Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Давлат органлари ва ташкилотларига профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар

Давлат органлари ва ташкилотларига профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар


Мамлакатимизда адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш, декларатив хусусиятга эга вазифаларни бекор қилиш, функцияларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаш ва такрорланишларнинг олдини олиш орқали бюджет маблағларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулияти янада кучайтирилди.

ЮРИДИК ХИЗМАТ ТУШУНЧАСИ ВА МОҲИЯТИ

Юридик хизмат деганда – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхона, муассаса ва ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотларда ҳуқуқий ишларни амалга оширилишини таъминлайдиган, бевосита уларнинг  раҳбарига бўйсунадиган, ташкилий жиҳатдан мустақил бўлган таркибий тузилма (юридик департамент, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро) ёки лавозим (бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт  ёки юрисконсульт) тушунилади. 

Юридик хизмат тушунчасида ҳам фаолият йўналишига, ҳам фаолиятни амалга оширувчи тузилмага – субъектга алоҳида урғу берилган.  Агар улар бир-биридан ажратилса, юридик хизмат ўз моҳиятини йўқотади, бошқа тузилмалар ва фаолиятларга аралашиб кетади. Юридик хизмат ҳуқуқий майдонда  мустақил тузилма ва фаолият йўналиши сифатида мавжуд бўлиши объектив заруратга эга. Ушбу объектив зарурат қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчидан, кишилик жамияти шундай босқичга етдики, бундай босқичда ҳуқуқнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи роли барқарор ва муҳим бўлиб қолди. Келгусида ҳуқуқий ва ноҳуқуқий тартибга солиш ўртасидаги нисбат доимий бўлиб, ҳуқуқий омиллар заифлашмайди. Ушбу ҳолат ҳар қандай фаолиятни ҳуқуқий майдонда ва ҳуқуқий омиллар таъсирида амалга оширилишини тақозо этади;

иккинчидан, ҳар бир фаолият соҳасидаги ҳуқуқий ишлар юридик малака асосида ташкил этилиши лозим. Шу сабабли ҳам муайян касб эгаси бўлган шахслар ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик саводхон бўлмасин, барибир ихтисослашган юридик хизматга муҳтож бўлади;

учинчидан, ижтимоий тараққиёт жараёнлари ниҳоятда тезлашган ҳозирги даврда (бунга ахборот-телекоммуникациялар ривожи катта туртки берди) ижтимоий муносабатлар замирида ҳар бир субъектнинг манфаати, мақсади ётади. Манфаатлар ҳар доим мос келмаслиги баҳсли, мунозарали, низоли масалаларни келтириб чиқаради. Уларни бартараф этиш, юмшатиш мақсадида барча давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматга муҳтож бўладилар.

Ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш жараёнида юридик хизмат ёки юрисконсульт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган –«ҳуқуқий масалалар», «ҳуқуқий ишлар», « ҳуқуқий ёрдам»   («юридик ёрдам»), «ҳуқуқий хизмат кўрсатиш» («юридик хизмат кўрсатиш»),  «ҳуқуқий хизмат қилиш» («юридик хизмат қилиш»), «ҳуқуқий маслаҳат» («юридик маслаҳат») каби терминлар қўлланилади. Бироқ, уларнинг мазмуни юридик адабиётларда тўлиқ ёритилмаганлиги оқибатида амалиётда турли муаммолар юзага келиши ҳамда уларни ноўрин қўлланилиши ҳолатлари кузатилмоқда. 

Ҳуқуқий масалалар деганда жисмоний ва юридик шахслар фаолияти давомида юзага келадиган, ҳуқуқ нормалари орқали ечилиши лозим бўлган масалалар тушунилади.

Ҳуқуқий ишлар – бу жамият ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий,  маданий ва бошқа соҳаларидаги давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг   белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда хўжалик юритиш ва бошқарув самарадорлигини янада ошириш мақсадида қонунийликни таъминлаш, ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда ҳуқуқий воситалардан кенг фойдаланишга қаратилган фаолиятидир.

Юридик ёрдам деганда юристлар томонидан жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, шунингдек юридик шахсларнинг бузилиш хавфи мавжуд бўлган ёки бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўрсатиладиган фаол профессионал ёрдами тушунилади.

Юридик хизмат кўрсатиш[1] деганда асосан юристлар ёки белгиланган тартибда давлат органлари, нодавлат нотижорат ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан шартномага мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга айрим ҳуқуқий масалалар бўйича, қоида тариқасида, ҳақ эвазига   хизмат кўрсатиш тушунилади.

Юридик хизмат қилиш[2] деганда асосан юристлар ёки белгиланган тартибда давлат органлари, нодавлат нотижорат ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан доимий ёки узоқ муддатга тузилган шартномага мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий масалалар бўйича, қоида тариқасида, ҳақ эвазига хизмат қилиш тушунилади. Демак, «юридик хизмат қилиш» «юридик хизмат кўрсатиш»дан биринчидан - доимий ёки узоқ муддат давомида амалга оширилиши, иккинчидан - барча ҳуқуқий масалалар бўйича олиб борилиши мумкинлиги билан фарқланади.

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИГА ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСА-ТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сон Фармони.  (Давлат дастурининг 37-банди).

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5997-сон Фармони.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самара-дорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сон Фармони (мазкур фармон билан Адлия вазирлиги Низоми ва тузилиши тасдиқланган)

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сон Қарори. 

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги  “Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-173-сон Қарори.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 561-сон Қарори.

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИГА ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ТУШУНЧАСИ ВА АҲАМИЯТИ

Адлия вазирликнинг асосий вазифаларидан бири уни Низомига (9-банди) мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш ҳисобланади.

