Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


2022 ЙИЛДА РАСМИЙ САНАЛАРНИ НИШОНЛАШ ДАВРИДА ҚЎШИМЧА ИШЛАНМАЙДИГАН КУНЛАРНИ БЕЛГИЛАШ ВА ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИНИ КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДА
 
2022 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
 
1. 2022 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:
а) барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 3 январь — душанба, 22 март — сешанба, 23 март — чоршанба, 3 май — сешанба, 11 июль — душанба, 2 сентябрь — жума;
б) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 4 январь — сешанба, 4 май — чоршанба, 12 июль — сешанба, 3 сентябрь — шанба ва 31 декабрь — шанба.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги ПФ-131-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2022 й., 06/22/131/0374-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
 
2. 2022 йилда беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари қуйидаги тартибда кўчирилсин:
8 январь — шанба кунидан 4 январь — сешанба кунига;
7 май — шанба кунидан 4 май — чоршанба кунига;
16 июль — шанба кунидан 12 июль — сешанба кунига.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги ПФ-131-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2022 й., 06/22/131/0374-сон)
3. Белгилаб қўйилсинки:
бюджет ташкилотларида ушбу Фармоннинг 1-банди «а» кичик бандида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини беш иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади;
ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга ушбу Фармоннинг 1-банди «а» кичик бандида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилади;
ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак;
бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ қўшимча дам олиш куни меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, жамоа шартномалари ёки иш берувчилар томонидан касаба уюшмаси қўмиталари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.
4. Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:
Туризм ва спорт вазирлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос ва спорт объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкиллаштирсин;
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилсин;
«Uzbekistan Airways» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига:
меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;
узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.
7. 2022 йил 1 январдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги ПФ-6122-сон ҳамда 2021 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги ПФ-6122-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ПФ-6222-сон фармонлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур Фармон 2023 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ


www.lex.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930