Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

“Дaвлaт фуқaролик хизмaти тўғрисидa”ги янги қонун бўйичa ўқишлaр тaшкил этилди

“Дaвлaт фуқaролик хизмaти тўғрисидa”ги янги қонун бўйичa ўқишлaр тaшкил этилди


Жорий йилнинг сентабрь-октябрь ойларида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва уни амалга ошириш бўйича иқтисодий ўқишлар бўлиб ўтди.

Иқтисодий ўқишлар икки йўналишда ташкил этилди. Биринчиси, вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бош бошқармалар ва тизим ташкилотлари ходимлари учун ўқув семинарлари шаклида, иккинчиси вазирлик тизимидаги кадрлар бўлинмалари ходимлари учун махсус дарслар шаклида ўтказилди. Машғулотлар Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлари доктори, профессор Фозилжон Отахонов томонидан олиб борилди.

Таъкидланганидек, юртимизда сўнгги йилларда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Давлат органлари “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янгича ва халқчил тизимда ишлашни бошлади. Давлат бошқаруви ва давлат хизматчилари оддий одамларга яқинлашди. Халқни эшитиш, муаммоларни тезкор ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди. Мазкур тизимни мустаҳкамлаш учун эса муҳим ҳуқуқий асос қабул қилиниши керак эди. Вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун эса бу борадаги муҳим дастуриламал ҳужжат бўлгани шубҳасиз.

Қайд этилганидек, қонун давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозимлар тоифалари ва малака даражаларини, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларининг ягона тартиботини, кадрларнинг касбий-маънавий фазилатлари ва алоҳида хизматларнинг объектив ҳамда адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини, умуман, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солишни назарда тутади.

Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, унинг “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат бошқаруви”, “Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми”, “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш” каби бобларида давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, одоб-ахлоқ қоидалари каби тушунчалари акс этган. Ҳужжат Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади. 

Иқтисодий ўқишлар давомида давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат бошқаруви, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш, давлат фуқаролик хизматчисини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш каби бир қатор мавзулар муҳокама этилди. Шунингдек, Қонун билан кучга кирадиган ва кадрлар бўлинмалари фаолиятига бевосита алоқадор бўлган масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Мухтасар айтганда, давлат хизматида узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун нормаларининг самарали ижросини таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш соҳасида илғор халқаро стандартларга жавоб берувчи ягона тартибот тизими шакллантирилади. Энг асосийси, давлат фуқаролик хизматига малакали кадрларни фаол жалб қилиш, улар салоҳиятини ошириш, фидойи, халқпарвар ва рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш учун зарур ҳуқуқий шароитлар яратилади.

Янги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва уни амалга ошириш бўйича ташкил этилган иқтисодий ўқишлар ходимлар салоҳиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930