Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ш.Полванов. Ф.Отахонов. “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни: мазмун-моҳияти ва аҳамияти

Ш.Полванов. Ф.Отахонов. “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни: мазмун-моҳияти ва аҳамияти


Юқоридагиларни инобатга олиб, қонунни қабул қилинишининг зарурати қуйидагилар билан асосланади: биринчидан, Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш; иккинчидан, хорижий инвесторлар, шунингдек миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш; учинчидан, низоларни кўришда миллий компаниялар сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ва шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш.
Қонуннинг тузилиши ва мазмуни.
Қонун БМТнинг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссияси томонидан қабул қилинган ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланган ЮНСИТРАЛнинг Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги Намунавий қонуни асосида, шунингдек арбитраж муҳокамаси соҳасида жаҳон амалиёти ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ҳозирги кунда жаҳоннинг 84 та мамлакатида қабул қилинган 117 та қонунлар, шу жумладан, АҚШ, Канада, Сингапур, Россия, Украина, Туркманистон, Евроиттифоқ мамлакатлари қонунлари мазкур Намунавий қонун асосида қабул қилган.
Қонун 56 та моддани қамраб олган 8 та бобдан иборат бўлиб, уларда қуйидагилар: умумий қоидаларда асосий тушунчалар, Қонуннинг қўлланиш соҳаси, халқаро тижорат арбитражига ҳал этиш учун топшириладиган низолар, арбитрларнинг ва арбитраж муҳокамаси бошқа иштирокчиларининг иммунитети, арбитраж судининг мустақиллиги, суд аралашувининг чегаралари, суднинг ваколати, ёзма хабарларни олиш, эътироз билдириш ҳуқуқидан воз кечишга оид нормалар белгиланган.
Шунингдек, Қонунда арбитраж келишувининг таърифи ва шакли, арбитраж келишувининг предмети бўлган масала юзасидан судга даъво тақдим этиш ва унинг оқибатлари, арбитраж муҳокамаси тарафининг таъминлаш чораларини кўриш ҳақида арбитраж муҳокамасидан олдин ёки арбитраж муҳокамаси вақтида ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи батафсил ёритиб берилган.
Шу ўринда, арбитраж келишуви – тарафларнинг шартномавий хусусиятга эгалигидан ёки эга эмаслигидан қатъи назар, бирор-бир аниқ ҳуқуқий муносабат билан боғлиқ бўлган, улар ўртасида юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган барча ёки муайян низоларни арбитражга топшириш тўғрисидаги келишуви эканлигини қайд қилиш лозим. Арбитраж келишуви ёзма шаклда шартномадаги арбитраж шарти тарзида ёки алоҳида келишув тарзида тузилиши мумкин.
Арбитраж судининг таркиби ва юрисдикцияси масалалари Қонуннинг алоҳида бобида белгиланган бўлиб, унга кўра тарафлар ўз хоҳишига биноан арбитрлар сонини белгилашлари мумкин, аммо уларнинг сони тоқ бўлиши керак.
Ҳакамлик судидан фарқли равишда арбитраж судида агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, ҳеч бир шахс ўзининг фуқаролиги сабабли арбитр сифатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас. Аммо, арбитрни тайинлаш чоғида суд тарафларнинг келишувига мувофиқ арбитрга қўйиладиган ҳар қандай талабни ҳамда мустақил ва холис арбитрни тайинлашни таъминлаши мумкин бўлган фикрларни лозим даражада инобатга олади, якка тартибдаги арбитр ёки учинчи арбитр тайинланган тақдирда эса фуқаролиги тарафларнинг фуқаролигидан бошқа фуқароликка эга бўлган арбитрни тайинлаш мақбул эканлигини ҳам эътиборга олади.
Арбитр фақат унинг холислиги ёки мустақиллиги борасида асосли шубҳалар келтириб чиқарувчи ҳолатлар мавжуд бўлган ёки у тарафлар келишуви томонидан қўйилган талабларга мос келмаган тақдирда рад этилиши мумкин. Тараф ўзи тайинлаган ёки тайинланишида ўзи иштирок этган арбитрни рад этиш ҳақида фақат у тайинланганидан кейин ўзига маълум бўлиб қолган сабаблар бўйича арз қилиши мумкин.
Арбитр юридик жиҳатдан ёки амалда ўз вазифаларини бажара олмай қолса ёҳуд бошқа сабабларга кўра асоссиз кечикиш туфайли уларни амалга оширишга киришмаса, агар арбитр ўзини ўзи рад этса ёки тарафлар бундай тугатиш борасида келишиб олса, унинг ваколатлари тугатилади. Бундай ҳолатда қонунда белгиланган тартибда янги арбитр тайинланади.
