Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Адлия органларининг юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш бўйича ваколатлари

Адлия органларининг юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш бўйича ваколатлари


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

 Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

 институти директори, юридик фанлар доктори, профессор

9-МАВЗУ

Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилмоқда.

Адлия органларини «одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир» деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш улар фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида, айниқса, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш, уларнинг юридик хизматларини мувофиқлаштириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари бўйича адлия органлари ва муассасаларининг роли ва масъулиятини ошириш имконини берди .

Хусусан, адлия органларининг давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бошқарув органлари юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш, уларнинг юридик хизмат ходимларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилишда иштирок этиш, малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш ҳамда бошқа масалалар бўйича фаолиятининг ҳуқуқий асослари бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш соҳасида қуйидаги функцияларни амалга оширади: 1) юридик хизматлар фаолиятини, улар томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ишлар ҳолатини ўрганади; 2) юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи аниқланган қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларини бартараф этиш, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради; 3) юридик хизматлар ходимларини лавозимига тайинлаш ва озод қилишда иштирок этади; 4) юридик хизматларга ҳуқуқий ишларга оид кўрсатмалар беради; 5) юридик хизматлар ходимларининг малакасини оширишни ташкил қилади; 6) юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди, аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради; 7) юридик хизматлар ходимларининг ҳисобини юритади; 8) юридик хизматларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартибини, маълумотлар базасига киритиш учун маълумот тақдим этиш шакллари ва муддатларини белгилайди; 9) юридик хизматлар ходимларини лавозимига тайинлаш ва озод қилиш масаласини адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди; 10) юридик хизматлар ходимларининг адлия органларида стажировка ўташ тартибини белгилайди; 11) юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг стажировка ўташини ташкил этади; 12) юридик хизматлар фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади; 13) юридик хизматлар ходимларининг иш жойини моддий-техник жиҳатдан таъминлашга қўйилган минимал талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди .

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2017 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 250-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига: а) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари томонидан юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишининг мунтазам равишда ҳамда ҳар томонлама мониторинги олиб борилишини ва таҳлил қилинишини таъминлаш; б) зарурат бўлганда юридик хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни белгиланган тартибда киритиш; в) юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларининг юридик хизмат ходимлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан бузилиши ҳолатларини белгиланган тартибда бартараф этишга қаратилган чораларни кўриш каби вазифалар ҳам юклатилган .

Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низомда бевосита вазирлик ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги қайд қилинган: а) давлат органлари ва ташкилотларида норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқий ишлар, юридик хизматлар фаолияти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳолатини текшириш; б) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш; в) юридик хизматларни фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқланганда ҳамда адлия органларининг қонуний талаблари бажарилмаганда, айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш; г) юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш.

Унда шунингдек вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкинлиги белгиланган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5415-сонли Фармонида Адлия вазирлигига давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида, шу жумладан халқаро арбитражлар ва суд ишлари бўйича ўқиш ва малакаларини ошириш учун ривожланган давлатларнинг етакчи таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларига юбориш ҳуқуқи берилган , шунингдек  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисида»ги  Низомга кўра давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларига мартаба даражаларини бериш тартиби уларнинг эгаллаб турган лавозимини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан белгиланиши назарда тутилган. «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш Қоидалари»нинг бажарилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади .

Янги ташкил қилинган туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб жумладан давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш белгиланганлиги, бу соҳадаги ишларни туман ва шаҳарлар миқёсида амалга ошириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

Бугунги кунда Адлия вазирлигининг юридик хизматга идоралараро раҳбарлик қилиш функцияси вазирликда Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимлари томонидан амалга оширилмоқда . 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг   2018 йил 4 майдаги 134-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомга  мувофиқ Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига қуйидагилар киради: а) давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш, шунингдек уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш; б) давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларининг юридик хизмат ходимлари ва мансабдор шахслар томонидан бажарилишини назорат қилиш; в) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш ва назорат қилиш. 

