Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Илм-фанга бахшида умр

Илм-фанга бахшида умр


Куни кеча Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Оқюлов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат юридик университетида “Фуқаролик қонунчилигини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Нуфузли анжуманда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, фахрий устозлар, профессор-ўқитувчилар, миллий ва хорижий экспертлар, О.Оқюловнинг шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Тадбирни Университет ректори вазифасини бажарувчи Исломбек Рустамбеков очиб берди.

Очилиш қисмида фахрий меҳмонлар, жумладан, Адлия вазири Акбар Ташкулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Нурдинжон Исмоилов, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов, Олий Мажлис Сенатининг Қўмита раиси Нариман Умаров  кириш сўзлари билан иштирок этиб, ўзларининг табрик сўзларини билдирдилар.

Таъкидланганидек, Устоз инсон Омонбой Оқюлов Ўзбекистон юридик фанларининг фуқаролик, бизнес, оила, интеллектуал мулк ва халқаро хусусий ҳуқуқ каби муҳим соҳалари бўйича йирик олим ва мутахассисдир.

О.Оқюлов ўзининг илмий йўналишида ўз мактабини яратган бўлиб, илмий раҳбарлиги остида 10 га яқин юридик фанлар доктори ва 40 та юридик фанлар номзоди бўйича диссертациялар муваффақиятли ҳимоя қилинган.

О.Оқюловнинг муаллифлигида 100 дан зиёд дарслик, ўқув ва ўқув-услубий қўлланма, рисола ва монографиялар, 300 га яқин илмий ва оммабоп мақолалар нашр этилган.

Олимнинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, у 2012 йилда “Шуҳрат” медали ва 2016 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони билан тақдирланган.

Анжуман давомида сўз олган юридик фанлар доктори, профессор Ҳалимбой Бобоев, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбаев, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг ўринбосари Музаффаржон Мамасиддиқов, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ва бошқа фахрий меҳмонлар О.Оқюловнинг ибратли ҳаёти, илмий ижоди, касбий ва педагогик фаолиятини тилга олишди.

Хусусан, Фозилжон Отахонов ўз сўзида О.Оқюлов собит, қатъий ва букилмас иродаси, узоқ йиллик машаққатли меҳнати, бетакрор илмий салоҳияти, катта ҳаётий тажриба ва малакаси билан мамлакатимиз тараққиёти ва Ўзбекистон илм-фани, шу жумладан фуқаролик ҳуқуқи равнақига салмоқли ҳисса қўшганини таъкидлади.

Унинг тадқиқот олиб борган илмий ишлари, қолаверса у яратган монографиялар, дарсликлар, ўқув ва амалий қўлланмалар, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар юриспруденция соҳасида назариётчи ва амалиётчиларни камолга етказишда муҳим манба бўлиб хизмат қилаётганини, олимдаги меҳр-оқибат, матонат, қаноат, бағрикенглик, ўхшаши йўқ камтаринлик, илмга, меҳнатга, оилага бўлган муҳаббат эса чинакам ибрат сифатида барчанинг диққат-эътиборини ўзига тортиб келаётганини, бир сўз билан айтганда, О.Оқюлов замонасининг ўзидаёқ кўпчилик қалбидан чуқур жой олиб, ҳаммага ибрат бўла олган ва келажак авлодлар учун табаррук сиймо даражасига эриша олган ҲАЗРАТИ ИНСОНлар сафида эканини эътироф этди.

Халқаро анжуман белгиланган сессияларда ҳамда онлайн-офлайн шаклда давом этди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930