Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон ва Сингапур: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари

Ўзбекистон ва Сингапур: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари


2023 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари интститути ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Сингапур: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Анжуманда сенаторлар, депутатлар, шунингдек, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда Институтнинг Илмий-эксперт кенгаши ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” таҳрир ҳайъати аъзолари, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти ва мамлакатнинг бошқа етакчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон ва Сингапур алоқаларининг кейинги босқичида миллий парламент олдида турган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш, бу борада илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, шу билан бир қаторда, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Сингапур парламенти” тўплами тақдимотидан иборат эканлиги тадбир ташкилотчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Очилиш қисмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева 1997 йилда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўзаро манфаатли сиёсий ва иқтисодий шериклик йўлга қўйилгани, шу йил 17 январь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳада ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлигини ривожлантириш учун қўшимча шароит яратаётгани хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 14 та ҳужжат, шу жумладан, 6 та давлатлараро ва ҳукуматлараро шартнома, 6 та идоралараро ва бошқа ҳужжатлар ташкил этиши, жорий йил 17 январдаги давлат ташрифи давомида эса Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир 8 та ҳужжат имзолангани ва уларнинг мазмун-моҳияти масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Давра суҳбати давомида қатор экспертларнинг икки давлат ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларига бағишланган маърузалари тингланди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев ўз маърузасида Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб, янада кенгайиб бораётганини ҳамда тўқимачилик, кимё, транспорт, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари ва ҳозирги динамика сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, таълим ва маданий-гуманитар жабҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими Нозим Хасанов давра суҳбати иштирокчиларига Сингапур давлатининг сув тежаш соҳасидаги тажрибаси борасида батафсил маълумот бериб, ушбу тажрибани икки мамлакат соҳа мутахассислари ҳамкорлигида юртимизда қўллаш бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

 

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Бахром Сотиболдиев икки мамлакат халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилаётганини, Сингапур БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган қатор резолюцияларни қўллаб-қувватлаётганини ва ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам БМТнинг турли тузилмаларида Сингапур номзодини қўллаб-қувватлаб келаётганини, бу эса ўзаро муносабатларни изчил мустаҳкамлаб бораётганини урғулади.

Маърузалардан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Сингапур парламенти” тўплами тақдимоти ўтказилди. 

Институт директори Фозилжон Отахонов дунё мамлакатлари парламентлари ҳақидаги тўпламларни тайёрлаш ишлари давом эттирилиб, бу гал “Сингапур парламенти” тўплами нашр этилгани ва мазкур тўпламда Сингапур парламенти, унинг бошқарув аппарати, еттита доимий қўмита, вақтинчалик махсус қўмиталар, тадқиқот департаменти ва бошқа таркибий бўлинмалари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижалари ўз ифодасини топгани ҳақида қатнашчиларга маълумот берди. 

Сўз олганлар ушбу тўплам давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган парламент фаолияти тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш вазифаси доирасида хорижий мамлакатлар парламентаризми бўйича тадқиқотларни янада чуқурлаштириш зарурати билан боғлиқ саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишини, конституциявий демократик тамойилларни мустаҳкамлаш ва халқ манфаатлари йўлида парламентаризм самарадорлигини ошириш мақсадида парламент фаолиятини ривожлантиришнинг эътиборга молик жиҳатлари асосида миллий тажрибани бойитишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Якунида, Ўзбекистон – Сингапур парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди, илмий-амалий тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031