Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари

Ф.Отахонов. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маҳаллий вакиллик ҳамда ижроия ҳокимиятидан иборат бўлиб, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари эса ижроия ҳокимият органи ҳисобланади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради.

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг роли

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100-моддасига мувофиқ  1) қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш; 2) ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш; 3) маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш; 4) маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш; 5) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; 6) фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш; 7) норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатига киради.

     Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунида уларнинг ваколатлари аниқлаштирилиб, унга кўра халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига қуйидагилар киради:

     ҳокимнинг тақдимига биноан, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;

     вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;

     вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозларини маълумот учун қабул қилиш;

     вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш;

     тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;

     вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

     маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

     ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш;

     ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;

халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари Кенгаши доимий ва бошқа комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

     халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;

     қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

     ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, шу жумладан қонунларга риоя этилиши, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш;

     тегишли прокурорларнинг ҳисоботларини эшитиш;

     Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

     тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

     тегишинча ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг ахборотини эшитиш;

     халқ депутатларининг сўровларини қараб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

     ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш;

     ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимлик структурасини, унинг ходимлари штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлаш.

     Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тегишли вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ҳамда Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

     Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари бир йилда камида бир марта ўз мажлисида вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг тегишли суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитади. Халқ депутатлари Кенгашининг мазкур масала юзасидан қарори Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига юборилади.

     Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир ўз ваколатларига берилган масалаларни, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ назорат этишга доир бошқа масалаларни ҳал этади.

       Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими:

     қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этади;

   жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади;

    вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, туманлар ҳамда шаҳарлар бюджетларидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга бюджет сўровини тузиш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

  вилоят, туман, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳасини, шунингдек унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади;

   тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади;

     ўз ўринбосарлари ва ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисидаги қарорларни халқ депутатлари Кенгаши тасдиғига тақдим этади;

      ҳокимлик девони бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

     қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини, башарти улар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига, шунингдек юқори турувчи халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорларига зид бўлса, бекор қилади ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади;

     раҳбарлари тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг ишини назорат қилади;

     халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатларни бажармаганликлари учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;

     давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни қараб чиқади ва таклифлар киритади;

     республика ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш кўради;

     қонун ҳужжатларида белгиланадиган алоҳида солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга ҳудудларнинг ҳамда фаолиятни амалга ошириш жойининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда пасайтирувчи ва ошиб борувчи коэффициентларни киритади;

     аҳолини қабул қилишни ташкил этади, фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини қараб чиқади.

     Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига:

     навбатдаги йил учун вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тақдим этиш учун;

     ўтган молия йили учун вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш учун юборади.

     Уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлашга доир талабларни қўпол равишда бузган ҳолларда туманларнинг, шаҳарларнинг (шаҳарлар таркибига кирувчи туманларнинг) ҳокимлари коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ даъволар билан судга мурожаат қилади.

     Ҳоким режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, вилоят, туман, шаҳар мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

     ЮРИДИК ХИЗМАТ

     Юқоридагиларга кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларига амалдаги қонунчилик бўйича берилган ваколатлардан уларнинг фаолияти жуда кенг қамровли эканлигини кўриш мумкин.

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонунийликни таъминлаш ва бошқа ҳуқуқий ишларни амалга ошириш мақсадида ҳокимлик аппарати тузилмасида юридик хизмат (бош юрисконсульт лавозими) назарда тутилган.

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органларининг юқорида санаб ўтилган ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал этишга қаратилган барча фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб беришни ташкил қилиш лозим. 

     Бунда юридик хизмат қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини амалга оширади:

  1. маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатларнинг қонунийлигини таъминлаш;
  2. маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мулкини сақлаш, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағларини шакллантиришда қонунийликни таъминлаш;
  3. шартномавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш;
  4. маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судда ва бошқа органларда ҳимоя қилиш.

