Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари


2019 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси юридик хизмати ходимлари, Ҳакамлик суди судьялари, ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг юридик масалалар бўйича ўринбосарлари, сектор мудирлари Ҳакамлик судлари раислари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирокида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.

Йиғилишни Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов очиб, Палатанинг энг муҳим вазифаларидан бири унга аъзо бўлган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эканлигини таъкидлади ҳамда бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга батафсил тўхталди.

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Фозилжон Отахонов  Ҳакамлик судларининг 2019 йил 6 ойдаги фаолияти якунлари ва Ҳакамлик судлари олдида турган долзарб масалалар тўғрисида маъруза қилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси в унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган Ҳакамлик судлари томонидан муайян ишлар ишлар амалга оширилган.

Биринчидан, Ҳакамлик судлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда ЎзР ССП Ижроия қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларининг қоидалари - доимий фаолият кўрсатувчи Ҳакамлик судининг низоми ва регламенти, шунингдек ҳакамлик йиғими тўғрисидаги низомлар асосида ва коррупцияга йўл қўймаган холда  юритаётганлигини таъкидлаш лозим.

Иккинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судларининг судьялари рўйхатига 146 та юқори малакали мутахассислар киритилган бўлиб, улардан 6 таси юридик фанлари доктори, профессор, 6 таси юридик фанлари номзоди, доцент, 2 таси иқтисод фанлари номзоди, доцентдир.

Учинчидан, сўнгги йилларда Палата раҳбарияти ва Ижроия қўмитаси томонидан Ҳакамлик судлари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2019 йиллар мобайнида ЎзР ССП Ижроия қўмитаси томонидан Палата тизимидаги Ҳакамлик судлари фаолиятига оид 9 та қарор қабул қилинганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Тўртинчидан, ЎзР ССП Ижроия қўмитасининг қарори билан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, палата аъзолари ва ходимларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Палата тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни "Ҳакамлик суди" куни муносабати билан тасдиқланган режа асосида видеоконференциялар ўтказилмоқда. Унда нафақат Ҳакамлик судлари раислари ва ходимлари, балки ЎзР ССП Раисининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ҳам иштирок этаётганлиги ижобий натижа бермоқда.

Бешинчидан, Ҳакамлик судларининг раислари ва судьялари  жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 400 дан ортиқ халқаро, республика, вилоят миқёсидаги илмий-амалий анжуманларда маърузалар билан иштирок этдилар, уларнинг 35 дан ортиқ мақолалари газета ва журналларда, илмий-амалий конференциялар материаллари тўпламларида ва интернет нашрларда чоп этилди ҳамда улар 15 дан ортиқ радио эшиттиришлар, 10 дан ортиқ телекўрсатувларда иштирок этдилар. Шунингдек ҳакамлик судьялари томонидан тадбиркорлик субъектларида турли учрашувлар ташкил қилинмоқда ва уларда Ҳакамлик суди орқали низоларни ҳал қилишнинг афзалликлари тушунтирилмоқда, буклетлар манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари ва юридик хизмат ходимларига тарқатилмоқда.

Ҳакамлик судлари фаолиятини тизимли равишда мувофиқлаштириш ва кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилаётганлиги, шунингдек,  Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёзлар натижасида Ҳакамлик судларига даъво аризалари билан мурожаатлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган Ҳакамлик судлари томонидан 2007–2019 (6 ойи) йиллар мобайнида  жами 22058 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 764,5 млрд. сўм, 55,6 млн. АҚШ доллари, 195,1 минг Еврони ташкил қилган.

Мазкур Ҳакамлик судлари томонидан 2017 – 2019 йиллар (6 ойи) мобайнида жами 14077 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 375,2 млрд. сўм, 12,9 млн. АҚШ доллари, 875 минг Еврони  ташкил қилган. Бу 2007 – 2016 йиллар давомида кўрилган (7981 та) ишларга нисбатан деярли 2 баравар кўп демакдир.

2019 йилнинг 1-ярим йиллиги мобайнида Ҳакамлик судлари томонидан  4765 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 93,2 млрд. сўм, 482,7 минг АҚШ доллари ва 875 минг Еврони ташкил қилган. Бу 2018 йил 1-ярим йилида кўрилган ишлар сонига нисбатан 2384 тага кўпдир.

Айниқса, бу борада ЎзР ССП Қашқадарё (1481 та иш кўрилган – Ҳакамлик суди раиси С.Каримов), Сирдарё (738 та – Ҳакамлик суди раиси С.Расулов), Наманган (368 та – Ҳакамлик суди раиси Р.Иномов) вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари ижобий натижаларга эришганлар.

Йиғилишда Савдо-саноат палатаси тизимидаги Ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида «Ҳакамлик судлари фаолиятини мувофиқлаш кенгаши»ни тузиш ҳамда Ҳакамлик судларининг  Низоми ва Регаментини бирхиллаштириш чоралари кўриш ҳамда уни амалга ошириш мақсадида Намунавий низом ва Регламент лойиҳаларини тайёрлаш ва ССП Ижроия қўмитаси тасдиғига киритиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда иштирокчилар томонидан маъқулланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан йиғилиш қатнашчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ҳакамлик судлари фаолиятини ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида тўхталдилар ва уларни бартараф қилиш бўйича таклиф ва тавсияларини бердилар.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати 




«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930