Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Парламентлараро ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади

Парламентлараро ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади


Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида “Минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда Шимолий Европа мамлакатлари тажрибаси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Финляндия парламенти (Эдускунта) билан ҳамкорлик парламентлараро гуруҳи аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Финляндия Эдускунти (парламенти) депутатлари, “Финляндия — Марказий Осиё” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Финляндия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда Минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалаларидан иборат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, Финляндия парламенти (Эдускунта) билан ҳамкорлик парламентлараро гуруҳи раҳбари Дилором Файзиева Ўзбекистон ва Финландия парламентларининг Минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдаги роли хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу соҳада юртимизда амалга оширилаётган ишларга эътиборни қаратди.

Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси амалга оширилишида сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ҳамкорликда қабул қилинаётган келишувлар ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ўз навбатида, Финляндия парламенти делегацияси аъзоларига бошчилиқ қилаётган “Финляндия — Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи” раҳбари К. Кильюнен юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва миллий парламентимиз ҳамда унинг ҳузуридаги Институт фаолиятини юқори баҳолаб, Финландия парламенти фаолиятида минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдаги роли хақида атрофлича сўз юритиб, бу борада Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирилишига ишонч билдирди.

Давра суҳбатида кириш сўзи билан иштирок этган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти ва унинг ҳузуридаги Институт фаолияти хусусида батафсил маълумотлар бериб, Институт ахборот-таҳлилий маълумотлар бериб бориш билан ушбу йўналишлар бўйича миллий парламентимизга Финляндия парламенти билан ўзаро самарали ҳамкорлик олиб борилишида иштирок этишини билдирди.

Тадбир давомида Финляндия Сув Форуми лойиҳаси раҳбари Арво Нерманнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Финландияда синовдан ўтган ва амалий аҳамиятга эга бўлган бир неча лойиҳалар ҳақида маърузаси тингланди ва келтириб ўтилган аниқ маълумотлар ва тажрибаларга асосан таклифлар билдирилди.

Учрашув давомида давра суҳбати иштирокчиларининг Ўзбекистон ва Финляндиянинг мазкур масаладаги амалиёти бўйича фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан парламентлараро ҳамкорлик доирасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Ботирбек Собиров,

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти бўлим бошлиғи.

www.xs.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930