Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Юридик таълимнинг тизимлилиги: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мисолида

Юридик таълимнинг тизимлилиги: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мисолида


Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган илмий учрашув шу мавзуга бағишланди.

 Унда парламент аъзолари, халқаро ва хорижий экспертлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, шунингдек, ташкилотчи ҳамкорлар, академик ҳамжамият, юридик таълимга ихтисослашган олий ўқув юртлари, мутасадди идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 Тадбирни халқаро тоифадаги профессионал модератор – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов очиб берди ва олиб борди.

Жумладан, А.Саидов бугунги тадбир инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги илғор хорижий амалиёт асосида халқаро ва хорижий экспертлар билан ўзаро тажриба алмашиш, пировардида бу борадаги юридик таълим йўналишларини янада ривожлантириш, ўз навбатида, аниқ чора-тадбирларни режалаштириш учун қулай имконият эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

 Очилиш қисмида БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлигининг Марказий Осиё бўйича катта юридик маслаҳатчиси Иван Салеев ва Россия халқлар дўстлиги университети доценти, ҳуқуқ фанлари номзоди Екатерина Киселева кириш сўзлари билан маъруза қилишди.

 Муҳокамаларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўналишларидан бири –қочоқларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жабҳасидаги юридик таълим истиқболлари қатнашчилар диққат марказида бўлди.

 Қайд этилганидек, бу соҳада БМТнинг 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва мазкур конвенциянинг 1967 йилдаги Протоколи муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

 Айниқса, шиддат билан ривожланаётган ҳозирги глобаллашув даврида бутун дунё бўйлаб таъқиблар ва зўравонликлар туфайли ўз ватанлари, яшаш жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган миллионлаб одамларнинг ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида ва тўлақонли ҳимоя қилишда юксак ҳуқуқий ва сиёсий билим даражаси, шунингдек, бу борада профессионал мутахассислар тайёрлаш тизими мавжуд бўлиши долзарб аҳамият касб этади.

 Мунозараларда сўз олган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов қочоқларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш хусусида мулоҳаза юритиб, билдирилган фикрларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали бу соҳадаги халқаро экспертларнинг назарий ва амалий тренинглардан иборат қисқа муддатли ўқув курсларини йўлга қўйиш, шунингдек, машғулотларнинг видеолавҳаларини тайёрлаш ва юртимиз юридик таълим муассасаларидаги ўқув тилларига таржима қилиш ҳамда улардан дарс жараёнларида мақсадли фойдаланиш юзасидан ўз таклифларини билдириб ўтди.

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930