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган ёки чиқариладиган ҳуқуқий ҳужжатларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:

     биринчиси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар;

     иккинчиси, ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарор ҳамда фармойишлар.

     Халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари уларнинг асосий иш шакли бўлмиш сессиялари даврида қабул қилинади. 

     Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти томонидан таъминланади.

     Сессия муҳокамасига киритилаётган қарор лойиҳалари Кенгашнинг комиссиялари ва Кенгаш котибияти томонидан ҳокимлик юридик хизмати иштирокида тайёрланади ва сессиядан олдин депутатларга тарқатилади. 

     Ҳокимлар томонидан қонунлар ва юқори турувчи давлат органларининг ҳуқуқий ҳужжатларини ижросини ҳамда шу ҳудуддаги муҳим ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солиш юзасидан қарорлар ҳамда кундалик, маъмурий, хўжалик ва шахсий таркибга оид масалаларни ҳал қилиш учун фармойишлар қабул қилинадиган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 104-моддасида ҳоким ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорларни қабул қилишлиги белгилаб қўйилган. 

     Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига киради.

     Юридик хизмат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларнинг қабул қилинишида қонунийликни таъминлаш учун халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини кўриб чиқиб, уларни ҳуқуқий баҳолайди ва виза қўяди. Зарурат бўлганда ҳокимга унинг қарор ва фармойиш лойиҳалари юзасидан таклифлар киритади. 

     Бунда юридик хизмат қуйидагиларни эътиборга олмоғи лозим:

     тақдим этилаётган ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, уларни ҳужжатни қабул қилаётган орган ваколатларига кириши, улар шу ҳудуддаги фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқ ва манфаатларига зид эмаслигини;

     қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда тузилганлиги, уларни тузишда қонунчилик техникаси қоидаларига риоя этилганлигини;

     ҳужжатни қабул қилинишига асос бўлувчи юқори турувчи органларнинг ҳуқуқий ҳужжатлари ёки топшириқларининг мавжудлиги, уларда ҳал этилиши кўрсатилган масалаларнинг лойиҳада тўлиқ ўз аксини топганлигини;

     ҳужжат қабул қилиниши зарурлигини асословчи тушунтириш хатининг мавжудлиги (тушунтириш хати ҳужжатни тайёрлаган орган томонидан тузилиб, унинг мансабдор шахслари томонидан имзоланади), уларнинг асослилигини;

     ҳужжатда белгиланган масалаларнинг бажарилиши юклатилаётган ижрочилар ва уларни ижро этиш муддатлари тўғри белгиланганлигини;

     ҳужжат лойиҳаси уни ижро этиш белгиланаётган манфаатдор ташкилотлар билан келишилганлиги, уни юзасидан уларнинг хулоса ва эътирозлари мавжудлигини;

     мазкур ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан аввал қабул қилинган ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришларни тўғри киритилаётганлиги, ўз кучини йўқотган ҳужжатларни ўрнатилган тартибда бекор қилинишини;

     ҳужжатда унга виза қўйиши шарт бўлган мансабдор шахсларнинг визалари мавжудлигини.

     Юридик хизмат ҳужжат лойиҳасини текшириш жараёнида:

     камчиликлар аниқланган тақдирда лойиҳани киритган органга асосланган эътирозлар тайёрлаш, улар бартараф этилмаган тақдирда тегишли ҳокимга маълумот тақдим этиш;

     ҳужжат қабул қилинганидан сўнг уни ўрнатилган тартибда рўйхатга олинишини, тегишли мансабдор шахслар ва манфаатдор ташкилотларга жўнатилишини, унинг асосий нусхаси ва уни қабул қилинишига асос бўлган ҳужжатларни сақлаш учун тўлиқ топширилганлигини назорат қилиш;

     ҳужжат ўрнатилган тартибда қабул қилинганидан сўнг, у юзасидан тушунтиришлар бериш каби вазифаларни ҳам бажаради.

     Мазкур жараён сермашаққат ва мураккаб бўлганлиги учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати ходимларидан юқори малака, чуқур билимлар ва тажрибага эга бўлишини талаб этади. 

