Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Юридик хизматга оид долзарб муаммолар ва ечимлар

Юридик хизматга оид долзарб муаммолар ва ечимлар


Юристлар малакасини ошириш марказида ўтказилган илмий-амалий конференция айнан шу мавзуга бағишланди.
Унда марказнинг профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ҳамда илмий ҳамжамият вакиллари ва экспертлар қатнашди. 
Таъкидланганидек, юртимизда қонун ва адолат устуворлигига эришишда юридик хизмат муҳим ўринга эга. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Маълумки, давлат органлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида сўнгги йилларда ўндан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса ҳар бир ташкилотда ҳуқуқий ишларнинг бош ташкилотчиси бўлган юридик хизмат фаолиятини янада самарали ташкил этишни тақозо этади.
Юридик хизмат кўмагида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалтирилиб борилади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субектлар фаолиятида қонун устуворлиги таъминланади.
Ҳозирги кунда юртимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса, ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, бугунги кун талабига мос юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни жамиятга етказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Анжуманда қатор экспертлар ва соҳа вакилларининг маърузалари тингланди:
Хусусан, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов “Давлат органлари ва ташкилотларига профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида маъруза қилди. У ўз сўзида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари, юридик хизмат тушунчаси, моҳияти ва аҳамияти, давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатишнинг ижобий жиҳатлари, шу билан бирга, амалий ва назарий муаммолари ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.


Ф.Отахонов қайд этганидек, давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатишда қуйидаги амалий ва назарий муаммолар кўзга ташланади:
биринчи, Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилган. Юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда пуллик хизматлардан келиб тушган маблағлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Ушбу норма орқали юридик хизмат кўрсатиш доираси кенгайтирилганига ижобий баҳо бериш мумкиндир, аммо масаланинг иккинчи томони шуки, агар пуллик хизмат кўрсатиш ҳисобига қўшимча рағбатлантиришлар назарда тутилган бўлса, Марказ ходимлари диққат эътибори пуллик хизмат кўрсатишга қаратилиши табиий ва бу давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш сифатининг пасайишига сабаб бўлади;
иккинчи, Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди, бундан маъмурий жавобгарлик ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчиликка мувофиқ қабул қилинадиган ҳужжатлар мустасно. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги белгиланган.
Ваҳоланки, Фуқаролик кодексига кўра, юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонунчиликка зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.
Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.
Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади;
учинчи, Марказлар ва улар томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар ўртасида ўзаро ишни ташкил қилиш “E-huquqshunos” электрон тизими орқали амалга оширилади. Зарур ҳолларда, Марказ ходими ўз фаолиятини тегишли ташкилот жойлашган бинода ҳам амалга ошириши мумкин. Бунда ташкилот раҳбари Марказ ходимига тегишли шарт-шароитларни яратиши лозим.
Агар ҳар бир давлат бошқаруви органини ўзига хос хусусиятлари борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, марказ ходимини кўпроқ ўзи юридик хизмат кўрсатаётган давлат бошқарув органида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ.
Шу аснода анжуманда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий хизматлар бўлими бошлиғи Исломбек Жўраев, Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази директори в.в.б. Фируз Махмудов, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг Юридик бошқармаси бошлиғи Соҳибжон Машарипов, Яшнобод тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Ўктамхон Саидовалар соҳанинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларига бағишланган мавзуларда маърузалар қилишди.
Экспертлар томонидан бу каби тадбирлар давлат органлари ва ташкилотларига профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, юридик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш зарурати, юридик хизмат кўрсатиш истиқболлари ва марказлар фаолиятини такомиллаштириш масалаларини таҳлил қилиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш борасидаги саъй-ҳаракатлар самараси йўлида хизмат қилиши таъкидланди.
Илмий-амалий конференция якунида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, ҳуқуқий таълим ва тадқиқот ишларини янада ривожлантириш бўйича фойдали тавсиялар берилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930