамиданинг қуйидан юқорига кетма-кетликда қуйидагича намоён бўлади: 1) физиологик эҳтиёжлар (ҳаво, сув, озиқ-овқат, уйқу ва х.к); 2) хавфсизлик эҳтиёжлари (шахсий хавфсизлик, соғлик, барқарорлик ва х.к.);  3) ижтимоий эҳтиёжлар (мулоқот, эътибор, ғамҳурлик, қўллаб-қувватлаш); 4) ҳурмат ва эътирофга бўлган эҳтиёжлар (кераклилик, аҳамиятлилик, тан олиниш, ўзи ўзи ҳурмат қилиш); 5) ўзини намоён этишга бўлган эҳтиёжлар:  а) ижодий эҳтиёжлар (ижодкорлик, яратувчилик, изланувчанлик, кашфиёт); б) эстетик эҳтиёжлар (севги, қувонч, уйғунлик, гўзаллик); в) маънавий эҳтиёжлар (ижодкорлик, яратувчилик, изланувчанлик, кашфиёт).

Ҳар бир инсон ўз эҳтиёжларини қондириш учун ўқиши, изланиши, бирор бир касбни эгаллаши, меҳнат, ижод қилиши лозим. “Ош пиш оғизимга туш” дегани билан ош пишиб қолмайди. Лекин ҳамма ҳам ўзига ҳам моддий, ҳам маънавий озуқа берадиган касб билан шуғулланиш имкониятига эга бўлавермайди. Айрим ҳолларда бундай инсонлар қилаётган ишидан совуб, ўзларига дангасалик, бепарволик, лоқайдликни касб қилиб оладилар. Чунки уларга мотивация етишмайди.  Бундай мотивациялар нималардан иборат бўлиши мумкин? 

Инсонни касбий фаолиятга ундовчи мотивациялар қуйидагиларда ифодаланади:1) ишнинг мазмуни; 2) иш натижаларини аниқ белгиланиши;                  3) ходимнинг ўз фаолиятини ва таркибий тузилма ишини режалаштириш ва ривожлантиришда иштироки; 4) таклифларга бўлган талаб ва уни ҳисобини юритиш; 5) ходимга нисбатан ҳурмат, ишонч, очиқ ва самимий муносабат;                 6) эришилган натижаларни эътироф этиш ва рағбатлантириш; 7) мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бериш; 8) ходимнинг шахсий муаммоларини камайтириш учун шароит яратиш; 9) меҳнат шароитини яхшилаш ва ишнинг жозибадорлигини ошириш; 10) хизмат пиллапояларидан кўтарилиш ва касбий маҳоратини ошириш имкониятини бериш. 

Албатта булар барча учун бир хил мотивация роли ўйнай олмайди, лекин ҳар бир инсон ўзи меҳр қўйган касби шундай шароитда муваффақиятли бир хилда бажариши ҳам яхши самара ва натижаларга эришиши мумкин. 

Инсонни касбий фаолияти демотивациялари қуйидагиларда ифодаланади:1) иш мотивациясининг ўзгариши; 2) касбий фаолиятдан ҳиссий  зўриқиш (асабийлашиш, хавотига тушиш ва х.к); 3) ишни қатьий ўрнатилган тартиби, бирхиллик, такрорланиш; 4) хизмат пиллапояларидан кўтарилиш истиқболини йўқолганлиги; 5) ходимга нисбатан ҳурмат, ишонч, очиқ ва самимий муносабат йўқотилганлиги; 6) касбий маҳоратини ошириш имкониятининг чекланганлиги; 7) корпоратив бошқарув тизимининг самарасизлиги; 8) ишнинг жозибадорлиги йўқолганлиги. 

Юқорида келтирилган мотивацияга оид назария, тушунчалар ва мисоллар барча инсонлар ва уларнинг касбни эгаллашларига тегишли. Энди айнан юрисконсультлар касбий фаолияти ва унинг мотивациясини ёртишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун, аввало, юрисконсульт касбини бошқа касблардан фарқини аниқлаб олишимиз лозим. 

Юрисконсульт касбий фаолиятининг хусусиятлари  қуйидагиларда намоён бўлади: 1) оммавийлиги ва обрўли меҳнат эканлиги; 2) фаолиятнинг ҳуқуқий тартибга солинганлиги ва жуда масъулиятли эканлиги;                                       3) интеллектуал жозибадорлиги ва меҳнат фаолиятини ностандартлилиги;                       4) меҳнатнинг жамоавийлиги; 5) конфликтлилиги; 6) касбий ваколатларини амалга оширишда нисбатан мустақиллиги; 7) бевосита давлат органи ва ташкилоти раҳбарига бўйсуниши. 