     Юридик    хизматнинг   маҳаллий   давлат ҳокимияти органлари мулкини (коммунал мулкни) сақлаш  ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда  қонунийликни таъминлашдаги фаолияти

     Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига мувофиқ Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими фаолиятининг иқтисодий асосини маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (коммунал мулк) ҳамда вилоят, туман ва шаҳарда мавжуд бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи бошқа мулк ташкил этади.

     Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши давлат мулкини чегаралаш натижасида ўзига берилган ёки қонунларга мувофиқ ўзи сотиб олган объектларга нисбатан мулкдор ваколатларини тўлиқ амалга оширади.

     Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мол-мулки, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари вилоят, туман, шаҳар мулкидир. Вилоят, туман, шаҳар аҳамиятига эга бўлган муҳандислик инфраструктураси объектлари ва бошқа объектлар, корхоналар ва бирлашмалар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, фан ва маданият муассасалари, вилоят, туман, шаҳар маблағи ҳисобидан ташкил этилган ёки сотиб олинган, шунингдек улушбай асосларда ташкил этилган ёки сотиб олинган ёхуд халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига бошқа манбалардан бепул берилган қимматли қоғозлар ва молия активлари вилоят, туман, шаҳар мулки бўлиши мумкин.

     Бундан ташқари, вилоят, туман ва шаҳар мулки бошқа манбалардан ҳам шаклланиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 191-моддаси эгасиз ашёлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Ушбу моддага мувофиқ эгасиз кўчмас ашёлар тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади. Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин бир йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин.

     Юридик хизматнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мулкини (коммунал мулкни) сақлашдаги фаолияти қуйидаги ишларни бажариш орқали амалга оширилади:

  1. маҳаллий давлат ҳокимияти тасарруфидаги мол-мулкни баҳолаш ва сотишда қонунийликни таъминлаш;
  2. моддий бойликлар ва пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳасига ҳуқуқий хулоса бериш;
  3. мулкка зарар етказилиши жиноий хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлса, суд ва тергов органларига юбориш учун материалларни расмийлаштириш;
  4. мулкни сақлашни таъминлаш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини ташвиқот қилиш;
  5. эгасиз ашёларни маҳаллий давлат ҳокимияти мулкига ўтказиш бўйича ташкилий ишларни ҳуқуқий таъминлаш;. 
  6. бошқа ҳудудий давлат бошқаруви органлари билан биргаликда коммунал корхона ва ташкилотларда ўғирлик, камомад ва самарасиз харажатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини таҳлил этиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш;
  7. коммунал корхона ва ташкилотларга етказилган зарарларни ундириш чораларини кўриш ёки бу борада мазкур хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизматига услубий раҳбарликни амалга ошириш.

     Вилоят, туман ва шаҳарнинг молиявий ресурсларини бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари фондлар, аниқ мақсадга қаратилган фондлар, кредит ресурслари, шунингдек, республика бюджетидан ажратилган субвенциялар ва дотациялар ташкил этади. 

     Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 52-моддасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари:

     1) белгиланган нормативларга мувофиқ:

     фойда солиғи;

     жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

     акциз солиғи;

     ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (бундан қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ мустасно).

     2) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

     3) мол-мулк солиғи;

     4) ер солиғи;

     5) қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

     6) айланмадан олинадиган солиқ;

     7) юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушган қайтарилмайдиган пул тушумлари;

     8) автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим;

     9) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади. 

     Бошқа даромадларга қонунчиликка мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтириладиган давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, белгиланган нормативлар бўйича давлат активларини жойлаштиришдан, фойдаланишга беришдан ва сотишдан олинган даромадлар, давлат божлари, йиғимлар, товон пуллари ва жарима санкциялари, эгасиз мол-мулкни, мерос ҳуқуқи бўйича давлат ихтиёрига ўтган мол-мулкни, ҳуқуқ бўйича давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлган хазиналарни реализация қилишдан тушган тушумлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва қонунчиликка мувофиқ бошқа даромадлар киради.

     Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиши мумкин, уларга қуйидагилар киритилади:

     фуқаролар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, бундан бюджет ташкилотлари мустасно, ихтиёрий бадаллари ва хайриялари;

     қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа бюджетдан ташқари маблағлар.

     Маҳаллий ҳокимият органлари вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари шахсий ғазна ҳисобварақларида туради, олиб қўйилмайди ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорига кўра сарфланади.

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мулкини сақлаш, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағларини шакллантиришда қонунийликни таъминлаш бўйича юридик хизмат қуйидаги ишларни амалга оширади:

  1. маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида маҳаллий бюджетга келиб тушишини таъминловчи ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқишда қатнашади;
  2. вилоят, туман ва шаҳар мулкларини ижарага беришдан ва сотишдан келадиган пул маблағларини ўз вақтида бюджетга келиб тушишини таъминлаш бўйича ҳуқуқий воситалардан фойдаланиш чора-тадбирларини кўради;
  3. қонунда кўрсатилган ҳолларда ҳуқуқбузарлик содир этилганда маҳаллий бюджет даромадига ўтказиладиган молиявий маблағларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришда иштирок этади;
  4. вилоят, туман ва шаҳарнинг бюджетдан ташқари фондларини шакллантирилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда қатнашади. 


     215-модда. Муниципал мулк

     Давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек бошқа мол-мулк муниципал мулк бўлади.

     Олдинги таҳрирга қаранг.

     Муниципал мулк бўлган мол-мулкни, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этадилар.

     (215-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

     Муниципал мулк бўлган мол-мулк юридик шахсларга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилиши мумкин.

     Олдинги таҳрирга қаранг.

     Муниципал мулк маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобидан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган асосларга мувофиқ бошқа тушумлар ҳисобидан ташкил этилади.

     (215-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

     Олдинги таҳрирга қаранг.

     Муниципал мулк объектлари қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида хусусий мулк қилиб берилиши мумкин.

(215-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683

     Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 19 ноябрдаги “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида муниципал мулк объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларига берилганлиги белгиланган. Шунинг учун ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари оммавий мулкни тасарруф этувчи субъектлар қаторига киради. Юқоридаги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи томонидан махсус комиссия тузилади. Ушбу комиссия таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органининг, корхона маъмуриятининг, меҳнат жамоасининг, жамоат ташкилотларининг, молия идорасининг, банкнинг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг вакиллари ва бошқа мутахассислар жалб этилади. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш объектининг сотув нархини оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи белгилайди. Сотув нархини белгилашда объектнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш вақтидаги қийматига асосланади ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ўтказилаётган пайтда қарор топган ҳақиқий баҳоси ҳисобга олиниши лозим. 

     Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чоғида оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи билан янги мулкдор ўртасида ўзаро мажбуриятлар ҳамда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган объект фаолиятининг шартлари тўғрисида шартнома тузилиши мумкин. Унда янги мулкдорга муайян давргача корхона ихтисосини, ишлаб чиқариш ҳажмини ва иш жойларини сақлаб қолиш бўйича мажбуриятлар юкланади. 

     Давлат мулкини хусусийлаштиришда қонунийликни таъминлаш учун юридик хизмат қуйидаги ишларни амалга оширади:

  1. мулкни хусусийлаштириш юзасидан чиқарилаётган ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатларнинг қонунийлигини текширади;
  2. мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш юзасидан тузилган комиссиянинг иш фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда иштирок этади;
  3. давлат тасарруфидан чиқарилаётган ва хусусийлаштирилаётган мулкнинг баҳоси қонун асосида белгиланганлигини текширишда иштирок этади; 
  4. оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи билан янги мулкдор ўртасида ўзаро мажбуриятлар ҳамда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган объект фаолиятининг шартлари тўғрисида шартнома тузилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда иштирок этади, шунингдек, мазкур шартнома шартларига риоя этилишини назорат қилиш ҳуқуқий механизмини ишлаб чиқишда қатнашади. Шартнома шартлари бузилганда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш юзасидан қабул қилинган ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатни бекор қилиш чораларини кўради. 

