Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда  суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури доирасида  2019 йил  24 июлда Самарқанд шаҳрида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилади.  

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ва унинг Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судьялари, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, адлия бошқармаси, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судлари, туманлараро судлар масъул ходимлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда “Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш босқичлари”, “Хорижий давлатларда медиация: ҳуқуқий асослари ва амалиёт”, Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларида иш юритиш тартиби” мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва  мазкур соҳанинг тажрибали  мутахассис ҳуқуқшунослари маърузалар қилдилар.

Илмий-амалий семинарда таъкидланганидек мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йўл қўймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми такомиллашиб бормоқда.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда низоларни муқобил усуллар орқали ҳал этишга катта  эътибор берилмоқда. Низоларни муқобил ҳал қилиш усулларига хусусан қуйидагилар киради:   музокара; талабнома, медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро тижорат арбитражи. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси,  юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов ўз маърузасида низоларнинг муқобил ҳал қилиш усулларининг ҳуқуқий асослари яратилганлиги, жумладан ҳакамлик судлари ва медиация тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинганлигини таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг  “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунида ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари,  уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, мазкур судлар томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битими шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ва уни ижро этишга оид нормалар белгиланганлигини қайд қилди.

“Медиация тўғрисида”ги Қонунда: медиациянинг мақсади, асосий принциплари, медиаторларга қўйиладиган талаблар, медиаторларнинг ва медация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиаторлар реестрини юритиш тартиби, медиация тўғрисида келишув, медиация жараёни, медиация натижасига низони ҳал қилинганлиги тўғрисидаги келишувга оид нормалар мустаҳкамланганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Низоларни нафақат давлат судлари (фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар), балки  ҳакамлик судлари воситасида ҳал қилиш кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бунга сабаб ҳакамлик судларида низоларни кўришнинг қуйидаги афзаллик жиҳатларидир: тарафларда судьяни мустақил танлаш имконияти мавжудлиги;  низолар битта инстанцияда ҳал этилиши; иш кўриш қисқа муддатларда амалга оширилиши; ҳакамлик суди харажатлари низоларни иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриш ва ҳал этиш учун кетадиган суд харажатларидан камлиги;  ҳакамлик суди муҳокамаси махфий ва ошкор қилиниши мумкин эмаслиги; ҳакамлик муҳокамаси тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, Рустам Шаймардонов семинар иштирокчиларини эътиборини ҳакамлик муҳокамасининг юқоридаги афзалликларига қаратган ҳолда Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судлари томонидан 2007–2019 йиллар мобайнида  жами 22058 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 764,5 млрд. сўм, 55,6 млн. АҚШ доллари, 195,1 минг Еврони ташкил қилганлигини таъкидлади.

Семинар иштирокчилари ва маърузачилар томонидан  Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилишнинг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, музокаралар ўтказиш ва талабномалар юбориш орқали низоларни ҳал қилиш амалиётини кенгайтириш, медиация марказларини ташкил қилиш, медиаторларни тайёрлаш бўйича ташкилий тадбирларни жадаллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлар  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни кўриб чиқиш бўйича ҳакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  ҳал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати 




«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930