Аввало, бундай ходимлар юрист малакасига эга бўлиши лозим.  Юрист - юридик маълумотга эга бўлган, юридик билимли, қонунчиликни билувчи, уларни амалий фаолиятда қўллаш кўникмасига эга бўлган шахс. Юрист касби цивилизация тарихида энг қадимий касблардан бири ҳисобланиб, у ҳуқуқ билан бирга пайдо бўлган ҳамда унинг роли қонунчиликнинг ривожланиши, жамият ҳаётини ҳуқуқий тартибга солиш аҳамияти кучайиши билан ошиб борган. Ҳуқуқни билиш ва уни қўллай билиш давлатнинг кўп функцияларини амалга ошириш учун муҳим шартга айланди. 

Иккинчидан, юрист касбининг муҳим ижтимоий роли мавжуд бўлиб, улар шахс манфаатлари, ҳуқуқлари, эркинликлари, мулки, жамият ва давлат манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуққа хилоф тажовузлардан ҳимоя қиладилар. Шунингдек, улар адолат, инсонпарварлик, қонунийлик, ҳуқуқ тартибот учун кураш олиб борадилар. Юристнинг ижтимоий роли айниқса юридик нормаларга риоя қилиш ва бажаришга катта аҳамият бериладиган ҳуқуқий давлатда кучаяди.

Учинчидан, юристлар нафақат ҳуқуқни қўллашда, балки қонунчиликни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшадилар. Улар қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайдилар ва уларни ваколатли органларга юборадилар, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлайдилар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулоса ва фикрлар берадилар.

Тўртинчидан, юрист касбига қайси йўналишда фаолият юритилишидан қатъи назар қуйидаги умумий хусусиятлар хосдир: инсонпарварлик ва адолат принципларини чуқур англаб етиш ва уларга риоя қилиш; давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан бевосита ёки билвосита боғлиқлик; психологик-педагогик касбий маҳоратларга таяниш; ижодий-тадқиқотчилик; қарор қабул қилишда мустақиллик; ташкилотчилик; расмийлик.

Буларнинг барчаси юрисконсульт касбига ҳам тўла тааллуқли, чунки у юридик хизмат доирасида фаолият кўрсатади.

Юридик хизматнинг эса ҳуқуқий майдонда  мустақил тузилма ва фаолият йўналиши сифатида мавжуд бўлиши объектив заруратга эга. Ушбу объектив зарурат қуйидагиларда намоён бўлади:

- биринчидан, кишилик жамияти шундай босқичга етдики, бундай босқичда ҳуқуқнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи роли барқарор ва муҳим бўлиб қолди. Келгусида ҳуқуқий ва ноҳуқуқий тартибга солиш ўртасидаги нисбат доимий бўлиб, ҳуқуқий омиллар заифлашмайди. Ушбу ҳолат ҳар қандай фаолиятни ҳуқуқий майдонда ва ҳуқуқий омиллар таъсирида амалга оширилишни тақозо этади;

- иккинчидан, ҳар бир фаолият соҳасидаги ҳуқуқий ишлар юридик малака асосида ташкил этилиши лозим. Шу сабабли ҳам муайян касб эгаси бўлган шахслар ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик саводхон бўлмасин, барибир ихтисослашган юридик хизматга муҳтож бўлади;

- учинчидан, ижтимоий тараққиёт жараёнлари ниҳоятда тезлашган ҳозирги даврда (бунга ахборот-телекоммуникациялар ривожи катта туртки берди) ижтимоий муносабатлар замирида ҳар бир субъектнинг манфаати, мақсади ётади. Манфаатлар ҳар доим мос келмаслиги баҳсли, мунозарали, низоли масалаларни келтириб чиқаради. Уларни бартараф этиш, юмшатиш мақсадида барча давлат органлари ва ташкилотлари, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматга (юрисконсультга) муҳтож бўладилар.

Шунинг учун ҳам давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд бўлган юзлаб касб эгалари ичида айнан юридик хизматнинг (юрисконсультнинг) ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аттестацияси, стажировкаси, махсус унвонлар берилиши, рағбатлантириш турлари қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда махсус белгиланган.

Юрисконсульт касбий фаолиятининг мотивацияси 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги  ПҚ–2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон қарорлари шулар жумласидандир.