Бошқарма ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун жумладан қуйидаги ҳуқуқларга эга: 1) давлат органлари ва ташкилотлардан, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларидан уларнинг ваколатига кирувчи масалалалар юзасидан ҳужжатларни, статистика ва бошқа маълумотларни, таҳлилий материалларни, хулосалар  ва бошқа ахборотларни сўраш, талаб қилиш ва олиш; 2) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш; 3) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, таълим, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлардан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулосалар олиш ҳамда кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотлар раҳбарлари билан келишган ҳолда ушбу лойиҳаларни тайёрлаш бўйича комиссиялар (ишчи гуруҳлари) ташкил этиш; 4) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлар соҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва раҳбариятга тақдим этиш; 5) давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқий ишлар аҳволини, шунингдек уларнинг юридик хизматлари фаолиятини текшириш, улардан амалга оширган ишлари тўғрисида маълумотлар тақдим этишларини талаб қилиш, кўрсатилган органларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ёки уларнинг айби билан давлатга ёки ташкилотга етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги масала билан юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиш; 6) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ушбу органларнинг норма ижодкорлиги фаолияти устидан мониторинг олиб бориш жараёнида аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисида, ишлаб чиқиш муддатини кўрсатган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида, улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ беришзарурлиги тўғрисида, қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёхуд уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритиш ; 7) юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатиш бўйича аттестация комиссиясига таклиф киритиш; 8) юридик хизмат ходимларининг мартаба даражасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш юзасидан аттестация комиссиясига таклиф киритиш; 9) вазир топшириғига асосан ҳамда иш режаларга мувофиқ ҳудудий адлия органлари фаолиятини ўз ваколатига тегишли масалалар бўйича текшириш, натижалари бўйича вазирлик раҳбариятига маълумотнома тақдим этиш. 

Юқорида баён қилинганлар шундан далолат берадики  адлия органларининг давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш соҳасидаги ваколатлари қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилиган бўлиб, улар ўз фаолиятни мазкур ваколатлар доирасида амалга оширади. 

 Адлия органларининг юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш бўйича фаолияти

 Адлия органлари давлат органлари ва ташкилотлар юридик хизматлари фаолиятини, улар томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ишлар ҳолатини ўрганиш жараёнида мазкур давлат органлари ва ташкилотларида бу соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишади, маълумотларни умумлаштиради, таҳлил қилади ҳамда ижобий тажрибасини кенг оммага етказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўради  ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беради. Бунда юридик хизмат қай тартибда йўлга қўйилганлиги; давлат органлари ва ташкилотлари таъсис ҳужжатларининг, жамоа шартномаси ва ички меҳнат тартиби қоидаларининг мавжудлиги ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги; юридик хизмат тўғрисидаги Низом талаблари қай даражада бажарилаётганлиги; юридик хизмат фаолиятини режали тартибда ташкиллаштирилганлиги, уларнинг бажарилиши, фаолият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги ва бошқа масалалар ўрганилади . 

Адлия вазирлигининг маълумотига кўра 2017 йилда адлия органлари томонидан 533 нафар давлат органлари ва ташкилотлар юридик хизматларининг фаолияти ўрганилган. Бу жараёнда 9 887 та камчилик аниқланган, камчиликлар юзасидан 694 та тақдимнома киритилган. Тақдимномалар бўйича 217 та мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан 130 таси эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган .

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги    42-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган «Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисида»ги Низомга   мувофиқ  давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимига тайинлаш ва ундан озод этишга тақдим этилган номзодларни адлия органлари билан келишиш уларнинг тавсия этилган лавозимга лаёқатини ва касбига муносиблигини аниқлаш, шунингдек юридик хизмат ходимларини ноқонуний таъсир кўрсатишдан ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади. Бунда республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланади ва озод қилинади.

Хусусан, 2017 йилда адлия органлари билан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг 610 нафар ходимини лавозимга тайинлаш ва 204 нафарини лавозимдан озод этиш учун келишилган.

Низомга кўра қуйидагилар юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этишни келишишни рад этиш учун асос бўлади: а) юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда; б) юридик хизмат ходимининг зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқмайдиган ишларни бажармаганлиги ёки уни ўзига юклатилган мажбуриятларини бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.

Мамлакатимизда юридик таълим тизимини шакллантиришда, аввало, унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва мунтазам такомиллаштиришга эътибор берилмоқда. Бугунги кунда ушбу соҳада етарлича ҳуқуқий замин яратилган бўлиб, юридик кадрларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни , Кадрлар тайёрлаш миллий дастури , шунингдек, Олий таълимнинг Давлат таълим стандартлари асосида амалга оширилмоқда.

Бу борада Адлия вазирлиги давлат органларининг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш; уларни Тошкент давлат юридик университети, Тошкент юридик коллежи, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейда тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва раҳбарлик қилиш; замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, ҳуқуқшунослар ўртасида кадрлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш каби чора-тадбирларни амалга оширади. 