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари шартномавий муносабатларда унинг бевосита иштирокчиси сифатида ҳамда ўз ҳудудларида хўжалик субъектлари ўртасидаги шартномавий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриш ва бу ишларни мувофиқлаштириб бориш орқали иштирок этиши мумкин. 

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шартномавий муносабатларнинг бевосита қатнашчиси сифатида иштирок этишининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида ўз ифодасини топган. Унда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими ўзларига берилган ваколатлар доирасида умумманфаатни ифодаловчи тадбирлар ўтказиш, қўшма корхоналар, хўжалик ташкилотлари тузиш учун ҳамда турли тармоқлар ва бошқарув соҳаларида фаолиятларни уйғунлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятлари, шаҳарлари ва туманларининг давлат ва бошқаруви органлари билан шартномалар асосида ўзаро муносабатлар ўрнатишга ҳақли эканлиги ўз ифодасини топган. 

     Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири)да маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бевосита шартномавий муносабатларнинг субъекти сифатида намоён бўладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, мазкур қонуннинг 11-моддасига мувофиқ фермер хўжалигини ташкил этишда ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи билан туман ҳокими ўртасида тузилади.

     Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шартномаларини, шунингдек контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш ишларини мувофиқлаштириб бориш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларни ривожлантириш учун шароит яратиш билан боғлиқ чора-тадбирларни кўриши белгилаб қўйилган. Мазкур вазифаларнинг бажарилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда иштирок этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати томонидан амалга оширилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни такомиллаштириш ва мажбуриятлар бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 383-сонли Қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек, уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ мазкур тоифадаги шартномалар туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида рўйхатдан ўтказилади. Айнан ушбу тоифадаги шартномаларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида ўз вақтида тузилиши, рўйхатдан ўтказилиши ҳамда ижро этилишини туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан биргаликда мувофиқлаштириб бориш ишлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати томонидан амалга оширилиши лозим.

 

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ва  қонуний манфаатларини судда ва бошқа органларда  ҳимоя қилиш

     Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси мувофиқ Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким томонидан қабул қилинган ҳамда чиқарилган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят қилиниши, шунингдек прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

     Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни 14-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.

     Ўзбекистон Республикасининг “Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни 27-моддасига мувофиқ агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

     Мазкур ҳуқуқлар асосида фуқаролар ҳамда юридик шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ёки бошқа ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатлари ёхуд мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида ўзларининг ҳуқуқларини бузилган деб ҳисобласалар судларга даъво аризалари билан мурожаат этишлари мумкин. 

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати ходимлари судда, бошқа ташкилотларда ҳуқуқий ишлар кўрилаётганда, даъвогар ёки жавобгарнинг вакили ёки учинчи шахс сифатида иштирок этадилар.

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати судда жавобгар вакили сифатида иштирок этаётганда, давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилаётганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилишини эътиборга олишлари лозим ҳамда унинг қонунийлигини исботлаш бўйича зарур бўлган далилларни судга тақдим қилишлари шарт. 

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунийликни таъминлаш ваколатларидан келиб чиққан ҳолда, ўз ҳудудларида қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан судларга даъво аризалари билан мурожаат этиш ҳуқуқига эгадирлар.

     Даъво ишларини олиб бориш ҳам муҳим жараён бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади: даъво материалларини ўрнатилган тартибда расмийлаштириш ва уни тегишли судга топшириш; вакил сифатида суд мажлисида иштирок этиш, иш юзасидан сўзга чиқиш; даъвогар фойдасига чиқарилган ҳал қилув қарорининг ижросини назорат қилиш ва унинг тезроқ бажарилиши учун чоралар кўриш; ҳал қилув қарори ёки ажримнинг қонуний ва асослилигини текшириш юзасидан юқори инстанция судларига мурожаат этиш .

