Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Олтин даврга саёҳат

Олтин даврга саёҳат


Жорий йилнинг 21 май куни Тошкент давлат юридик университетида «Янги Ўзбекистонда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш – инсон қадрини улуғлашнинг бош мезони» мавзусида уч авлод учрашуви ташкил этилди.

Унда университетнинг 1981 йилги битирувчилари, шунингдек раҳбарияти, деканлари ва масъул ходимлари, талабалар ва фахрий профессорлар иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов модераторлик қилди.

Тадбирни Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, прокуратура фахрийси Эшмамат Бердимуратовнинг қутлов сўзлари тингланди.

Улар ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибалари, хусусан, талабалик хотиралари ҳақида сўзлаб, ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонда ёш авлоднинг истиқболи учун барча соҳаларда катта имкониятлар яратилгани, улардан ёшлар унумли фойдаланиши кераклиги борасида ҳаётий тавсияларни бериб ўтишди.

Тадбир асносида иштирокчилар университет бинолари, жумладан юридик клиника, Япон маркази, суд зали, криминалистика каби қатор ўқув ва машғулот хоналари, ахборот ресурс маркази, спорт заллари ҳамда уларда яратилган замонавий шароитлар, шунингдек университетнинг мақсадли капитал (Endowment Fund) жамоат фонди фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Университет фахрий профессорлари – Ҳалим Бобоев, Узоқ Бозоров ва Марат Ғуломовларнинг иштироки уч авлод учрашувига янада байрамона руҳ бағишлади.

Тадбир юқори савияда ўтди. Сирасини айтганда, уч авлод учрашувида бундан 41 йил олдин университетни тамомлаб кетган битирувчилар талабалик ёдларини бир бутунлигича, хотира чеккасида ҳаёт ва турмуш ташвишлари залворидан кўмилиб бораётган бир зумлик лаҳзасигача эсга олиб, ортга қайтмас олтин даврга хаёлан саёҳат қилдилар.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930