Арбитраж судида юрисдикцияни белгилаш, яъни мазкур арбитраж суди унга тақдим қилинган даъво аризасини мазмунан кўриб чиқиб, ҳал этиш ваколати бор ёки йўқлигини аниқлаши муҳим аҳамиятга эга. Бу вазифани аниқлаш, аввало, арбитраж суди томонидан ўз юрисдикцияси тўғрисида, шу жумладан, арбитраж келишувининг мавжудлиги ёки ҳақиқийлиги борасидаги ҳар қандай эътироз бўйича ўзи қарор чиқариш орқали ёки қонунда белгиланган ҳолатлар ва тартибда тегишли давлат суди қарори билан амалга оширилади.
Қонуннинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг 4-бобида таъминлаш чоралари ва дастлабки қарорлар қабул қилишга оид нормалар белгиланганлигидир. Мазкур бобда арбитраж судининг таъминлаш чораларини кўришга доир ваколатлари, таъминлаш чораларини кўриш шартлари, дастлабки қарорларни чиқариш тўғрисидаги ариза ва дастлабки қарорларни чиқариш шартлари ҳамда унинг алоҳида режими, таъминлаш чораларини ўзгартириш, тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш, таъминотни тақдим этиш, ахборотни ошкор этиш, чиқимлар ва зарарлар, таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда уни тан олишни ёки ижрога қаратишни рад қилиш учун асослар, суднинг таъминлаш чораларини кўриш ваколатлари батафсил ёритилган.
Арбитраж муҳокамасини юритишга оид нормалар белгиланган Қонуннинг 5-бобида арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафларга нисбатан тенг муносабатда бўлиш таъминланиши ва ҳар бир тарафга ўз нуқтаи назарини баён этиш учун барча имкониятлар берилиши кераклигига урғу берилган. Шунингдек, давлат судларидан фарқли ўлароқ, тарафлар, ушбу Қонун қоидаларига риоя этиш шарти билан, арбитраж суди томонидан муҳокаманинг юритилиши тартиб-таомили тўғрисида, шу жумладан арбитраж жойи, арбитраж муҳокамасининг тили ва бошланиши каби масалаларни, ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин.
Арбитраж судига берилган ваколатлар ҳар қандай далилнинг мақбуллиги, алоқадорлиги, муҳимлиги ва аҳамиятлилигини аниқлашга доир ваколатларни ўз ичига олади.
Даъво аризаси ва даъво бўйича эътирозларга оид белгиланган нормаларга кўра тарафлар томонидан келишилган ёки арбитраж суди томонидан белгиланган муддат мобайнида даъвогар ўзининг даъво талабини тасдиқловчи ҳолатлар ҳақида, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва ўз даъво талабларининг мазмуни тўғрисида арз қилиши керак, жавобгар эса, агар тарафлар бундай аризаларнинг зарур қисмлари борасида бошқача шартлашмаган бўлса, ушбу масалалар бўйича ўз эътирозларини билдириши керак.
Арбитраж суди даъво аризасини кўриб чиқишни икки хил усулда амалга ошириши мумкин: биринчиси, тарафлар ёки уларнинг вакиллари иштирокида суд мажлисида оғзаки эшитув ёки оғзаки музокаралар ўтказиш, иккинчиси, суд мажлиси ўтказмасдан тарафлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар ва бошқа материаллар асосида қарор қабул қилиш орқали. Бироқ, агар тарафлар оғзаки эшитувни ўтказмаслик тўғрисида келишиб олмаган бўлса, арбитраж суди исталган тарафнинг илтимосига кўра, бундай эшитувни муҳокаманинг тегишли босқичида ўтказиши керак.
Арбитраж судига ҳужжатларни тақдим этмаслик ёки тарафларнинг келмаслигининг ҳуқуқий оқибатлари Қонунда аниқ белгиланган бўлиб, унга кўра, узрли сабаб кўрсатилмаган ҳолда: 1) даъвогар ўзининг даъво аризасини тақдим этмаган тақдирда, арбитраж суди муҳокамани тугатади; 2) жавобгар даъво бўйича ўз эътирозларини тақдим этмаган тақдирда, арбитраж суди эътирозлар тақдим этилмаганлиги фактига даъвогар фикрларининг тан олиниши сифатида қарамай, муҳокамани давом эттиради; 3) исталган тараф эшитувга келмаганда ёки ҳужжатли далилларни тақдим этмаганда, арбитраж суди муҳокамани давом эттириши ва ўзида мавжуд бўлган далиллар асосида ҳал қилув қарорини чиқариши мумкин.
