Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Киберхавфсизлик – глобал масала

Киберхавфсизлик – глобал масала


Дунёда бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланувчилар охирги 10 йилда қарийб икки баробарга ошди. Ҳозирда сайёрамиз аҳолисининг 62.5 фоизи ёки 4.95 миллиард киши интернетдан фойдаланиб келади. Мамлакатимизда бугунги кунда интернет фойдаланувчилари сони 22 миллиондан ортган.

Статистикага кўра, ер юзида ҳар 39 сонияда киберхавфсизликка қарши ҳужум содир этилади. Баъзи ҳисоб-китобларга қараганда 2020 йилда кибержиноятлар оқибатида жаҳон иқтисодиётига 1 триллион АҚШ долларидан ортиқ зарар етказилган, 2025 йилга бориб эса бу кўрсаткич 10 триллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Кўриниб турибдики, глобал ахборотлаштириш ва компьютерлаштириш асрида рақамли технологиялар оммалашиши билан бир қаторда бу соҳада ахборот хавфсизлигига таҳдид солаётган ҳуқуқбузарликлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Кибержиноятларга қарши курашиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашда эса мукаммал қонунчилик базаси марказий ўрин тутади.

Айнан шу каби жиҳатлар бугун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция кун тартибидан ўрин олган.

Анжуманни Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори в.б. Элдор Махкамов, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти директори Мьюша Север ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан очиб беришди.

Ф.Отахонов ўзининг кириш сўзида киберхавфсизликни таъминлаш бу фақат битта мамлакат даражасидаги фаолият эмаслигига алоҳида урғу қаратиб, бу жараён халқаро ҳамжамият томонидан глобал миқёсда олиб борилиши лозимлиги, шу боис бу жабҳада ҳалқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига тўхталди.

Интернет тармоғидаги сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар уларнинг хусусияти ёки тақиқлангани ёхуд фойдаланувчининг ёши ва бошқа жиҳатларга кўра мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, улардан фойдаланишда фойдаланувчига “кўрсатувчи”, “огоҳлантирувчи” ёки “тақиқловчи” маълумот дарчаси ҳавола қилиниши интернетдан мақсадли фойдаланиш, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар ва бузғунчи ахборотлар таъсирига тушиб қолмаслик имкониятини ошириши ҳақида cўз юритди.

Шунингдек, жорий йил 25 февралда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун Сенат томонидан маъқулланиб, Президент имзолаганидан сўнг унда белгиланган нормалар мамлакатимизда киберхавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, унинг ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техник ва меъёрий-услубий таъминот тизими янада такомиллашишига замин яратишини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, рақамли технологиялар соҳасидаги ҳуқуқбузар-ликларга қарши курашиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратишда миллий парламентимиз олдида турган қуйидаги:

биринчидан, кун сайин бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг янгидан-янги усуллари ошиб бораётганидан келиб чиқиб, қонун ижодкорларида рақамли технологиялар ривожини кузатиб бориш, амалдаги қонунчиликни ва ушбу йўналишдаги жиноятларнинг янгича усулларига қарши самарадорликни мониторинг қилиш;

иккинчидан, ахборот тизимлари ва интернет тармоғида фуқароларнинг конституцуявий ҳуқуқ ва эркинликларини, шу жумладан, шахсга доир маълумотларни, хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ахборот коммуникациялари инфратузилмасини ташқи аралашувлардан муҳофаза этиш, ахборот майдонида ёлғон ва деструктив маълумотлар тарқатилишига ҳамда кибертерроризмга қарши курашиш соҳасидаги халқаро шартномаларда белгиланган нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш орқали киберхавфсизликни таъминлаш;

учинчидан, қонунчиликда ҳукумат олдига қўйилган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳукуматнинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари устидан мунтазам равишда таъсирчан парламент назоратини олиб бориш вазифаларига тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари Абдулазиз Расулев, Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Улуғбек Авилов, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Азамат Разиков, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси Беҳзод Мўминов ҳамда дастур бўйича таклиф этилган халқаро ва хорижий эксперт ва мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Халқаро конференцияда Адлия вазирлиги, Ҳуқуқий сиёсат ва тадқиқот институти, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, шунингдек қатор давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари ҳамда илмий ҳамжамият аъзолари иштирок этмоқда.

Анжуман эртага – 7 апрель куни ўз ишини давом эттиради.



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031