2025 йил 11 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуман «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида ўтказилди. Унда парламент ва ҳукумат аъзолари, суд органлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг конституциявий судлари ва эквивалент институтлари вакиллари, шунингдек, илмий доира ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар.
Конференциянинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов, Олий МажлисиСенати Раиси Танзила Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Олий суд Раиси Бахтиёр Исламов, Судьялар олий кенгаши Раиси Холмўмин Ёдгоров шунингдек,Туркия, Таиланд, ҚирғизистонваЕХҲТвакиллари сўзга чиқдилар.
Конференция доирасида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар Ассоциацияси раислигини Таиланд Қироллиги Конститициявий судидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Халқаро конференция учта ялпи сессия доирасида ўтказилди.
Халқаро конференциянинг биринчи ялпи сессияси “Конституция устунлиги ва Конституциявий суд” мавзусига бағишланди.
Сессияда замонавий конституционализмнинг асосий принциплари, Конституция устунлигини таъминлашда конституциявий судловнинг роли, Конституциянинг олий юридик кучи ва унинг тўғридан-тўғри амал қилиши, шунингдек, конституциявий ислоҳотлардан конституциявий барқарорлик сари интилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ялпи сессия ишида – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори Асқар Ғафуров
ваЎзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор Евгений Коленко модераторлик қилдилар.
Мазкур сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, юридик фанлар доктори, профессор, академик Акмал Саидов – “Конституциявий ислоҳотлардан конституциявий барқарорлик сари” мавзусида маъруза қилди. У Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, фуқаролар ҳуқуқларини тўғридан-тўғри кафолатлашга қаратилган янги механизмлар ҳақида атрофлича фикр билдирди. Туркия Республикаси Конституциявий суди Раиси Кадир Озкая – “Рақамлаштириш даврида конституциявий одил судловдан фойдаланиш имкониятлари ва фундаментал ҳуқуқларни ҳимоя қилиш” мавзусида маъруза қилиб, рақамли технологиялар орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва суд фаолиятида очиқликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Россия Федерацияси Конституциявий суди судьяси Владимир Сивицкий – “Россияда 2020 йилда амалга оширилган конституциявий ислоҳот ва Россия Федерацияси Конституциявий суди ваколатларининг ривожланиши” мавзусида чиқиш қилди.Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди судьяси Асан Ескендиров– “Қозоғистон Республикасининг Конституциявий суди – янгиланган конституциявий назорат органи” мавзусида сўзга чиқди. Германия Федерал Республикаси Макс Планк институти катта илмий ходими, ҳуқуқ фанлари доктори Маттиас Хартвиг –“Ҳимоячини ҳимоя қилиш: Германия Федератив Республикаси Конституциявий судини конституциявий тартибда мустаҳкамлаш – сўнгги ислоҳотлар” мавзусида маъруза қилди.

Маърузаларда конституциянинг олий юридик кучи ва унинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш механизмлари; Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги роли; конституциявий назорат тизимини мустаҳкамлаш ва суд мустақиллигини кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари; рақамлаштириш шароитида конституционализм тамойилларини ривожлантиришнинг янги йўналишлари каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро конференциянинг иккинчи ялпи сессияси “Конституциявий назорат ва конституциявий шикоят” мавзусига бағишланди.
Сессияда конституциявий назоратни амалга ошириш механизмлари, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий шикоят институтининг аҳамияти, миллий ва халқаро амалиётда конституциявий шикоятларни кўриб чиқиш тартиблари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда замонавий тенденциялар ҳақида фикрлар билдирилди.
Сессия ишини қуйидаги модераторлар олиб бордилар:Фозилжон Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори ва Маттиас Хартвиг, Германия Федерал Республикаси Макс Планк номидаги Қиёсий ва халқаро оммавий ҳуқуқ институти катта илмий ходими, ҳуқуқ фанлари доктори.

