Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

«Гендер-ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма» тақдимоти

«Гендер-ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма» тақдимоти


Жорий 2022 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – Институт томонидан тайёрланган “Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма” тақдимотини ўтказиш.

Мазкур қўлланма Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказиш тартибига бағишланган бўлиб, тақдимот доирасида халқаро стандарт ва услубларга хамда демократик ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасига таянган ҳолда Ўзбекистон учун ишлаб чиқилган гендер-ҳуқуқий экспертизани ўтказиш услубиётидан фойдаланиш соҳа вакилларига атрофлича тушунтириш берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, USAIDнинг Ўзбекистондаги “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури вакиллари, сенатор ва депутатлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нодира Эгамбердиева, USAIDнинг Ўзбекистондаги “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури директори ўринбосари Раҳима Назаровалар кириш сўзлари билан очиб бердилар.

Кириш сўзи билан қатнашган Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова, ўз сўзида мамлакатимизда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. 

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ушбу соҳада бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, 2 та қонун, барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқ, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш бўйича стратегия ишлаб чиқилганлиги тўғрисида сўз юритди.

Такидландики, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

Қонунчиликда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган асосий восита норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ҳисобланади. Айнан шу инструмент аёллар ва эркаклар тенглигини ҳуқуқий таъминлашнинг самарали механизмига айланиши мумкин.

“Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма” тақдимоти доирасида гендер-ҳуқуқий экспертизаси орқали норматив-ҳуқуқий хужжат ёки унинг лойиҳасининг жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситиш хавфи юзага келтирувчи нормалар ва уларни оқибатларини умумий баҳолаш, энг муҳими, аниқланган, камситишларга йўл қўядиган меъёрларни бартараф этиш йўллари ва услублари намоиш этилди. 

Тадбирда сўз олган экспертлар томонидан қўлланма қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларининг гендер сезгирлигини шакллантиришда фойдали бўлиб, гендер балансига эришиш учун адолатли сиёсатни шакллантиришга ёрдам бериши таъкидлаб ўтилди.

Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида норматив ҳуқуқий ҳужжатларни гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг ҳозирги ҳолати ва такомиллаштириш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.