Ушбу асосий вазифани амалга ошириш соҳасида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари орқали қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган ҳолларда Давлат бюджетидан молиялаштириладиган туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларига замонавий ахборот технологиялари ёрдамида марказлашган ҳолда сифатли юридик хизмат кўрсатилишини ташкил қилади.

Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазирликнинг Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тартибга солиш бошқармаси (17 киши) томонидан амалга оширилади.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари (кейинчалик ўринларда – марказлар) туман (шаҳар) адлия бўлимлари тузилмаси ва бўйсунувида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма тарзида фаолият юритади ва уларга ҳисобдордирлар.

Марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  1. юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш;
  2. давлат ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш;
  3. давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
  4. давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  5. давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг лойиҳаларидаги коррупциявий омилларни бартараф этишга кўмаклашиш.

Дастлаб Наманган шаҳри (5 та штат билан 9 та), Марҳамат (4 та штат билан 7 та) ва Қарши (3 та штат билан 7 та) туманларида синов тариқасида жами 23 та давлат органи ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларига юридик хизматлар кўрсатувчи марказлар фаолияти Адлия вазирлиги тизимида йўлга қўйилиб, ўзининг ижобий самарасини кўрсатган.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб 205 та туманлар (шаҳарлар)да  умумий штатлар сони 1056 та бўлган марказлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан давлат органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари (20 тадан – 4100 га яқин ) ҳамда улардаги умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликли-никаларга юридик хизмат кўрсатиш бошланган.

2022 йил 1 августдан бошлаб босқичма-босқич Марказлар томонидан республиканинг барча туман ва шаҳарларида юридик хизмат билан таъминланмаган давлат органлари ва ташкилотларининг қуйидаги туман (шаҳар) бўлинмаларига (жами 1405 та) юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш  вазифаси юклатилган. Шунингдек 2022–2023 йилларда 10130 та давлат умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда 2023 йилда 6379 та мактабгача таълим ташкилотлари ва 1218 та кўп тармоқли марказий ва оилавий поликли-никаларига юридик хизмат кўрсатиш режа-жадвали тасдиқланган.

 

Маълумот учун. Ўтган давр мобайнида марказлар томонидан қатор ижобий натижаларга эришилди. Улардан энг муҳим 5 тасини келтирамиз.

Биринчидан, малакали ва ёш ҳуқуқшунослар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизими йўлга қўйилиб, барча йўналишлардаги мураккаб ҳуқуқий муаммоларни коллегиал тарзда ҳал қилиш имконияти яратилди.

Марказлар ташкил этилгунга қадар тумандаги давлат органларида 1 та юрист штат бирлиги мавжуд бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш ва муаммоларни коллегиал тарзда ҳал қилиш имконияти бўлмаган.

Иккинчидан, давлат органларининг 207 та ҳудуддаги 2 мингдан ортиқ бўлинмаларида бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланди, аҳоли ва органларга тезкор ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Учинчидан, юридик хизмат ходимларининг тўлиқ мустақиллиги таъминланиши орқали уларни иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолатларига барҳам берилди.

Тўртинчидан, юристларнинг иши мақбуллаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди ҳамда иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилди.

Бешинчидан, марказлар хулосаси асосида қабул қилинган бирорта ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки суд орқали бекор қилинмади.

Ижобий жиҳатлари

Биринчидан, қонунийлик амалда таъминланади.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бўйсунмайди, уларнинг таъсир доирасида бўлмайди, яъни улар тўла мустақил фаолият олиб боради. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади.

Иккинчидан, юридик хизмат кўрсатиш сифати ошади.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш орқали улар фаолиятига тааллуқли бўлмаган функция ва вазифалар олиб ташланади. Натижада юридик хизмат кўрсатиш марказлари ходимларининг ўзларига юкланган вазифаларни самарали бажариши таъминланади.

Учинчидан, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.

Марказлар фаолияти замонавий IT технологиялари билан тўлиқ таъминланади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳужжат алмашинуви ягона «E-huquqshunos» электрон тизими орқали амалга оширилади.

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИГА ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСА-ТИШНИНГ АМАЛИЙ ВА НАЗАРИЙ МУАММОЛАРИ

Биринчи муаммо. 

Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилган. 

Юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда пуллик хизматлардан келиб тушган маблағлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Ушбу норма орқали юридик хизмат кўрсатиш доираси кенгайтирилган-лигига бир томондан ижобий баҳо бериш мумкиндир, аммо пулли хизмат кўрсатиш ҳисобига қўшимча рағбатлантиришлар назарда тутилган бўлса, Марказ ходимлари диққат эътибори пулли хизмат кўрсатишга қаратилиши, давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш сифатини пасайишига сабаб бўлади.

Иккинчи муаммо. 

Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди, бундан маъмурий жавобгарлик ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчиликка мувофиқ қабул қилинадиган ҳужжатлар мустасно. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги белгиланган. 

Фуқаролик кодексида белгиланган нормаларга кўра,

Юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонунчиликка зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.

Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.

Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.

 Учинчи муаммо. 

Марказлар ҳамда Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ўртасида ўзаро ишни ташкил қилиш «E-huquqshunos» электрон тизими орқали амалга оширилади.

Зарур ҳолларда, Марказ ходими ўз фаолиятини тегишли ташкилот жойлашган бинода ҳам амалга ошириши мумкин. Бунда, ташкилот раҳбари марказ ходимига тегишли шарт-шароит яратиши лозим.

Агар ҳар бир давлат бошқаруви органини ўзига хос хусусиятлари борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, марказ ходимини кўпроқ ўзи юридик хизмат кўрсатаётган давлат бошқарув органида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. 

 

Фозилжон Отахонов 

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва 

парламент тадқиқотлари институти директори,                               

юридик фанлари доктори, профессор





«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930