     Юридик хизмат томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бошқа органларда ҳимоя қилиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу жараён ўз ичига давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси), юқори турувчи ҳокимликлар, прокуратура, адлия ва бошқа ваколатли органлар томонидан тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи фаолиятида қонунийлик ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўрганилаётганда, шунингдек, улар фаолиятига оид қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама этилаётганида юридик хизматнинг иштирок этишини ўз ичига олади.

     Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасига мувофиқ Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бекор қилинади.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан бекор қилинган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қарорлари ўзининг амал қилишини тугатади.

     Ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ҳукумат ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зид келадиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўхтатилади ва бекор қилинади.

     Шунингдек, Қонуннинг 29-моддасида ҳокимнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилиши белгиланган. 

     Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг (янги таҳрир) 38-моддасида прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи ва протестни кўриб чиқиш, унинг натижалари ҳақида маълумот бериш муддатлари белгилаб қўйилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати прокурор томонидан келтирилган протестни кўриб чиқиш, унда кўрсатилган қонун бузилиши ҳолларини бартараф этиш, ушбу ишларни белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлашда бевосита иштирок этадилар.

Хулоса қилиб айтганда, юридик хизмат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари манфаатларини суд ва бошқа органларда ҳимоя қилишда фаол иштирок этиш орқали уларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

   

      Юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаш-тирилган ҳисобини юритиш ва сақлашни ташкил қилиш бўйича фаолияти

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматининг энг асосий вазифаларидан бири бевосита маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига тааллуқли бўлган қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорлари, фармойишларини тизимлаштирилган ҳисобини юритиш ва сақлашни ташкил қилишдир.

     Бунда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz (кейинги ўринларда Lex.uz) ҳуқуқ ва ҳуқуқий ахборотлаштириш соҳасида давлатнинг асосий ҳуқуқий ахборот ресурсидан кенг фойдаланиш мумкин.

     Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасида Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини таъминлашлари лозимлиги белгиланган.

     Айнан мазкур вазифалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли даражада бажарилиши учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ходимлари қабул қилинган, амалда бўлган, шунингдек ўз кучини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида етарли даражада маълумотга эга бўлишлари талаб этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида етарли ва тўлиқ маълумотга эга бўлишни осонлаштириш учун доимий равишда уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиб бориш ҳамда уларни сақлашни ташкил этиш талаб этилади. Бунинг учун Lex.uz каби электрон ахборот ресурсини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳам ишга тушириш мақсадга мувофиқ. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари юридик хизмати томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштирилган ҳисобини олиб бориш ва сақлаш қандай тартибда амалга оширилса, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати томонидан ҳам шундай тартибда бажарилиши лозим. Шундагина муайян масалалар бўйича зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик хизмат томонидан тезда топиш имкони яратилади. 

 

     Юридик хизматнинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш ишларини ташкил қилишнинг шакл ва услублари

     Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини ҳуқуқий таъминлашнинг асосий усулларидан бири уларнинг ходимларига ёки бошқа шахсларга ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар беришидир. Юридик хизмат томонидан ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш оғзаки ва ёзма шаклда амалга оширилиши мумкин. Ҳуқуқий масалалар бўйича бериладиган маслаҳатнинг қандай шаклда бўлиши маслаҳат сўраб мурожаат этган ходимнинг талабидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Жиддий ва муаммоли бўлган ҳуқуқий масалалар юзасидан доимо ёзма равишда маслаҳат олиш мақсадга мувофиқ.

     Юридик хизмат томонидан ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш бир неча услубларда амалга оширилиши мумкин. 