Арбитраж судининг яна бир ўзига хос жиҳатларидан бири низонинг моҳиятига нисбатан қўлланиладиган нормаларва уларни тарафлар томонидан мустақил танлаш ҳуқуқининг мавжудлигидир.
Арбитраж суди низони тарафлар низонинг моҳиятига нисбатан қўлланилиши учун танлаган ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этади, яъни тарафларнинг хоҳиши арбитраж суди учун мажбурий ҳисобланади.
Агар бошқача қоида кўрсатилмаган бўлса, бирор-бир давлатнинг ҳар қандай ҳуқуқи ёки ҳуқуқ тизими кўрсатилганлиги унинг бир-бирига зид нормаларига эмас, балки ушбу давлатнинг моддий ҳуқуқига бевосита ҳавола қилувчи сифатида талқин қилиниши керак.
Арбитраж суди ҳал қилув қарорини адолатлилик бўйича ёки «дўстона воситачи» сифатида фақат тарафлар унга тўғридан-тўғри ваколат берган тақдирдагина қабул қилади. Барча ҳолларда арбитраж суди ҳал қилув қарорини шартнома шартларига мувофиқ ва мазкур битимга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган савдо урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилади.
Бир нафардан ортиқ арбитр томонидан арбитраж муҳокамасини ўтказишда, агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, арбитраж судининг ҳар қандай ҳал қилув қарори арбитраж суди барча аъзоларининг кўпчилик овози билан чиқарилади.
Арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафлар низони келишув битими тузиш орқали ҳам ҳал қилишлари мумкин. Бундай ҳолларда арбитраж суди муҳокамани тугатади ва тарафларнинг илтимосига кўра, агар ўзининг эътирозлари мавжуд бўлмаса, тарафлар келишган шартлар асосида арбитраж ҳал қилув қарорини қабул қилади. Бундай арбитраж ҳал қилув қарори низонинг моҳиятига кўра ҳар қандай бошқа арбитражнинг ҳал қилув қарори каби кучга эга бўлади ва ўша қарор каби ижро этилиши лозим.
Қонундаарбитраж ҳал қилув қарорининг шакли ва мазмунига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, у ёзма шаклда чиқарилиши ва якка тартибдаги арбитр томонидан ёки арбитрлар томонидан имзоланиши керак. Бироқ, бир нафардан ортиқ арбитр томонидан ўтказиладиган арбитраж муҳокамасида, башарти бошқа имзоларнинг мавжуд эмаслиги сабаблари кўрсатилса, арбитраж суди барча аъзоларининг кўпчилик имзолари мавжуд бўлиши етарлидир. Масалан, арбитраж муҳокамасида уч нафар арбитр иштирок этган, аммо ҳал қилув қарорини икки нафар арбитр имзолаган, учинчи арбитр томонидан имзоланмаган ва унинг сабаби ҳал қилув қарорида кўрсатилган бўлса, бундай ҳал қилув қарори давлат судлари ҳал қилув қарорларидан фарқли равишда қонуний кучга эга бўлади.
Қоида тариқасида, арбитражнинг ҳал қилув қарорида у нималарга асосланганлигининг сабаблари кўрсатилиши керак, бундан тарафлар сабаблар кўрсатилиши керак эмаслигига келишиб олган ёки арбитраж ҳал қилув қарори келишилган шартлар асосидаги қарор деб ҳисобланган ҳоллар мустасно.
Арбитраж муҳокамаси якуний арбитраж ҳал қилув қарори чиқарилганда ёки қуйидаги ҳолларда арбитраж муҳокамасини тугатиш тўғрисидақарор чиқарилганда тугатилади: 1) даъвогар ўз даъвосини чақириб олса, агар жавобгар муҳокама тугатилишига қарши эътирозлар билдирмаса ва арбитраж суди жавобгарнинг низо узил-кесил ҳал қилинишидан қонуний манфаатдорлигини тан олмаса; 2) тарафлар муҳокамани тугатиш тўғрисида келишиб олса; 3) арбитраж суди бирор-бир бошқа сабабга кўра муҳокамани давом эттиришни зарур эмас ёки имконсиз деб топса.
Шунингдек, Қонунда арбитражнинг ҳал қилув қарорини тузатиш ва шарҳлаш, арбитражнинг қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш шартлари, тартиби ва муддатлари ҳам белгиланган.