Сессияда Конституциявий суд Раисининг ўринбосариАсқар Ғафуров– “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий шикоят институти” мавзусида сўзга чиқиб,конституциявий шикоят механизмининг самарали ишлаши инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим восита эканлигини қайд этди. Таиланд Қироллиги Конституциявий суди судьяси Удом Ратамарит, “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантириш” мавзусида маъруза қилди. Озарбайжон Республикаси Конституциявий суди судьяси Отари Гваладзеўз маърузасида Озарбайжонда конституциявий назорат тизими ва фуқароларнинг тўғридан-тўғри мурожаат ҳуқуқини таъминлаш бўйича амалий тажриба ҳақида маълумот берди. Одил судлов академияси профессори, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши раиси ўринбосариФозилжон Отахонов – “Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг роли ва аҳамияти (қиёсий таҳлил)” мавзусида маъруза қилди.У ўз чиқишида Илмий-маслаҳат кенгашининг фаолияти Конституциявий суд қарорларининг илмий асосланганлиги ва ҳуқуқий барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ушбу кенгаш — суд амалиёти билан ҳуқуқий фанни боғловчи интеллектуал кўприк бўлиб, конституционализм ва ҳуқуқий маданият ривожига хизмат қилаётганини қайд этди.
Иккинчи ялпи сессия хулосаларига кўра, конституциявий шикоят институти — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий ва самарали кафолати ҳисобланади. Иштирокчилар фикрича, бу институтни мустаҳкамлаш суд мустақиллигини, фуқароларнинг давлатга ишончини ва Конституция устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, конституциявий судлар фаолиятида илмий-таҳлилий ёрдамнинг институционал тизимини ривожлантириш ва конституциявий назоратда инсон омилини кучайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Халқаро конференциянинг учинчи ялпи сессияси “Конститу-циявий одил судловни такомиллаштириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусига бағишланди.
Сессияда конституциявий одил судловни такомиллаштириш бўйича замонавий ёндашувлар, суд ишларини юритиш амалиёти, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, шунингдек, хорижий давлатлар тажрибаси ва конституциявий назоратнинг қиёсий таҳлилига бағишланган илмий маърузалар тингланди.
Сессия ишини қуйидаги модераторлар олиб бордилар:Акмал Рахманов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, юридик фанлари номзоди ва Владимир Сивицкий, Россия Федерацияси Конституциявий суди судьяси, юридик фанлар номзоди.
Модераторлар сессияни очар экан, конституциявий судловни такомиллаштиришда миллий тажриба билан халқаро амалиётни уйғунлаштириш, суд мустақиллигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Ушбу сессия давомида Беларусь Республикаси Конституциявий суди судьяси, юридик фанлар номзоди, доцентАлла Бодак – “Беларусь Республикасининг янгиланган Конституцияси: конституциявий назоратнинг ривожланиши” мавзусида маъруза қилди. У Беларусда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар натижасида суд мустақиллигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси Акмал Рахманов – “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш тизимида конституциявий одил судловни ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида сўзга чиқиб, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши, суд қарорларининг ижтимоий аҳамияти ва конституциявий қонунийликни таъминлаш механизмларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, профессор Евгений Коленко, профессор, “Ўзбекистон Республикасида конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш соҳасида прокуратура органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш” мавзусида маъруза қилди. У прокуратура органларининг конституциявий назоратни таъминлашдаги роли ҳақида сўз юритди. Индонезия Республикаси Конституциявий судининг Бош котиби Херу Сетиаван – “Индонезия Республикаси Конституциявий судида рақамли ва ҳуқуқий трансформация” мавзусида маъруза қилди. У рақамли технологияларни жорий этиш орқали суд ишларини юритишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш тажрибаси билан ўртоқлашди. Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Ихтиёр Беков –“Конституциявий одил судлов самарадорлигини ошириш: ошкоралик ва жамоатчилик иштироки” мавзусида маъруза қилди. У конституциявий суд фаолиятида очиқлик, жамоатчилик назорати ва ахборотга очиқликнинг аҳамиятини таъкидлади.
Учинчи ялпи сессия хулосаларига кўра, конституциявий одил судловни такомиллаштириш — ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий шартларидан биридир. Иштирокчилар фикрича, миллий ва хорижий тажрибани уйғунлаштириш, илмий-таҳлилий ёрдам тизимини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли трансформация орқали суд фаолиятини шаффоф ва самарали ташкил этиш конституционализмни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.
Конференция доирасида конституциявий назорат тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш, конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгашларининг ролини оширишга доир илмий таклиф ва тавсиялар билдирилди.