Бугун биз устозим — Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, юридик фанлар доктори, профессор Отабой Эшонов хотирасини ҳурмат ва чуқур миннатдорлик билан ёд этамиз.
Устозимизнинг ҳаёти — илм-маърифатга садоқат, адолат ва инсонийликка бағишланган ҳаёт эди.
1990 йил 2 октябрда улуғ устозимизнинг оламдан ўтганларига 35 йил тўлди. Вақт ўтгани сайин, устозимизнинг нурли қиёфаси, илм ва инсонийликка бағишланган ҳаёти янада ёрқин намоён бўлиб бормоқда.
Устозни эсласам, кўзимга ёш келади — бу ёшлар нафақат ғамнинг, балки хазрати инсонга бўлган миннатдорлик ва муҳаббатнинг ёшларидир. Хотираларимдаги ҳар бир воқеа устозимнинг самимият ва олижанобликка тўла шахсиятини янада ёрқин акс эттиради.
Айнан шу кун устоз билан бўлган “сўнгги суҳбат”ни сизларга туҳфа қилмоқдаман.

СЎНГГИ СУҲБАТ
1990 йилнинг сентябрь охири эди. Ҳовурга тўлган Тошкент осмонида кузнинг илк шамоллари гўё кўз ёшидай пастга қараб сурилаётган баргларни етакларди. Шаҳар тинч, аммо қалбимда қандайдир номаълум бир беовоз даъват, мен билмаган, лекин ҳис этаётган охирги учрашувга чақириқ бор эди.
Шу даъватга юрак қулоқ тутиб, устозим — Отабой Эшоновичнинг хонадонларига йўл олдим.
Дарвозани ўзлари очган вақтлар ортда қолган экан. Бу гал эшикни набиралари очди — кўзларида жим, болаларга хос муҳаббат ва қандайдир эҳтиётлик билан:
— Келинг, додам сизни жуда кутдилар...
Бу сўз юрагимни титратди. Қадамларим тезлашди. Тоза супурилган, лекин сукутга чўмган ҳовли. Бир томондаги гулзордаги гуллар ҳам гўё эгилган, гўё улар ҳам бир ғамни ҳис этаётгандек.
Хонага кирдим. У ерда — поклик, тароват ва меҳр билан тўлдирилган муҳит. Ҳар нарсада беғараз ғамхўрликнинг нафаси бор эди.
Ҳар тарафда оғир беморни руҳан кўтариш учун қўйилган нозик эътибор сезиларди. Ҳатто дереза тагидаги гулдон ҳам яшил баргларини эггандек турибди.
Диванга қарасам — у ерда, оқ ёстиқлар бағрида, боши бир тарафга энгашган ҳолда, бир умр қалбимга илм машъаласини ёққан инсон ётардилар.
Менинг домлам.
Юзи рангсиз, аммо тиниқ. Танаси озган, аммо руҳи ғурурли.
Ассалому алайкум, деб қўлларини силлиқлик билан ушлаб, икки қўлим ичига олдим.
— Домла... саломатмисиз? Яратган сизга шифо берсин. Мен келдим… — дедим, бўғзимга тиқилган ёшни жиловлар эканман.
Домла қийинчилик билан қўлларини оҳиста силкидилар. Кўзларида беихтиёр табассум учқуни чақнади. Бу табассум менинг юрагимда бир умр тиласак ҳам келмайдиган розилик, ризолик ва меҳрга айланди.
— Келганингиз жуда яхши бўлди. Ўзим ҳам сизни чақиртирмоқчи эдим. Мени сизга айтадиган гапларим бор. Илтимос, диққат билан қулоқ солинг...
Озроқ сукут сақлаб, овозларидаги титроқни яширмаган ҳолда давом этдилар:
— Аввало, яна бир бор узр сўрайман сиздан, — дедилар паст, лекин титроқ овоз билан. — Сизга мураккаб мавзулар тавсия қилдим, натижада илмий ишингиз якунланмай қолди. Бунга мен сабабчи бўлдим. Мени кечиринг…
Домлам шу аҳволда, танаси озиб, нафаслари ҳар лаҳзада узилиб кетадигандек титраб ётар экан, ҳали ҳам мени ўйлаяптиларми?.. Бундай виқорли, беҳисоб илм ва ҳаётни бахшида этган инсон ўзини менинг кечиккан диссертациям учун айбдор ҳис этаётганида, менинг вужудим бир лаҳзада иккига бўлиниб кетгандек бўлди.
— Энди, — давом этдилар устоз, — илтимос қиламан, Умаргули Чориёровнинг ҳузурига боринг. У киши – ҳалол, билимдон, теран мушоҳадага эга олим. Унга менинг номимдан айтинг: “Бугундан бошлаб сиз менга илмий раҳбарлик қилар экансиз”, деб. У сизга ёрдам беради, шубҳасиз. Ва сиз ҳимоя қиласиз.
Мен овозимнинг безовта ларзасини яширишга уриндим:
— Устоз... Ҳали тузалиб кетасиз. Диссертацияни айнан сизнинг раҳбарлигингизда ҳимоя қиламан...
Бир лаҳза сукут. Аммо бу сукут мен учун айтилиши лозим бўлган сўзлардан ҳам баландроқ тингланди. У киши кўзларимга ўткир, муҳрли, такрори йўқ бир нигоҳ ташладилар.
— Йўқ, менга ваъда беринг, — дедилар қаттиқ ва шижоатли оҳангда. — Илмий ишингизни ташлаб қўйманг. Чориёровга учрашинг. Бу менинг охирги илтимосим.
Нафаслари гўё ҳар лаҳзада узилиб кетгудек, сўзлари шамолда парчаланган ҳовурдек тарқаларди. Лекин руҳлари... гўё айнан ҳозир кучга тўлган, бир умрлик юкни менга топширишга камар боғлагандек эди. Мен эса томоғимга бир нарса тиқилгандек, гапга ожиз бўлиб, юрагим парчаланиб, кўзларимдаги нам ниқобга айланиб қолди. Ва бўйнимни эгиб:
— Ваъда бераман, домла… — дедим.
Улар мени сукут билан кузатдилар. Оғир. Жим. Маҳзун.
Орқамга қайтиб, ҳовлидан чиқар эканман, шамол гўё осмоннинг ўзини йиғлатгандек, баргларни хас-ҳашакдай суриб кетарди. Гўё табиат ҳам уларнинг йўлидаги сўнмас ҳижронни ҳис этаётгандек.
Бир ҳафта ҳам ўтмади. Хабар келди...
У зот — менинг ҳаётимга нур бўлган, илмда қадамларимни шағдам ташлашга сабабчи бўлган инсон — вафот этдилар.
Қулоғимда ҳануз у овоз:
— Ваъда беринг…
Бу сўз мен учун васиятга айланди.
Мен ваъдамда турдим.
Мен домламнинг юрагида қолдирган илмий машъалани ўчирмадим. Улар айтганидек, Умаргули Чориёров ҳузурига бордим. Ва ана шу заҳматкаш олим раҳбарлигида “Ўзбекистон Республикаси вазирликлар ва идоралари юридик хизматининг муаммолари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим.1993 йилда номзодлик ва 2019 йилда докторлик илмий даражаларини, 2021 йилда эса профессорлик унвонини олдим.
Мен шу юртда, шу миллатда шундай комил инсоннинг шогирди бўлганим учун Яратгандан миннатдорман.
У киши ҳаётдан кетган бўлсалар-да, қалбимда, илмимда, садоқатимда — абадий яшайдилар.
Охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин.
Феруз Хайдархон
Мавзуга оид бошқа хабарлар