Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Мириной Мирзаахмедович Файзиевнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси ёшлар учун ибрат мактаби

Мириной Мирзаахмедович Файзиевнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси  ёшлар учун ибрат мактаби


Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги доирасида “Мириной Мирзаахмедович Файзиевнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида фаолият юритаётган олимлар, Конституциявий суди, Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар мактаби ҳамда юридик ихтисослик бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, бугунги кунда илмий тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Шундан сўнг конференцияда Жўрабой Тошқулов – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор “Мириной Файзиевнинг илмий мероси”, Ниғмонжон Азизов – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор - “Устоз ва олим Мириной Файзиевнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти”, Мавлюда Ахмедшаева – Тошкент давлат университети профессори, юридик фанлар доктори, - “Мириной Файзиевнинг давлат ва ҳуқуқ назарияси фанини ривожига қўшган ҳиссаси”,  Рахима Юсувалиева - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори в.б., юридик фанлар номзоди, доцент -“Мириной Файзиевнинг Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг илмий салоҳияти юксалишига қўшган ҳиссаси” мавзуларидаги маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди.

Маърузаларда устоз Мириной Файзиев ҳуқуқшуносликнинг давлат ва ҳуқуқ назарияси, давлат ва ҳуқуқ тарихи, конституциявий ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшнослик йўналишларида ижод қилганлиги, Ўзбекистон мустақиллигини ҳуқуқий таъминлашда, ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришда муҳим бўлган ғояларни илгари сурганлиги, шунингдек  устоз қарийб 50 йил мобайнида илмий тадқиқот ва педагогик фаолият билан шуғулланиб, 500 га яқин илмий ишлар нашр эттиргани, 30 дан ортиқ олий малакали илмий педагогик кадрларни тайёрлашда муносиб ҳисса қўшганлиги таъкидланди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Маъмурий ҳуқуқ” кафедраси мудири Ботир Самарходжаев  иштирок этди, шунингдек Судьялар олий мактаби профессори Фозилжон Отахонов сўзга чиқиб, профессор Мириной Файзиев тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашди, хусусан устоз уни номзодлик диссертациясини синчковлик билан ўқиб чиқиб, ижобий баҳо берганлиги, ҳаммуаллифликда ёзилган ва нашр қилинган “Конституционно - правовая   ответственность” ва “Конституциявий – ҳуқуқий жавобгарлик масалалари” рисолалари ҳамда устознинг камтарлиги, дилкашлиги, ҳаётдан завқланиб яшаш хусусиятлари барчага ибрат мактаб бўлганлигини таъкидлади.

Конференция давомида профессор Мириной Файзиев билан бирга ишлаган, сабоқ олган олимлари, илмий тадқиқотчилар ва яқинлари ўз хотираларини сўзлаб бердилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан нашр қилинган янги юридик адабиётлар: “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”,  “Ислом суд ҳуқуқи: ўтмишда ва ҳозирги даврда”, “Ислом давлати ҳуқуқи”, “Международное право (Библиография 1885-2023 гг.)”, “Юридик атамаларнинг изоҳли луғати” тақдимоти бўлди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930