Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги (TIKA) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Институтнинг директори Ф.Отахонов ҳамда Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шуъбаси масъул ходимлари, TIKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ж.Туней ва ёрдамчиси Ф.Абдуллоев иштирок этди.

Даставвал Ф.Отахонов юртимиздаги конституциявий ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб, шу жумладан Институт ходимларининг мазкур жараёндаги иштироки борасида маълумот бериб ўтди.

“Парламентнинг яқин келажакдаги қонун ижодкорлиги концепцияси” мавзусида халқаро конференция ташкил этиш ва уларга туркиялик экспертларни жалб қилиш, Институт ходимларининг Туркия Буюк Миллат Мажлиси тадқиқот марказида малака оширишлари учун стажировкалар ташкил этиш, тўпламлар чоп этиш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш таклифлари илгари сурилди.

Ж.Туней дўстлик гуруҳлари ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси томонидан тадқиқот марказларига янги имкониятлар яратилаётгани ҳақида сўз юритиб, ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда TIKA Институт билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканлигини қайд этди ва Институтнинг Туркия Буюк Миллат Мажлиси тадқиқот маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Муҳокамалар асносида, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар моҳияти ва аҳамиятини етказиш мақсадида Конституциявий комиссия аъзоларидан ва Институт илмий ходимларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Туркияга расмий ташрифи ҳамда фаолиятга доир соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди. 

Якунида, Институт ва TIKA ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди.



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031