Юқорида қайд қилинган ва бошқа юридик хизмат оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда юрисконсультлар касбий фаолиятини мотивацияси тааллуқли қуйидагилар нормалар белгиланган: 

биринчидан, давлат бошқарув органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари юридик хизматининг ҳуқуқий мақоми (вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги) Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган низом билан белгиланди; 

иккинчидан, мамлакатимиздаги барча хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизматнинг алоҳида муҳим вазифалари ва ҳуқуқлари қонунларда ҳам мустаҳкамланди; 

учинчидан, адлия органларининг давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди; 

тўртинчидан, давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган энг кам меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади. Бунда юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартирилишига йўл қўйилмайди;

 бешинчидан, илк бор давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимларига махсус унвонлар - мартаба даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган низом билан белгиланди;

олтинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига кўп йиллик хизмат учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилган;

еттинчидан, юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади;

саккизинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди;

тўққизинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари, лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида тегишли стажировка ўтмасдан иштирок этиш ҳуқуқига эга;

ўнинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларининг малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади;

ўн биринчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар;

ўн иккинчидан давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тизимли равишда тегишли соҳа фаолиятидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг амалга оширилишини ташкил этади;

ўн учинчидан буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилади;

ўн тўртинчидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши лозим;

ўн бешинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятлар мажбурий тартибда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари томонидан ҳам кўриб чиқилади;

ўн олтинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилади;

ўн еттинчидан, адлия органлари юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда юридик хизматлари ходимларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга;

ўн саккизинчидан, давлат органлари ва ташкилотларида ҳар йили юридик хизматларнинг мазкур давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийлик таъминланиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади;

ўн тўққизинчидан, юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади.

Юридик хизмат ходимлари томонидан ундирилган қуйидаги маблағлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мукофот пулини тўлашда ҳисобга олинади: тўлиқ ёки қисман тан олинган талабномалар бўйича давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган маблағлар; ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари асосида ундирилган маблағлар; фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари асосида ундирилган маблағлар; жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундириш қисми асосида ундирилган маблағлар; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ундирилган маблағлар; нотариусларнинг ижро хатларига асосан ундирилган маблағлар; бошқа ундирилган маблағлар. 

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда юрисконсультлар касбий фаолияти мотивацияга эътибор кучайтирилди, унинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Натижада юрисконсульт касбини эгаллаш иштиёқи ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрирда).
  2. Ўзбекистон Республикасининг «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуни.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуни.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни.
  5. Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуни. 
  6. Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни.
  7. Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни.
  8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги  ПҚ–2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (1, 3-бандлари).
  9. «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида НИЗОМ» // Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги  ПҚ–2733-сон Қарори билан тасдиқланган (15,16,18-бандлари). 
  10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги   ПҚ–2733-сон Қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарори (1,2-бандлари).
  11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 18 январдаги                      26-сонли қарори билан тасдиқланган «Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар Рўйхати”.
  12. «Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида НИЗОМ» //Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон Қарори билан тасдиқланган
  13. «Республика, ҳудудий (вилоят) ва туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари» // Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган.
  14. «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ миқдорлари (лавозим маошига нисбатан фоизларда)»//Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган.
  15. «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг лавозим маошларига мартаба даражалари учун қўшиладиган ҳар ойлик устамалар миқдорлари» //Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган.
  16. “Давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларни ташкил этиш шакллари» //Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган.
  17.  “Давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар ташкил этишнинг минимал нормативлари ва мезонлари»//Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган.
  18. «Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ» // Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган.
  19. «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари бериш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ» //Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 265-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган.
  20. «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ» //Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 264-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган.
  21. «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг маълумотлари базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ» //Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 39-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган.
  22. «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисидаги НИЗОМ» //Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 40-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган.
  23. «Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар» //Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 41-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган.
  24. «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ» //Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 42-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган. 
  25. Ильин E.П. Мотивация и мотивы. Учебное пособие, Спб: Питер, 2011.56 стр.
  26. Маслоу А. Теория человеческой мотивации.– СПб.: Евразия, 1999. – С. 77–105. 
  27. Отахонов Ф.Х.Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва юридик хизмат /Амалий қўлланма/ – 

Т.: “Адолат”, 2018. – 84 б.

  1. Отахонов Ф.Х. Юридик хизматнинг назарий-ҳуқуқий муаммолари. Монография /Масъул муҳаррир – ю.ф.д., проф. Ж.Тошқулов - Toшкент: Юристлар малакасини ошириш маркази, 2019 – 289 б.  
  2. Усмонова А.А, Норбоев А.Н.. “Юридик психология”. Ўқув қўлланма. –Т.: ТДЮИ нашриёти, 2006. –70 бет.
  3. Ғозиев Э. Психология методологияси // “Psixologiya” ilmiy jurnal, 2016 й. 1-сон.


«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930