Юридик хизматлар ходимлари малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилади. Юридик хизмат ходимлари малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади.  Малака ошириш муддати икки ҳафтадан кам бўлиши мумкин эмас. Юридик хизматларнинг малака оширишдан ўтган ходимларига белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон Қарори  билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юридик хизматларнинг кадрлар таркиби, ушбу хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган маълумотлар базасини марказлаштирилган тартибда шакллантириш ва юритиш йўли билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тўғрисидаги ахборотларнинг зарур даражада ҳисобга олиниши ва тизимлаштирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари эса юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини оширишнинг қарор билан тасдиқланган муддатлари ва тартибига қатъий амал қилинишини таъминлаши зарурлиги белгиланган. Мазкур Қарор билан «Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом  тасдиқлаган бўлиб, унда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби белгиланган.

Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариши юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида амалга оширилади.

Юридик хизмат ходимлари малакасини ошириш юриспруденция соҳасидаги назорат ва амалий билимларни чуқурлаштириш ва янгилаш, уларнинг касбий тайёрлигининг бажариладиган вазифалар ва функцияларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Юридик хизмат ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Юридик хизмат ходимларининг улар ишлаётган ташкилотлар томонидан аттестациядан ўтказилиши тақиқланади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг марказий аппаратлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, туманлар ва шаҳарлар ҳокимиятлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларини аттестациядан ўтказиш ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида камида беш кишидан иборат таркибда аттестация комиссиялари тузилади. Аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазирнинг тегишли ўринбосари, ҳудудий адлия органларида эса – ҳудудий адлия органи раҳбари аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади. Аттестация комиссиялари таркибига, келишувга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, илмий ва олий таълим муассасалари вакиллари киритилиши мумкин. Ҳудудий адлия органларининг аттестация комиссиялари таркибига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппаратининг тегишли бўлинмаси ходими мажбурий тартибда киритилади. Аттестация комиссияси, агар унинг мажлисида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса ваколатли ҳисобланади. Юридик хизмат ходими ишлайдиган ташкилотнинг вакили аттестация комиссияси мажлисида маслаҳат овози билан қатнашиши мумкин. Аттестация тугагандан кейин вакилнинг фикр-мулоҳазаси эшитилади. Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади. Юридик хизмат ходими  билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳаси, шу жумладан конституциявий ҳуқуқ соҳаси, фуқаролик ва меҳнат қонунчилиги асослари, шартномавий-ҳуқуқий фаолият, суд ишларини юритиш асослари бўйича суҳбат ўтказилади. 

Аттестация комиссияси юридик хизмат ходимининг билимлари ва иш тажрибасини ҳисобга олиб: а) юридик хизмат ходимини аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида; б) юридик хизмат ходимини аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Юридик хизмат ходими аттестациядан ўтмаган ташкилот мазкур ходимни такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай мурожаат қилиши мумкин. Агар юридик хизмат ходими такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такрорий аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига билдиришнома юборади. Ташкилот раҳбари билдиришнома олинган кундан кейин ўн кун мобайнида ходимни меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёхуд бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга ва кўрилган чоралар тўғрисида уч кун муддатда тегишли адлия органини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Масалан, Юридик хизмат ходимларидан 125 таси 2014 йилда, 699 таси 2015 йилда, 377 таси 2016 йилда, 527 таси 2017 йилда ўз малакаларини оширганлар. 2014 йилда 180 та, 2015 йилда 426 та, 2016 йилда 367 та, 2017 йилда 521 та юридик хизмат ходими аттестациядан ўтказилган. Демак жами штат бирликларидаги 4753 та юридик хизмат ходимларидан 1728 таси, яъни 36 фоизи малакасини оширган, 1494 таси, яъни 31 фоизи аттестациядан ўтказилган халос. «Бироқ, номзодлар орасида юридик хизмат ходими лавозимига нолойиқ бўлган номзодлар ҳам кўп учрамоқда. Жумладан, Марказий банкнинг Юридик бошқармаси бўлим бошлиғи бир неча йил давомида мазкур лавозимда ишлаб келганлигига қарамасдан аттестациядан ўтмаган деб топилган. Шунингдек, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниясининг Юридик бўлим бошлиғи лавозимига тавсия этилган 1 нафар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси юрисконсульти лавозимига тавсия этилган 3 нафар номзодлар келишувдан ўтмаган деб топилган» .  

