Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари аъзолари малакасини ошириш – давр талаби

Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари аъзолари малакасини ошириш – давр талаби


2022 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда БМТ Таррақиёт дастури ҳамкорлигида имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида Жамоатчилик-маслаҳат кенгашларини тузиш ва потенциалини ошириш” лойиҳаси доирасида Сирдарё вилояти Ховос туманида халқ депутатлари Кенгаши ва туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари аъзолари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирни Ховос тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Н.Абдуллаев, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори С.Ходжаева ҳамда БМТ Таррақиёт дастури лойиҳа координатори Г.Сотволдиев кириш сўзи билан очиб беришди.

Жумладан, семинар-тренингдан асосий мақсад – 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги вазифаларни амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга қаратилган аниқ механизмларни белгилаб олиш, жамоатчилик кенгаши аъзоларининг халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимликларга аҳолининг мавжуд муаммолар ечими бўйича таклифларини етказиш борасидаги самарали мулоқот кўникмаларини шакллантиришдан иборат эканлиги таъкидланди.

Семинар-тренинг уч босқичда ташкил қилинди. 

Биринчи босқичда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи А.Акилов томонидан “Туман ҳокимлиги ва халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари фаолиятининг мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари”, “Жамоатчилик-маслаҳат кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш йўллари” мавзуларида тақдимот қилинди. Якунида назорат саволлари асосида савол-жавоблар ўтказилди ва натижалари муҳокама қилинди.

Иккинчи босқичда А.Акилов ҳамда лойиҳа аъзолари – Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори С.Ходжаева, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Г.Саттарова томонидан иштирокчилар билан 3 та гуруҳда машғулотлар олиб борилди. Жараёнда Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари туман учун долзарб бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз функцияларини қай тарзда амалга оширишлари илғор хорижий тажриба (кейс)лар мисолида тушунтириб берилди.

Учинчи босқичда семинар-тренингдаги мавзуларнинг ўзлаштирилганлик даражасини аниқлаш мақсадида қатнашчилар ўртасида тест синови ўзказилди ва натижалар баҳоланди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўқув жараёнидан муваффақиятли ўтганликларини тасдиқловчи халқаро сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Бу каби семинар-тренинглар режа асосида республикамиз бўйлаб давом этади.