Халқаро ҳуқуқ нормалари ва аксарият хорижий давлатлар, шу жумладан, Аргентина, Буюк Британия, Германия, Канада, Россия, Сингапур, Хитой каби мамлакатлар қонунларида белгиланганидек, мазкур Қонунда ҳам арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризаунинг устидан шикоят қилишнинг ягона воситаси сифатида эътироф этилган.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга (иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга) шикоят қилиш илтимоснома киритиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори суд томонидан қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар бекор қилиш тўғрисида ариза берган тараф қуйидагиларнинг далилини тақдим этса: а) арбитраж келишувининг тарафларидан бири қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз эканлигини; ёки ушбу келишувнинг тарафлар уни қайси қонун ҳужжатларига бўйсундирган бўлса, ўша қонун ҳужжатлари бўйича, бундай қонун ҳужжати мавжуд бўлмаганда эса Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бўйича ҳақиқий эмаслигини; б) тараф арбитр тайинланганлиги ҳақида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришини тақдим эта олмаганлигини; в) арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитражда ҳал қилиниши назарда тутилмаган ёки арбитражга мурожаат қилиш шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёҳуд унда арбитраж келишувини қўллаш доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича қарор мавжудлиги, башарти арбитражда кўрилиши лозим бўлган масалалар бўйича қарорни арбитражга тегишли бўлмаган масалалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, у ҳолда арбитраж ҳал қилув қарорининг арбитражга тегишли бўлмаган масалалар бўйича қарори мавжуд бўлган қисмигина бекор қилиниши мумкин бўлса; г) арбитраж судининг таркиби ёки арбитраж тартиб-таомили тарафларнинг келишувига мувофиқ эмаслиги, агар фақат бундай келишув Қонуннинг тарафлар чекиниши мумкин бўлмаган ҳар қандай қоидасига зид бўлмаса ёки бундай келишув мавжуд бўлмаса, Қонунга мувофиқ эмаслигини.
Шунингдек, агар суд: а) низо предмети Ўзбекистон Республи-касининг қонун ҳужжатларига кўра арбитраж муҳокамасига тегишли эмаслигини; б) арбитражнинг ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республи-касининг оммавий тартибига зид эканлигини аниқласа ҳам тарафларнинг илтимосномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар арбитраж-нинг ҳал қилув қарори бекор қилиниши мумкин.
Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш чоғида суд ҳал қилув қарорини моҳияти бўйича қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш. Арбитражнинг ҳал қилув қарори тегишли тараф томонидан ихтиёрий ижро қилинади ёки “Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида”ги Нью-Йорк Конвенциясига (1958 й.) мувофиқ, у қайси мамлакатда чиқарилганидан қатъи назар, ундирувчи томонидан ваколатли судга ёзма илтимоснома берилган тақдирда арбитражнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратиш мумкин.
Хусусан, агар ҳал қилув қарори чет давлат арбитражи томонидан қабул қилинган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 33-бобида белгиланган қоидаларга риоя қилинган ҳолда тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин. Ўзбекистонда фаолият юритадиган халқаро арбитраж судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш учун эса ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорлари бўйича ижро варақаси олиш тартиби тадбиқ этилади.
Мазкур Қонуннинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири унда арбитражнинг махфийлигига оид норма алоҳида моддада белгиланганлигидир. Унга кўра, агар тарафлар бошқача келишиб олмаган бўлса, арбитраж муҳокамаси учун тайёрланган ҳамда ушбу муҳокама жараёнида тайёрланган барча ҳужжатлар махфий хусусиятга эга бўлади.
Кутилаётган натижалар.
Мазкур Қонуннинг қабул қилинганлиги қуйидагиларга: биринчидан, Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланувчи ва оммавий аҳамиятга эга бўлган функцияни амалга оширувчи фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлан-тиришга; иккинчидан, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга; учинчидан, ташқи савдо ҳамда бошқа ташқи иқтисодий фаолият турларини амалга оширишда шартномавий ва бошқа фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низолар, корпоратив тусдаги низолар, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни кўришда тарафларнинг вақти ва харажатларини қисқартиришни таъминлашга; тўртинчидан, халқаро тижорат арбитражи соҳасида етук мутахассисларни, шу жумладан, иқтидорли ёшларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни жаҳон андозаларига мос равишда олиб боришга хизмат қилади.


ШухратПОЛВАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,
 
Фозилжон ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930