Юқорида келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган юридик хизмат ходимларининг 64 фоизи малакасини оширмаган ва 69 фоизи аттестациядан ўтмаган ҳолда ишлаб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, туманлар ва шаҳарлар ҳокимиятлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ҳуқуқий ишлар аҳволига жиддий салбий таъсир кўрсатади. 

Фикримизча, адлия органларининг юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш борасидаги фаолиятини жонлантириш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли таъсир чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда бу борадаги назоратни кучайтириш   лозим.

Юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бу борада яхлит тизимни яратиш, юридик таълим муассасаларида ўқув адабиёти ва ўқув дастурларини нашр этиш ва таъминлаш, юридик таълим муассасаларидаги илмий ва ўқув-услубий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштиришни янада такомиллаштириш бўйича профессор-ўқитувчилар, амалиётчи ҳуқуқшунослар томонидан билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаймиз . 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари юридик хизматларнинг ходимлари ҳисобини юритади. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ва уларнинг ходимлари ҳисобга олинишини ва улар тўғрисидаги ахборотнинг тизимлаштирилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизматларнинг кадрлар таркиби, ушбу хизматлар ходимлари аттестациядан ўтиши ва малака ошириши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган юридик хизматлар маълумотлари базасини шакллантиради ва уни марказлаштирилган тартибда юритади.

Масалан, Адлия вазирлигининг маълумотига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, туманлар ва шаҳарлар ҳокимиятлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари штат бирликлари сони 2016 йилда 3362 тани ташкил қилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич – 4753 тагача кўтарилган . 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги          39-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг маълумотлари базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида»ги Низомга  кўра маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ва уларнинг ходимларини ҳисобга олиш ва улар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги ягона, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар базасини яратиш ва унинг янгилаб турилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 40-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган  «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисида»ги Низомга  мувофиқ стажировка стажёрнинг касбий билимлари, ўқув ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва шакллантириш, шунингдек ишнинг ўзига хослиги, тайинланаётган лавозими бўйича функционал вазифаларини сифатли бажариши учун илғор тажрибани эгаллаб олишини таъминлаш мақсадида ўталади. 

Юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун ¬¬- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида; ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун - тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ўталади . Стажёр стажировкадан ўтиш вақтида юридик хизмат ходимининг функционал вазифалари ва уларни бажаришда билиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, шартномавий-ҳуқуқий ва даъво ишларни юритиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиши лозим. Мисол учун 2017 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг 145 нафар юридик хизмат ходимлари адлия органларида стажировка ўтаган .

Адлия вазирлиги томонидан Юридик хизмат ходими кутубхонаси туркумида бир қатор услубий қўлланмалар тайёрланиб, давлат органлари ва ташкилотларига юборилган ҳамда вазирликнинг веб-сайтига жойлаштирилган. Хусусан, «Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбариятига юридик хизматнинг ташкилот фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таминлаш аҳволи юзасидан ҳисоботи лойиҳаси», «Меҳнат муносабатларига оид ҳужжатлардан намуналар – услубий қўлланма», «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби бўйича услубий қўлланма», «Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари юридик хизматида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш – услубий қўлланма», «Шартнома ва талабнома-даъво муносабатларига оид ҳужжатлардан намуналар – услубий қўлланма»   тайёрланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги       41-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган «Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар» белгиланганлиги уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати учун қуйидагиларни ўзида мужассам этган қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фонди яратилиши лозим: Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари; «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами» расмий нашрлари; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимидан узлуксиз фойдаланиш имконияти; ҳуқуқий нашрлар ва бошқа юридик адабиётлар (сони ва миқдори заруриятга кўра).

Мазкур талаблар билан давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг раҳбарлари юридик хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгиланган.

Юридик хизматлар ходимларининг иш жойини моддий-техник жиҳатдан таъминлашга қаратилган минимал талаблар махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланиб, бунинг учун жавобгарлик ҳам кўрсатилганлиги юридик хизмат ходимларининг фаолияти самарадорлигини оширишга ва уларга  қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишини олдини олиш хизмат қилади. Шунингдек юридик хизмат ходимларини бошқа таркибий тузилмалар ходимлари билан ўзаро муносабатларини самарали йўлга қўйиш учун имконият яратади .

