Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституция бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан қандай жиҳатлари билан ажралиб туради?

Конституция бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан қандай жиҳатлари билан ажралиб туради?


Конституция лотинча «constitutio» сўзидан олинган бўлиб, «тузилиш», «ўрнатиш» деган маъноларни билдиради. Конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга бўлган ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади; давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади; жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари ва эркинликлари мустаҳкамланади.

Конституция ўз моҳияти ва юридик табиатига кўра бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан қуйидаги муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради:

биринчидан, Конституция махсус субъект, яъни Ўзбекистон халқи томонидан референдум орқали ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади;

иккинчидан, конституциявий қоидалар таъсис этувчи, йўналтирувчи, бирламчи аҳамиятга эга;

учинчидан, конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кенг қамровлилиги билан тавсифланади, яъни у ниҳоятда муҳим ва кенг кўламдаги ижтимоий муносабатлар доирасига таъсир кўрсатади;

тўртинчидан, Конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга, яъни бошқа қонунлардан устунликка, олий юридик кучга, ўзига хос муҳофаза шаклига, махсус тарзда қабул қилиниш ва ўзгартирилиш тартибига эга.

КОНСТИТУЦИЯНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ

Конституция ўз мазмуни ва ижтимоий вазифасига кўра давлатнинг моҳиятини таърифловчи, унинг ташкилий тузилишини ифодаловчи, давлат сиёсатининг асосларини белгиловчи ҳужжат сифатида гавдаланади. Конституция ўз ижтимоий вазифасини бажара бориб, бир қатор ўзаро муштарак бўлган функцияларни адо этади.

Конституциянинг энг муҳим функцияларидан бири – давлатчилик ривожланишидаги ворисликни таъмин этишдир.

Сиёсий функцияси. Конституция жамият сиёсий тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди; сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти билан муносабатларини мувофиқлаштиради; сайловлар ва референдум каби бевосита демократия институтларини мустаҳкамлаш орқали жамиятда сиёсий барқарорликни, фуқаролараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва тинчликни таъминлайди; давлат юритадиган ички ва ташқи сиёсатнинг асослари ва барча муҳим йўналишларини акс эттиради.

Юридик функцияси. Конституция юридик мазмун ва моҳиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, давлатнинг Асосий қонуни сифатида бутун ҳуқуқий ва қонунчилик тизимларининг ўзагини ташкил этади, жамият ва давлат ҳаётининг, давлат органлари ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий принципларини мустаҳкамлайди. Шу сабабли жамиятдаги барча ҳуқуқий ҳаёт ва юридик амалиёт, шу жумладан, одил судлов амалиёти конституциявий қоидалар асосида шаклланади.

Тарбиявий-мафкуравий функцияси. Конституция халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Унда жамият тараққиётига туртки берувчи, муҳим маънавий омил бўлиб хизмат қилувчи ғоялар ўз ифодасини топади. Конституцияда мужассамлашган мафкура жамиятни, халқни муайян мақсадлар сари етаклайди, уларни уддалаш учун сафарбар қилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси миллий истиқлол ғояси ва мустақиллик мафкурасининг ҳуқуқий асосини ташкил этиб, халқимизнинг истиқлолга, эркинликка бўлган интилишини, миллий ахлоқий-маънавий қадриятларини акс эттирган ҳамда уларни жамият онгига, айниқса, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.

КОНСТИТУЦИЯНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

Давлат суверенитети. «Суверенитет» атамаси илк бор Францияда (XVI аср) вужудга келган. Бу атама лотинча superareitas (cupra, superios) сўзидан келиб чиққан бўлиб, аслида «энг олий», «олий ҳокимият» деган маънони англатади. Суверенитет мустақил давлатнинг умумий ва ажралмас белгиси бўлиб, унинг тўла ҳуқуқлилигини ҳамда ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда бошқа давлатга қарам эмаслигини англатади.

Ўзбекистон – суверен демократик республика. Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади. Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Конституциянинг 5-моддасида «Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга» деб кўрсатилган.

Ўзбекистоннинг давлат рамзлари 1991 йил 18 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида», 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида», 1992 йил 10 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонунлар билан тасдиқланган.

Халқ ҳокимиятчилиги. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади.

Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Халқ ҳокимиятчилиги қуйидаги шаклларда намоён бўлади:

Биринчидан. Ҳокимиятнинг бевосита амалга оширилиши деганда халқнинг сайловлар ёрдамида ҳокимият вакиллик органларини шакллантириши, мамлакат Президентини сайлаши, умумхалқ муҳокамаси ва референдумлари орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда, қарорлар ва қонунларни қабул қилишда тўғридан-тўғри қатнашиши тушунилади.

Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади.

Референдум сўзининг луғавий маъноси лотинча «маълум қилиниши лозим бўлган нарса» деганидир, яъни давлатда ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар халққа маълум қилинади ва унинг овоз бериши орқали ҳал этилади. Мамлакатимизда референдум ўтказиш тартиби 2001 йил 30 августда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Унга кўра, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлиб, фақат референдум ўтказиш йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Мамлакатимизда 1991, 1995 ва 2002 йилларда референдум ўтказилган.

Иккинчидан, Ҳокимиятнинг билвосита амалга оширилиши деганда халқнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда, қарорлар ва қонунларни қабул қилишда ўзи сайлаган вакиллари, яъни депутатлар ва сенаторлар орқали иштирок этиши тушунилади.

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.

Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Конституция ва қонуннинг устунлиги. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.

Ташқи сиёсат. Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти бўлиб, унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳиятини ҳуқуқий давлатнинг асосий талабларини акс эттирувчи қуйидаги принциплар ҳам очиб беради:

а) демократизм принципи;

б) ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи;

в) инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги принципи;

г) ижтимоий адолат принципи;

д)қонунийлик принципи;

е) фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги принципи ва бошқалар.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизнинг юқорида қайд қилинган сифат ва хусусиятлари унинг беназир нуфузи, салмоғи ва қадр-қимматидан далолат беради, у мустақилликнинг қонуний пойдевори ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

 

Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги 

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари 

институти директори, юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031