     Булар қуйидагилардир:

     биринчиси, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат олиши керак бўлган шахс бевосита ўзини қизиқтирган масала юзасидан юридик хизмат ходимига мурожаат қилиши;

     иккинчиси, бирорта ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан ходимга уни юридик хизматда экспертизадан ўтказиш жараёнида унга ҳужжатдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериш;

     учинчиси, юридик хизмат ходими билан бошқа бўлим ходими биргаликда муайян ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқаётганида лойиҳага тааллуқли масалаларнинг ҳуқуқий ечимини топиш;

     тўртинчиси, юридик хизмат томонидан ҳуқуқий масалалар юзасидан семинар тренинг ва давра суҳбатлари ўтказиш;

     бешинчиси, юридик хизмат ходими томонидан ҳуқуқий мавзуларда маърузалар ўқиш орқали  ходимларга ҳамда бошқа фуқароларга ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар берилиши мумкин.

     Ҳуқуқий масалалар юзасидан берилаётган маслаҳатлар тўлиқ, батафсил ва аниқ бўлиши лозим. Айрим ҳолларда юридик маслаҳат сўралаётган масала юзасидан бир нечта қонун ҳужжати қабул қилинган бўлади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда юридик маслаҳат бериш лозим. Ушбу моддага мувофиқ агарда битта масала юзасидан бир-бирига зид бўлган ёки тўғри келмайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда бўлса, у ҳолда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Агарда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тенг юридик кучга эга бўлса, кейинроқ қабул қилинган норматив-ҳужжат қоидалари амал қилади. 

     Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирлик, давлат қўмитаси ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил мақомдаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлади.

     Аксарият ҳолларда сўралаётган масалани тартибга солувчи нормаларда ҳаволаки нормалар учраб туради. Бундай ҳолатда юридик хизмат ходими албатта маслаҳат олаётган шахсга ҳавола қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот бериши лозим. Акс ҳолда сўралган масала юзасидан тўлиқ маслаҳат берилмаган бўлади ва бу келажакда муайян ҳуқуқий низоларга сабаб бўлиши мумкин. 

     Баъзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни тушунарсиз ифодаланган бўлади. Бундай ҳолатда юридик хизмат ходими сўралган масала юзасидан аниқ ва ишонарли юридик маслаҳат бериши учун Конституциявий суд амалиёти материалларидан фойдаланиши лозим. Бунга сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари нормаларига шарҳ бериш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатларидан бирига киради. Агарда Конституциявий суд амалиётида юридик хизмат ходимини қизиқтирган ҳуқуқ нормаси бўйича шарҳ берилмаган бўлса, унда мазкур ҳуқуқ нормасини шарҳлаб беришни сўраб Конституциявий судга мурожаат этиш лозимлиги тушунтирилиши керак. 

     Агарда юридик маслаҳат сўралаётган масала бирорта ҳам ҳуқуқ нормаси билан тартибга солинмаган бўлса ёки қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқ туфайли юридик маслаҳат бериш имкони мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-6-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда юридик маслаҳат бериш лозим. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-моддасига мувофиқ ижтимоий муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги). Агарда кўрсатиб ўтилган ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади. Фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди.

     Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 6-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятининг бирон-бир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидаси, бирон-бир ҳужжатда ёзилганлиги ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, иш муомаласи одати деб ҳисобланади.

     Фуқаролик қонун ҳужжатларида тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, бу муносабатларни тартибга солишда маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилади. Тегишли муносабат иштирокчилари учун мажбурий бўлган қонун ҳужжатлари нормаларига ёки шартномага зид бўлган иш муомаласи одатлари, маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилмайди.

     Ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар беришда Конституциявий суднинг қарорларидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди  Пленуми ва Раёсати қарорларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Мазкур ҳужжатларда қонун нормаларини қўллаш ва муайян масалани ҳал этишда қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқ мавжуд бўлса қайси қонун ҳужжатларидан фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида кўрсатмалар берилган бўлади. 

     Бундан ташқари судлар томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини, ажримларни, қарорларни ҳамда ҳукмларни ўрганиб бориш ҳуқуқий масалалар бўйича бериладиган маслаҳатларнинг сифатини оширади.

 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930