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 264-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга  мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларининг мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғига асосан тузиладиган Юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш комиссияси томонидан аттестациядан ўтказилади. Мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш юридик хизмат ходимининг навбатдаги аттестациядан ўтиши деб ҳисобланмайди ҳамда аттестациядан ўтиш муддатининг узайтирилишига асос бўлмайди. Аттестация комиссиясининг фаолияти қонунийлик, одиллик, холислик, беғаразлик ва коллегиаллик принциплари асосида амалга оширилади. Мартаба даражаларига тавсия этиш ҳақидаги ҳужжатлар тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси ёки унинг ҳудудий шўъбалари томонидан кўриб чиқилади ҳамда тегишли таклифлар билан аттестация ўтказиш масаласини кўриб чиқиш учун аттестация комиссиясига тақдим этилади. Мартаба даражаларига тавсия этилган юридик хизмат ходимларининг аттестацияси тегишли ҳужжатлар аттестация комиссиясига тақдим этилган кундан бошлаб бир ой ичида ўтказилади. Аттестация комиссияси йиғилишида мартаба даражасига тавсия этиш масаласи маълумот-тавсифномада келтирилган иш фаолияти натижалари, касбий тайёргарлик даражаси инобатга олинган ҳолда юридик хизмат ходимининг иштирокисиз кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда, мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлар аттестация комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилиши мумкин. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади: а) номзодга мартаба даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида; б) номзодга мартаба даражаси бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида. Аттестация комиссияси адлия вазирига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган мартаба даражасидан юқори ёки паст мартаба даражаси бериш таклифи билан чиқиши мумкин. Аттестация комиссиясининг хулосаси мартаба даражасини бериш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига тақдим этилади. Мартаба даражаси Адлия вазирининг ташаббусига кўра берилганда аттестация ўтказилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 265-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 7-бандига  кўра давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига қуйидаги лавозимларга мувофиқ мартаба даражалари берилади: 1-даражали адлия маслаҳатчиси – юридик департамент ёки юридик бошқарма бошлиғи; 2-даражали адлия маслаҳатчиси – республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик бўлим ёки юридик бюро бошлиғи; 3-даражали адлия маслаҳатчиси – республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти, ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик бўлим ёки юридик бюро бошлиғи; 1-даражали юрист – республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи юрисконсульти, ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти; 2-даражали юрист – республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг катта юрисконсульти ва юрисконсульти, ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи юрисконсульти, туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти; 3-даражали юрист – ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг катта юрисконсульти ва юрисконсульти, туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи, катта юрисконсульти ва юрисконсульти.

Битта штат бирлигидан иборат республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бўлим бошлиғи учун белгиланган, яъни 2-даражали адлия маслаҳатчиси мартаба даражаси берилади.

Битта штат бирлигидан иборат ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти учун белгиланган, яъни 1-даражали юрист мартаба даражаси берилади.

Битта штат бирлигидан иборат туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти учун белгиланган, 2-даражали юрист мартаба даражаси берилади.

Мартаба даражаларини бериш учун давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига тавсиянома билан мурожаат қилинади (ходим Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ташаббусига кўра мартаба даражаларига тавсия этилган ҳоллар бундан мустасно). Мазкур тавсияномага ходимнинг касбий фаолияти, ишчанлик ва ахлоқий жиҳатлари акс эттирилган маълумот-тавсифнома, паспорти нусхаси, меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси (агар малака оширган бўлса), аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси (агар аттестациядан ўтган бўлса), олдинги иш ёки хизмат жойида махсус унвонлар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳужжатлар) нусхаси (агар махсус унвонлар берилган бўлса) илова қилинади. Маълумот-тавсифномада ходимнинг амалдаги мартаба даражаси (агар мавжуд бўлса), сўнгги икки йил давомидаги иш сифати ва кўрсаткичлари, қонунчиликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлари, судлардаги иштироки, хулқи, касбий-ахлоқий томонлари, меҳнат фаолияти давомидаги ютуқлари ва бошқа муҳим масалалар кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг умуммажбурий тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини юридик экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатига олиш функциясини бажаришда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўрганиш орқали мазкур идораларнинг юридик хизмати фаолиятини таҳлил қилади ва унга баҳо беради, яъни юридик хизмат фаолияти устидан  билвосита назоратни амалга оширади. Хусусан, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг талаб даражасида расмийлаштирилмаганлиги ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид эканлиги ушбу идора юридик хизмати фаолиятидаги камчиликдан далолат беради. Чунки, ҳар қандай идоравий ҳуқуқий ҳужжатни, айниқса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда юридик хизмат фаол иштирок этиши шарт. Башарти, Адлия вазирлиги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни рўйхатга олишда ундаги камчиликларни аниқласа, шундай камчиликларга йўл қўйган юридик хизмат ходимини интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тегишли идорага тақдимнома киритиши мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра,  вазирлик томонидан 2017 йилда  вазирлик ва идораларнинг 3 163 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг сони 2016 йилга нисбатан қарийб икки бараварга ошган (2016 йилда ‒ 1 737 та). Ҳуқуқий экспертиза натижасига кўра, 2 171 та (68,6%) лойиҳа юзасидан хулосалар берилиб, уларнинг 2 017 тасига (92,9%) розилик имзоси қўйилган (632 таси эътирозларсиз, 1 385 таси эътирозлар билан), 154 та лойиҳа (7%) ҳуқуқий экспертиза натижасига кўра имзоланмаган, 992 та (31,3%) лойиҳа Ҳукумат регламенти талабларига риоя этилмай киритилганлиги сабабли, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган. Шунингдек ҳудудий адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 1 144 та норматив тусдаги қарорлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган (шундан, 1 002 таси ҳоким қарорлари, 142 таси халқ депутатлари кенгашлари қарорлари). Ҳуқуқий экспертиза натижасига кўра 956 та (83,5%) қарор лойиҳасига розилик имзоси қўйилиб, 185 таси (16,1%) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга зид равишда киритилганлиги учун қайтарилган . 

Адлия вазирлиги томонидан давлат реестрига киритилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш мақсадида турли вазирлик ва идораларга 2013 йилда 289 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида – 98 та, 2014 йилда 188 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида –  72 та, 2015 йилда 218 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида – 70 та, 2016 йилда 78 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида 45 та, 2017 йилда 284 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида – 102 та тақдимнома киритилган, аммо киритилган тақдимномалар асосида қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган ҳужжатларнинг аксарияти қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилмаган. Масалан,  2013 йилда 165 та ёки 57 фоиз, 2014 йилда 141 та ёки 75 фоиз, 2015 йилда 116 та ёки 53 фоиз, 2016 йилда 39 та ёки 50 фоиз, 2017 йилда 141 та ёки 49 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш таъминланмаган . 

Бундай ҳолат мазкур вазирлик ва идоралар юридик хизмати фаолиятини етарли даражада йўлга қўйилмаганлигидан ёки уларга етарли шароит яратилмаганлигидан ёхуд юридик хизмат ходимларининг масъулиятсизлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам юридик хизматнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятига жиддий эътибор қаратиш, уни тизимли равишда йўлга қўйиш ва назоратни кучайтириш талаб қилинади.

Юридик адабиётларда адлия органлари томонидан юридик хизматга идоралараро раҳбарлик қилиш масаласига турлича қарашлар ва ёндашувлар шаклланган. Айрим олимлар адлия идоралари юридик хизматга умуман раҳбарлик қилмаслиги лозим, деб фикр билдирсалар, бошқалар бунинг аксини таъкидлайдилар. Хусусан, С.А.Савченконинг – «Россия Федерацияси Адлия вазирлигининг корхоналардаги ҳуқуқий ишларга услубий раҳбарлик қилиш функциясини тиклаш»   лозим деган фикрига К.К.Лебедев қўшилмайди. Унинг фикрича, Россия Федерацияси Адлия вазирлигига «услубий раҳбарлик» деб аталувчи функция умуман керак эмас ва бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бу фақат бюрократик қоғозбозликни кўпайтиради ва катта юрист-чиновниклар аппарати мавжудлигини оқлашга хизмат қилади, - деб таъкидлайди .

Фикримизча, ҳар икки нуқтаи назарларда ҳам ўзига хос мазмун мужассамлашган. Адлия вазирлигининг юридик хизматга идоралараро услубий раҳбарлиги керак, бироқ бу раҳбарлик маъмурий раҳбарликка, давлат органлари ва ташкилотларнинг ички ишларига аралашишга айланмаслиги лозим. Идоралараро услубий раҳбарлик деганда, бизнингча, юридик хизмат фаолиятини бошқариш, йўналтириш эмас, балки улар фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида назорат олиб бориш ҳамда конструктив тавсиялар ва таклифлар бериш назарда тутилиши лозим. Ана шундагина мазкур функция ўз самарасини бериши мумкин. 

Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган идоралараро услубий раҳбарлик бозор иқтисодиёти шароитида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари фаолиятини ҳуқуқий таъминлашда ва норматив-ҳуқуқий асосини тартибга солишда юридик хизмат ролини янада ошириш имконини яратади.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930